Жиноят ва адолат

«Путиннинг ошпази» дунё бўйлаб ҳалокатли операцияларга аралашуви сабаб санкцияга тушди

Карвонсарой ва AFP

image

Евгений Пригожин, санасиз сурат. [Михаил Метцел/ТАСС]

ВАШИНГТОН – Чоршанба (23 сентябр) куни АҚШ Молия вазирлиги Россия президенти Владимир Путин, шунингдек Москва хавфсизлик хизматига яқин бадавлат молиячига алоқадор ҳамкорлар ва корхоналарга нисбатан санкциялар эълон қилди.

Вазирлик баёнотига кўра, Евгений Пригожин ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) билан боғлиқ саккиз шахс ва етти ташкилот санкцияга тушган.

Пригожинга тегишли «Конкорд» компанияси Кремл учун кейтеринг хизматлари кўрсатиб келгани сабабли уни «Путиннинг ошпази» деб аташади.

Бу чора Пригожиннинг Марказий Африка Республикасидаги (МАР) фаолиятини ва АҚШдаги сайловларга аралашишда гумонланган ФСБни текширишга қаратилган.

image

Сурияда фаолият олиб бораётган Россиянинг ёлланма аксарлари, ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат. [Файл]

image

Сунъий йўлдошдан олинган ушбу фотосуратда «Вагнер» гуруҳи томонидан етказиб берилган ва фойдаланилаётган ускуналар кўлами акс этган, 13 июл, Ливиянинг ал-Хадим аэродроми. [AFRICOM]

Сўнгги санкциялар «Пригожиннинг Африка мамлакатлари табиий ресурсларини эксплуатация қилиши ва Россия ҳукуматининг Пригожин фаолиятини мувофиқлаштиришдаги роли» билан боғлиқ, дейилади баёнотда.

«Пригожиннинг МАРдаги тоғ-кон саноати, хавфсизлик ва логистика компаниялари билан алоқалари бор ва унинг бу мамлакатдаги фаолияти Россиянинг ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари томонидан мувофиқлаштирилади», дейилади хабарда.

Санкциялар 2012 йилда президент Франсуа Бозизенинг ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан юзага келган беқарорлик ва қуролли низоларга қарши курашган МАРда Пригожинга алоқадор иккита тоғ-кон саноати корхонаси ва уч нафар шахсга қаратилган.

Пригожин МАРда иккита кончилик компаниясига эгалик қилади ёки уларни бошқаради: булар – Россиянинг қимматбаҳо металлар қазиб олиш ва хусусий қўриқлаш хизматлари билан шуғулланувчи «М-Финанс» ва олтин ва олмос қазиб олишга ихтисослашган «Лобай Инвест» компанияларидир.

Иккала компания ҳам Пригожин билан боғлиқ Россия хусусий ҳарбий компанияси– «Вагнер» гуруҳининг амалиётларига алоқадор бўлган, дейилади вазирлик хабарида. Аввалроқ, 2018 ва 2019 йилларда Қўшма Штатлар «Вагнер» гуруҳининг бошқарувчи ва молиячиси бўлгани учун Пригожинга нисбатан санкциялар эълон қилганди.

Шунингдек, «М-Финанс» ҳам Пригожиннинг «Конкорд» фирмаси билан алоқадор бўлган. «Конкорд» Санкт-Петербургдаги Россия троллар фабрикаси бўлган Интернет тадқиқотлари агентлигига (ИТА) моддий ёрдам кўрсатган. ИТА Пригожин томонидан молиялаштирилиши тахмин қилинади.

АҚШ Молия вазирлиги ИТАга илк бор 2018 йилда санкциялар қўллаганди, ўшанда агентлик бутун дунёда сиёсий ва ижтимоий тартибсизликларни авж олдиришда айбланган.

АҚШнинг сўнгги санкциялари шунингдек, Пригожиннинг уч нафар шеригини ҳам нишонга олган. Булар – «Лобай Инвест» асосчиси ва собиқ ИТА ходими Дмитрий Ситий, «Лобай Инвест» директори Евгений Ходотов ва Пригожиннинг МАРда ишлайдиган ходими Александр Кузинлардир.

Нишонда – АҚШдаги сайловлар

АҚШ санкциялари Вашингтон тарафдан «Россия ҳукуматининг разведка идоралари, жумладан ФСБни бир қатор беқарорлаштирувчи амалиётлари учун жавобгарликка тортишга қаратилган чоралар» доирасида эълон қилинган.

2018 йилнинг март ойида вазирлик ФСБни «Россия ҳукумати номидан жисмоний ва юридик шахсларнинг киберхавфсизлигини бузувчи, жумладан АҚШ расмийларига қарши қаратилган фаолият билан шуғулланганишда» айблаган.

Аввалроқ, 2016 йил декабрда Кремлнинг АҚШдаги сайловларга аралашишига уриниши ортидан ФСБга нисбатан санкциялар эълон қилинган эди.

23 сентябр куни Вашингтон Санкт-Петербургдаги «Океанос» сувости технологиялари компанияси ва унинг уч нафар ходимининг ФСБ билан ҳамкорлик қилганини аниқлаган.

Шунингдек, Финляндиянинг «Optima Freight» транспорт-экспедиторлик компанияси ва унинг эгаси Никита Ковалевский ФСБга АҚШ санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бергани учун таъқиб қилинган.

Ковалевский худди шу нарсада айбланган Финляндиядаги яна учта экспедиторлик компанияси – GCH Finland, Unicum Trade ва ACEXнинг бошқарувчи директори ҳисобланади.

«Никита Ковалевский ва унинг «Optima Freight» компанияси ноқонуний схемалар орқали Америка экспорт қонунчилигига зид равишда АҚШнинг махфий ва назорат остидаги денгиз технологияларини қўлга киритган», деди АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агенти Стейси Мой.

«ФҚБ Россиянинг АҚШ инновацияларини яширинча ўғирлашини фаол тергов қилишда ва бунинг олдини олишда давом этади», деди у.

Қўшма Штатлар «Россия ҳукуматидан зарарли кибер-амалиётлар ва сайловларга аралашув каби бир қатор беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишда ваколатли шахслар ва разведка идоралари, жумладан ФСБдан фойдалангани учун жавоб беришни» талаб қилади, деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Кремлнинг мақсади – ресурслар

«Евгений Пригожин дунё бўйлаб зарарли сиёсий ва иқтисодий таъсирини ёйишда уни қўллаб-қувватловчи халқаро тизимга эга», деди АҚШ молия вазири Стивен Мнучин баёнотда.

«Қўшма Штатлар Пригожиннинг халқаро миқёсда фаолият олиб бориш имкониятини таъқиб қилишда давом этади.»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгаши маълумотларига кўра, 800 дан 1200 нафаргача ёлланма аскарга эга Вагнер гуруҳи халқаро майдонда яширинча Путиннинг режаларини амалга ошириш билан шуғулланади.

Вагнер гуруҳи дунёнинг бир қатор мамлакатлари, жумладан Сурия, Судан, Венесуэла, Мадагаскар ва бошқа мамлакатларда фаол ҳаракат қилган ва қилиб келмоқда.

Вагнер Россия ҳарбий кучлари билан мувофиқлашган ҳолда Украина шарқидаги фуқаролар уруши ортида турган ва 2014 йилда Москванинг Қримни ноқонуний эгаллаб олишида муҳим роль ўйнаган.

Август ойи бошларидаги президент сайловлари арафасида Беларусдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар ва Ливиядаги фуқаролар урушида БМТ тан олган Миллий келишуви ҳукуматига қарши курашаётган фельдмаршал Халифа Ҳафтарни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга ёлланма жангарилар киритиш – «Вагнер гуруҳининг» сўнгги аралашувларига мисол бўла олади.

Халқаро Миграция ташкилотига кўра, Ҳафтарнинг Триполини эгаллаб олишга бир неча йиллик уриниши давомида Ливиядаги хунрезликлар сабаб юзлаб инсонлар ўлган, 200 мингдан кўпроқ одам ўз уйини тарк этган.

Кремлнинг Сурия президенти Башар ал-Асадни қўллаб-қувватлаши фожиали қон тўкилишига сабаб бўлган.

Россиянинг МАР билан бир қаторда бошқа давлатлардаги ҳийлалари қимматбаҳо табиий ресурслардан фойдаланишдан ташқари бошқа мақсадларни ҳам кўзлайди.

Москва Ливиялик фельдмаршал Ҳафтарни қўллаб-қувватлаш билан мамлакат ресурсларидан фойдаланиш, Ливиянинг нефт саноатида ўз улушига эга бўлишга интилмоқда, бу унга катта даромад келтириш билан бирга, геосиёсий дастак бўлиб ҳам хизмат қилади.

Ливия Африкадаги энг йирик нефть заҳирасига эга ва нефт экспорти мамлакатнинг деярли барча даромадлари манбаидир.

Бу орада Москва ҳозирда тўхтатилган, аммо Россия энергетика компаниялари қайта тикламоқчи бўлаётган, Суриянинг 12-блокида денгиздаги газ заҳираларини қазиб олиш бўйича эксклюзив тендерни ўз ичига олган шартномаларни имзолади.

2016 йилнинг ўзида Кремль қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг инфратузилмавий ва бошқа шартномаларни имзолаган. 2016 йил декабрда Россиянинг «Евро Полис» компанияси режим билан қазиб олиш ҳажмининг 25 фоизи эвазига нефть қудуқларини қўриқлашга оид шартнома имзолади.

Путиннинг рақибларига қарши кураш

Пригожин «Вагнер гуруҳи» молиячиси ролидан ташқари, RIA FAN ёки Федерал янгиликлар агентлигини назорат қилади, деб хабар берган ўтган йил октябрь ойида BBC.

Кремл ташвиқотчилари бу ОАВдан Россия ва хорижда дезинформация, зиддиятлар ва ишончсизлик кайфиятини тарқатишда фойдаланиб келган.

Пригожин, шунингдек Россия етакчиси рақибларини ҳам нишонга олган.

У Кремлнинг энг асосий танқидчиси, Совет даврига мансуб асабни фалажловчи модда билан заҳарланган Алексей Навалнийни хонавайрон қилишга сўз берган эди. Бир ой давомида Берлин шифохонасида комада ётган Навалний сешанба (22 сентябрь) куни у ердан чиқарилган. Шифокорлар унинг бутунлай соғайиб кетишига умид қилмоқдалар.

«Конкорд»нинг матбуот хизмати Пригожиннинг ижтимоий тармоқлардаги 22 сентябр кунги баёнотидан иқтибос келтирган – унга кўра, Пригожин ўтган йил октябрдаги суд қарорини ижро этиш ниятида. Қарорга кўра, Навалний ва унинг шериклари видеолавҳа билан Пригожиннинг обрўсига путур етказгани учун унга 88 миллион рубл (1,2 миллион АҚШ доллари) тўлаб бериши керак.

Навалнийнинг фонди тергов видеолавҳасида Пригожинга алоқадор фирмани болаларни сифатсиз ошҳона овқати билан касал қилишда айблаган эди. Пригожин бу компанияга эгалик қилишини рад этган.

«Мен бу виждонсизлар гуруҳини кийим ва пойабзалсиз қолдириш ниятидаман», деб айтган Пригожин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хавотирли жойи шундаки, бу ҳайвонлар (вагнерчилар) орамиздан ҳам россияпараст манқуртлардан иборат, пул учун Ватанини сотадиган бесубутлардан аскар ёллашни ҳам бошлаган. 3-4 тасини ўлиги ҳам келганди Донбассдан. Ҳукуматимиз бунга қарши кескин чора кўриши керак.

Жавоб бериш

Ўзбекистонда яшайман ва Россия билан максимал яқинлашувни хоҳлайман. Бу Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш бўйича энг самарали ҳаракат векторидир.

Жавоб бериш

Нима қиламиз қашшоқ Россияни? Шундоқ ҳам яхши ўзимизда.

Жавоб бериш

Вагнер гуруҳи бесоқолбозларининг хўжайинику бу

Жавоб бериш