Карвонсарой
Иқтисодиёт

Чегара шаҳар ва савдо-сотиқ маркази борасидаги режалар Қозоқ-Ўзбек ҳамкорлиги доирасидаги энг сўнгги ўзгаришлардан дарак беради

Муаллиф: Айдар Ашимов

Тошкентдаги тураржой мажмуасининг қурилиш жараёни, 7 март. Ўзбекистонда 2020-2025 йиллар оралиғида бир қанча йўлдош шаҳарларни барпо этиш дастури амалга оширилмоқда. [Айдар Ашимов]

Тошкентдаги тураржой мажмуасининг қурилиш жараёни, 7 март. Ўзбекистонда 2020-2025 йиллар оралиғида бир қанча йўлдош шаҳарларни барпо этиш дастури амалга оширилмоқда. [Айдар Ашимов]

НУР-СУЛТОН -- Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида саноат зонасига эга чегара шаҳар барпо этилмоқда, бу вақтда эса Ўзбек ва қозоқ расмийлари икки мамлакатни бирлаштириб турувчи қўшма савдо-сотиқ маркази устида биргаликда иш олиб боряпти.

Мазкур ҳаракатлар Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга икки давлатнинг ўзаро алоқалари Ўзбекистоннинг ислоҳотчи Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йили ҳокимият тепасига келганидан буён яхшиланиб бораётганидан далолат беради. Давлатлар ҳозирда савдо, хавфсизлик ва бошқа соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик ўрнатган.

Ўзбекистон чегарасидаги мазкур шаҳарда келгусида 150 000 нафар аҳоли истиқомат қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизматига кўра, шаҳарда ташкил этиладиган корхоналарда камида 60 000 та янги иш ўрини яратилади.

Шаҳар ва иқтисодий зона Қозоғистон чегараси яқиндаги 493 гектар ҳудудда жойлашади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев (ўртада) 29 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида барпо этилаётган тураржой мажмуасига ташриф буюрди. [Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, Twitter]

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев (ўртада) 29 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида барпо этилаётган тураржой мажмуасига ташриф буюрди. [Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати, Twitter]

Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда тез орада яқинлашиб келаётган қурилиш ишларининг харажатлар сметасини ишлаб чиқади ҳамда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳасини ишлаб чиқади.

Янги шаҳар боғлар, пиёдалар ҳудудлари, велосипед йўлакларига ҳамда 5000 иш ўрнини яратувчи савдо марказларига эга бўлади, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Ҳозирда Ўзбекистонда 2020-2025 йилларда бир қанча йўлдош шаҳарларни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда.

Мазкур дастурга мувофиқ, шаҳарлар яқинидаги 10 та йирик аҳоли пунктларига йўлдош шаҳар мақоми берилиб, уларнинг инфратузилмаси ривожлантирилади.

Ҳамкорлик истиқболлари

Шу билан бир вақтда, нур-султонлик иқтисодчи Мусабек Утеповнинг айтишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашувчи Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказнинг қурилиш ишлари бошланиш арафасида.

«Марказ Ипак Йўли ва Ғишт Кўприк чегара-божхона постлари яқинида қурилади...Ҳозирда улар [икки давлат ҳукуматлари] инвесторларни жалб этиш ва бўлажак қурилишга доир техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда», — деди у.

Шунингдек, у мазкур ҳудудга инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзларига эга эркин иқтисодий зона мақомини бериш борасида музокаралар олиб борилаётганини қайд этди.

“Тошкент яқинида [Ўзбек] йўлдош шаҳри ва саноат зонасининг бунёд этилиши ҳамда бўлажак Халқаро марказ томонидан олиб бориладиган ишлар Қозоқ-Ўзбек савдо ва иқтисодий алоқаларига синергетик таъсир ўтказиши мумкин ” — деди Утепов.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми 2018 йилда 2,5 миллиард АҚШ долларини, 2019 йилда эса 2,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Мазкур кўрсаткич тез орада йилига 5 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг 2019 йил апрель ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки мамлакат расмийлари бир қатор иқтисодий ва ҳарбий битимларни имзолаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500