Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Эроннинг этник озчиликларга нисбатан босими давом этмоқда: мамлакатда туркман тилидаги газета ёпилди

Жумагули Аннаев

2013 йилнинг 22 сентябр куни Теҳронда ҳар йилги ҳарбий парад чоғида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва ҳарбий амалдорлар олдидан ўтаётган Босиж сафарбарлик кучларининг этник туркманлари. [Атта Кенаре/AFP]

2013 йилнинг 22 сентябр куни Теҳронда ҳар йилги ҳарбий парад чоғида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва ҳарбий амалдорлар олдидан ўтаётган Босиж сафарбарлик кучларининг этник туркманлари. [Атта Кенаре/AFP]

АШХОБОД – Эронда туркман тилида чиқадиган газетанинг ёпилиши Теҳроннинг бу мамлакатда яшовчи туркманлар ва бошқа этник гуруҳларга нисбатан босимидан далолатдир, дейди таҳлилчилар.

Эронда 22 йил давомида нашр этилган «Саҳро» газетасининг лицензияси Эрон ҳукумати томонидан бекор қилинган, деб хабар берди Озод Европа/Озодлик радиосининг туркман хизмати 6 сентябр куни.

Расмий маълумотларга кўра, нашр лицензиясининг бекор қилинишига газета асосчиларидан бирининг мамлакатдан қочиб кетгани сабаб бўлган. Бу ҳақда фаолияти тўхтаган нашр ходимларидан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликнинг туркман хизматига маълум қилган.

Эронлик туркман олими Оғажуманинг айтишича, Ашхободдаги кўплаб ҳамкасблари сингари у ҳам газетанинг ёпилганидан ғазабда.

Эронлик туркман аёли Солиҳа Гулистон вилоятидаги Тамер Гаре Гузи қишлоғидаги уйида ифторликка тайёрланмоқда, 2004 йилнинг октябр ойи. Эрондаги туркман этник озчилиги мўғуллар босқини пайтида миллий ўзлигини сақлаб қолган Марказий Осиё туркларига бориб тақалади. [Henghamen Fahimi/AFP]

Эронлик туркман аёли Солиҳа Гулистон вилоятидаги Тамер Гаре Гузи қишлоғидаги уйида ифторликка тайёрланмоқда, 2004 йилнинг октябр ойи. Эрондаги туркман этник озчилиги мўғуллар босқини пайтида миллий ўзлигини сақлаб қолган Марказий Осиё туркларига бориб тақалади. [Henghamen Fahimi/AFP]

«Бу – аблаҳлик. Назаримда, бу Эрон ҳукуматининг асрлар давомида Гулистон вилоятида яшаб келган этник туркманларни ўз она тилига бўлган ҳуқуқидан маҳрум қилишга уринишидир», деди Оғажума.

Эроннинг Туркманистон билан чегарадош Гулистон ва Шимолий Хуросон вилоятларида кўп асрлик туркман диаспораси яшайди.

18-асрда яшаган туркман шоири Махтумқули Фироғий ва унинг отаси, тасаввуф олими Давлатмуҳаммад Озодий Гулистонда дафн этилган ва уларнинг қабрлари бутун дунё туркманлари учун зиёратгоҳга айланган.

Миллий ўзликни йўқотиш

Сўнгги йилларда Эрон режими этник туркманлар ва бошқа этник озчиликларга нисбатан геноцидни эслатиб юборадиган сиёсат олиб бормоқда, деди Оғажума.

Ҳақиқатан ҳам, турли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Эрон режимини туркманлар сингари на форс ва на шиа бўлган озчиликларга нисбатан зулмини қоралаганлар.

Режим «диний озчиликларни, жумладан сунний мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқини чекламоқда», дейилади Human Rights Watch ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботида.

«Давлат мактабларида болаларга форс тилидан бошқа тилларда ўқиш ёки сўзлашиш тақиқланади», дейилади 2019 йилда Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти томонидан ўтказилган тадқиқотда.

«Оятуллоҳлар режими аллақачон ҳаётнинг кўп соҳаларида туркманларнинг ҳуқуқини чеклаб бўлган, энди эса уларни тилга нисбатан ҳуқуқларидан ҳам маҳрум қилмоқда. Туркманларни миллати сифатида жисмонан йўқ қилиш қолди, холос», дейди Оғажума.

Оғажуманинг айтишича, Эрон ҳукумати атайин этник озчиликларнинг миллий ўзлигини йўқ қилишга уринаётгани тўғрисида ишончли маълумотлар бор.

«Мен туркманистонлик ижодкорлар делегацияси билан Эронда бўлдим. Махтумқули ва Озодийнинг Гулистондаги қабрларини зиёрат қилдим ва маҳаллий туркманлар билан кўп бор суҳбатлашдим. Уларнинг менга пичирлаб айтганларига ишониш қийин эди, аммо кейинчалик айтилган сўзлар ҳақиқат бўлиб чиқди», деди Оғажума.

«Эрондаги қардошларимиз ҳаёти Совет Иттифоқининг 1930-йиллардаги оммавий таъқиблар даврига ўхшаб кетади», дейди у Эронда ҳуқуқ-тартибот органлари тунда фуқароларнинг уйларига бостириб кириб, уларни номаълум жойга олиб кетишини айтар экан.

«Эрон хавфсизлик кучлари, айниқса, туркман диаспораси етакчилари ва фаолларига нисбатан шафқатсиз», деди Оғажума.

Эрондаги «Саҳро» нашри ҳам сиёсий сабаблар билан ёпилди, деди Оғажума.

«Мен «Саҳро» газетасини қўлимга олиб, уни қизиқиш билан ўқиганман. Бу ўнлаб йиллар давомида сиёсий ва инсоний ҳуқуқлари учун курашишга интилаётган барча эронлик туркманларнинг овози эди», дейди Оғажума.

Нашр туркман мумтоз адабиёти, туркманлар тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари, аждодлар ватанига оид янгиликларга бағишланган батафсил мақолалар билан бир қаторда, барча эронлик туркманларни қизиқтирган масалаларни ёритар ва уларнинг марказий ҳукуматга нисбатан талабларини баён қилар эди.

«Аммо бу руҳонийлар ва ҳукумат расмийларга маъқул келмади», деди Оғажума.

Туркман тарихчиси Юсуф Оғаниёзовнинг (фамилияси хавфсизлик важидан ўзгартирилган) фикрича, газетага қарши бу ҳаракат Теҳрон томонидан этник туркман маданияти ва таъсирини заифлаштиришга қаратилган навбатдаги уринишдир.

«Саҳро»нинг ёпилгани – бу бошқа (форсий бўлмаган) этник гуруҳлар аъзоларини бутунлай «форсийлаштиришга» қаратилган ҳаракатлар занжирининг бир бўғини, холос, дейди Ашхободда яшовчи Оғаниёзов.

«22 йил давомида нашр этиб келинган бу туркман газетасининг лицензияси кутилмаганда бекор қилинди. Бу Эрон ҳукуматининг Туркманистон-Эрон алоқаларига путур етказишга қаратилган намойишкорона хатти-ҳаракати эканлигига аминман», дейди у.

Туркманистон минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорлик ва яхши қўшничилик алоқаларини сақлаб қолиш тарафдори, деди у.

«Бу борада Эрондан бошқа бирор мамлакат билан муаммо йўқ. Эрон билан эса «барча ишлар беҳуда кетмоқда», деди у.

Этник озчиликларни «форсийлаштириш»

Оғаниёзов каби тарихчиларнинг фикрича, Эрондаги туркман аҳолиси 20-асрнинг биринчи ярмида, Туркманистонда Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши ва 30-40 йиллардаги Сталин қатағонлари чоғида кескин кўпая бошлаган.

Хориждаги энг йирик туркман диаспораларидан бири Эронда яшайди, дейди Оғаниёзов.

Оғаниёзовнинг тадқиқотларига кўра, мамлакатда 3 миллионга яқин этник туркманлар истиқомат қилади.

Бироқ, «Эрон бу миллий озчиликларни форсийлаштириш сиёсатини олиб бормоқда, шунинг учун туркман аҳолисининг сонини яширмоқда», деди у.

«Биз мунтазам равишда Эрон ҳукуматининг мамлакатда яшовчи бошқа (форс бўлмаган) этник гуруҳларга нисбатан жорий қилган тақиқлари ҳақидаги хабарларни эшитамиз», деди Оғаниёзов.

Унинг сўзларига кўра, Эрон режими этник туркман ёшларини она тилида таълим олиш, маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш ва аждодларининг урф-одатлари билан яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.

Оғаниёзов Эрондаги этник туркманлар ва бошқа озчиликлар ҳуқуқларининг бузилишига оид бошқа мисолларни ҳам келтириб ўтган.

Хусусан, одамларни мажбуран уйидан ҳайдаб чиқариш, эрга эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ов қилиш, балиқ овлаш ва бошқаларнинг тақиқланиши шулар жумласидандир, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу тентак тиш шифокори бўлган Туркманистон президенти нима қиляпти? Мен туркман халқини қўллаб-қувватлайман, ўзим қорақалоқман, биз биродарлармиз.

Жавоб бериш