Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитойнинг Шинжондаги қонунбузарликлари кўлами кенгаймоқда: навбат Тибетга

Карвонсарой ва AFP

Хитой ҳарбий полицияси томонидан Тибетнинг Лхаса шаҳрида ўтказилган байроқ кўтариш маросими ушбу баҳсли минтақада Коммунистик партиянинг назоратига рамзий ишора бўлган. [STR/AFP]

Хитой ҳарбий полицияси томонидан Тибетнинг Лхаса шаҳрида ўтказилган байроқ кўтариш маросими ушбу баҳсли минтақада Коммунистик партиянинг назоратига рамзий ишора бўлган. [STR/AFP]

Пекин Тибет деҳқонлари ва чорвадорларини Шинжондаги каби меҳнат дастурларига иштирок этишга мажбурламоқда. Етакчи тадқиқот институтининг таъкидлашича, Шинжонда миллиондан ортиқ мусулмонлар ва этник озчиликлар вакилларининг ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол қилиб келинади.

Бундай хатти-ҳаракатлар сиёсий жиҳатдан сезгир минтақада «маданий мероснинг йўқолиб кетиши»га сабаб бўлиши мумкин, деб огоҳлантирилган Джеймстаун жамғармасининг 22 сентябрь кунги ҳисоботида.

Бу режа Хитойнинг узоқ ғарбидаги асосан буддистлар яшайдиган Тибетда ҳукумат тарафидан тарғиб қилинаётган бўлиб, унга мувофиқ, қашшоқликка қарши кураш чораси сифатида қишлоқ меҳнаткашлари фабрикаларда ишлаши керак.

Аммо «ҳарбийлашган профессионал таълим» олис чегара ҳудуди аҳолисининг 90 фоизини ташкил этувчи этник тибетликларни мафкуравий тарбиялаш ва ассимиляция қилишнинг бир усулидир, дейди тадқиқотчилар.

2019 йил 30 майда олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Хотан округи чеккасидаги асосан мусулмон этник озчиликлар ҳибсга сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб тахмин қилинадиган, қаттиқ қўриқланадиган объектдаги кузатув миноралари акс этган. [Greg Baker/AFP]

2019 йил 30 майда олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Хотан округи чеккасидаги асосан мусулмон этник озчиликлар ҳибсга сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб тахмин қилинадиган, қаттиқ қўриқланадиган объектдаги кузатув миноралари акс этган. [Greg Baker/AFP]

2019 йил 4 июнь куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Оқтоғ шаҳри шимолида, асосан мусулмон этник озчиликлар вакиллари сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб тахмин қилинган муассаса ёнидаги полиция назорат пункти кўрсатилган. [Грег Бейкер/AFP]

2019 йил 4 июнь куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги Оқтоғ шаҳри шимолида, асосан мусулмон этник озчиликлар вакиллари сақланадиган қайта тарбиялаш лагери деб тахмин қилинган муассаса ёнидаги полиция назорат пункти кўрсатилган. [Грег Бейкер/AFP]

Фонд хабарига кўра, 2020 йилнинг дастлабки етти ойида натурал хўжалик юритувчи 500 мингдан ортиқ қишлоқ меҳнаткашлари – асосан чорвадорлар ва фермерлар тайёрлов курсида таълим олган, бунда ҳар бир округ учун квоталар ажратилган.

Ҳисоботда тилга олинган Хитой ҳукуматининг 2019 йилги ҳаракатлар режасига кўра, ўқув дастурлари «меҳнат интизоми, хитой тили ва меҳнат муносабатлари этикасини» тарбиялашга қаратилган.

Нагчу шаҳар ҳокимиятининг 2018 йилги ҳисоботида қўшимча қилинишича, ишчи кучини қайта йўналтириш дастуридан мақсад, «дангаса одамларни йўқотиш»дир.

Ҳисоботда айтилишича, ишчиларни ёллаш квотасини амалга оширувчи компанияларга 500 минг юангача (75 минг АҚШ доллари) маблағ таклиф этилади, чорвадорлар ва фермерлар эса ўз чорва моллари ва ерларини йирик давлат кооперативларига топширишга рағбатлантирилади.

«Пекиннинг этник озчиликларга нисбатан тобора фаоллашаётган ассимиляция чоралари шароитида, бундай сиёсат истиқболда лингвистик, маданий ва маънавий мероснинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин», деб ёзади Жеймстаун фонди ҳисоботининг муаллифи ва АҚШдаги Коммунизм қурбонлари хотираси фонди тадқиқотчиси Адриан Зенц.

Мажбурий бичиш ҳолатлари

Ҳисоботда айтилишича, 50 мингга яқин аҳоли Тибетнинг бошқа туманларига, 3 мингдан ортиғи эса Хитойнинг бошқа ҳудудларига кўчирилган.

Пекин 1951 йилда Хитой қўшинларининг Тибетни «тинч йўл билан озод қилганини» айтса-да, аммо кўплаб қувғиндаги тибетликлар марказий ҳукуматни диний қатағонларда ва миллий маданиятни йўқ қилишда айблайдилар.

Пекиннинг Шинжондаги хатти-ҳаракатлари мусулмон озчиликнинг диний амалларини таъқиб қилиши туфайли шундай норозиликларни келтириб чиқарган.

«Ҳукуматнинг 2017 йилдан бери олиб борган сиёсати натижасида Шинжонда тахминан 16000 масжид (умумий миқдорнинг 65 фоизи) бузилган ёки шикастланган», дейилади Австралия стратегик сиёсат институтининг ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботида.

Жеймстаун жамғармасининг ҳисоботида Шинжон минтақасидаги меҳнат дастурлари билан ўхшашлик эътироф этилган бўлса-да, Тибетдаги меҳнат дастурининг кўлами Шинжонники билан солиштирганда ҳали жуда кичик.

Хитой ҳукуматининг ўтган ҳафта эълон қилинган Оқ китобига кўра, 2014-2019 йилларда ушбу дастур доирасида йилига ўртача 1,29 миллион ишчи ўқитилган.

Шинжон ҳудудидаги уйғурлар ва бошқа мусулмон этник гуруҳлар ҳуқуқларини «даҳшатли ва тизимли равишда» поймол қилиб келган Пекин халқаро ҳамжамиятнинг жиддий босимига учраган.

Мусулмонларни қайта тарбиялаш лагерларига қамашдан ташқари, аёлларни мажбурий стерилизация қилиш каби бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам содир этилган – қувғиндаги уйғурлар гуруҳи Халқаро жиноий судни геноцид ва инсониятга қарши жиноятлари учун Хитой режимини тергов қилишга чақирган.

Пекин мажбурий стерилизацияга оид айбловларни асоссиз деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Шинжон минтақасидаги муассасалар – фуқароларни терроризмдан узоқлаштиришга қаратилган касб-ҳунар марказларидир.

Бундан ташқари, уйғурларнинг инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, 2017 йил апрел ойидан бери камида 435 нафар уйғур зиёлиси қамоққа олинган ёки ғойиб бўлган.

Хориждаги ташаббускор гуруҳларга кўра, уйғур тилшунослари, олимлари ва ноширларининг таъқиб қилиниши Хитой Коммунистик партияси томонидан этник гуруҳнинг ўзига хослиги ва маданиятини йўқотиш ва уни мандарин (Хитой) тилида сўзлашувчи ханлардан иборат кўпчиликка ассимиляция қилиш кампаниясининг бир қисмидир.

Хитой расмийлари ҳукумат зиёлиларни ҳибсга олаётганини рад этганлар.

Халқаро босим кучаймоқда

Режим тарафидан инкор этилаётган Пекиннинг Шинжондаги сиёсати халқаро ҳамжамиятининг кескин танқидига учраган ва Ғарб давлатларни фаол ҳаракатларга ундамоқда.

АҚШ Вакиллар палатаси 22 сентябрь куни кўпчилик овоз билан Шинжон минтақасидан маҳсулот импортини тақиқлаш учун овоз бериб, уйғурларни тизимли равишда мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига чек қўйишини айтган.

«Афсуски, мажбурий меҳнат маҳсулотлари кўп ҳолларда Америка дўконлари ва хонадонларига кириб келмоқда», деди Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси овоз бериш жараёни олдидан.

«Биз Пекинга аниқ мужда юборишимиз керак: бу қонунбузарликларга барҳам берилиши лозим.»

Қўшма Штатлар қуллик меҳнати билан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни аллақачон тақиқлаган, аммо мажбурий меҳнат минтақа иқтисодиёти билан узвий боғлиқлиги cабабли, мазкур қонун Шинжондан чиққан маҳсулотларни бутунлай тақиқлайди.

Шунингдек, Хитойнинг этник озчиликларга нисбатан сиёсатини танқид остига олган Европа Иттифоқи ҳам Пекиндан мустақил кузатувчиларга қаттиқ қўриқланадиган минтақага киришга рухсат беришни талаб қилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500