Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг ҳарбий ўйинлари Беларусдаги демократик интилишларга соя солмоқда

Карвонсарой ва AFP

21-26 сентябр кунлари Россия жанубида бўлиб ўтган «Кавказ-2020» машғулотларига жалб қилинган Россиянинг жанговар зирҳли машиналари. [Россия мудофаа вазирлиги]

21-26 сентябр кунлари Россия жанубида бўлиб ўтган «Кавказ-2020» машғулотларига жалб қилинган Россиянинг жанговар зирҳли машиналари. [Россия мудофаа вазирлиги]

МОСКВА – Ўтган ҳафта Россия жанубида якунланган кенг миқёсли ҳарбий ўйинлар Белорусияда давом этаётган сиёсий инқирозга соя солмоқда, зеро Москва ички ва халқаро босим кучайган бир шароитда ўз ҳарбий мушакларига зўр беришга уринмоқда.

Халқаро ҳамжамият Москвани қўшни давлатларнинг ички ишларига аралашмасликка чақириб турган бир пайтда, Эрон ва Хитой сингари авторитар режимлар бутун дунё бўйлаб демократик интилишларга путур етказиш мақсадида Россияга қўшилмоқда.

21 сентябрдан 26 сентябргача давом этган «Кавказ-2020» Россия, Хитой, Эрон, Мьянма, Арманистон ва Белорусиядан умумий ҳисобда 80 минг нафар иштирокчини жамлаган.

«Бу машқлар Россия қуролли кучларининг йирик миқёсли можарога шайлигининг ҳар йилги синовидир», деди москвалик ҳарбий таҳлилчи Василий Кашин AFP билан суҳбатда.

21-26 сентябр кунлари Россия жанубида бўлиб ўтган «Кавказ-2020» машғулотларида ҳарбий стратегия ва тактикани муҳокама қилаётган Россия ва хитойлик зобитлар. [Россия мудофаа вазирлиги]

21-26 сентябр кунлари Россия жанубида бўлиб ўтган «Кавказ-2020» машғулотларида ҳарбий стратегия ва тактикани муҳокама қилаётган Россия ва хитойлик зобитлар. [Россия мудофаа вазирлиги]

Жанубий Осетияда 21-26 сентябр кунлари бўлиб ўтган «Кавказ-2020» машғулотларида иштирок этган россиялик мото-ўқчилар, 25 сентябр. Машқлар Россиянинг жанубий қисмини қамраб олган. Россия қўшинлари 2008 йилдан бери Грузия ҳудудининг бир қисми бўлган Жанубий Осетияни эгаллаб олган. [Россия мудофаа вазирлиги]

Жанубий Осетияда 21-26 сентябр кунлари бўлиб ўтган «Кавказ-2020» машғулотларида иштирок этган россиялик мото-ўқчилар, 25 сентябр. Машқлар Россиянинг жанубий қисмини қамраб олган. Россия қўшинлари 2008 йилдан бери Грузия ҳудудининг бир қисми бўлган Жанубий Осетияни эгаллаб олган. [Россия мудофаа вазирлиги]

Машғулотлар Қора ва Каспий денгизларида ҳарбий-денгиз кучларини жойлаштиришни кўзда тутган, деди у.

Қуруқликдаги қўшинлар Россия жанубида ва 2008 йилдан бери Россия қўшинлари тарафидан эгаллаб олинган Жанубий Осетияда (Грузиядан ажралиб чиққан ҳудуд) машқ қилганлар.

Беларус ва Россия қўшинлари Астрахан шаҳрида қўшма машғулотлар ўтказдилар, бу эҳтимол «Россиянинг Воронежда жойлашган 20-умумқўшин армияси (CАА) кучларини Беларусга жойлаштириш учун тайёргарлик» бўлиши мумкин, деб ёзган 26 сентябр кун Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти.

Россия мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ҳарбий машғулотларга артиллерия тизимлари ва ракета мосламалари билан бирга, 250 та танк ҳамда 450 га яқин жанговар пиёда машиналари ва бронетранспортерлар жалб қилинган.

Россия президенти Владимир Путин армияни қайта тиклашни 20 йиллик ҳукмронлигининг энг устувор вазифаларидан бирига айлантирди ва сўнгги йилларда Кавказ, Болтиқбўйи ва Арктикада тез-тез кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Коронавирус мамлакатни оғир аҳволда қолдирган бир вақтда, ўзининг турли ҳарбий ўйинларига диктатура бўйича ҳаммаслаклари ва Россияга қарам постсовет давлатларни таклиф қилиш – Путиннинг ғарбга қарши ва аксилдемократик иттифоқни тузишга қаратилган узоқ муддатли стратегиясидир.

Путин Россиянинг (Италиядан камроқ) зарар кўрган иқтисодиёти учун Хитойдан ёрдам излаш мақсадида ўз мамлакатининг нисбатан кучли томонларини, яъни ҳарбий тайёрлов ва «Сибир қудрати» қувуридан ўтадиган мўл-кўл табиий газни таклиф қилган.

Шу билан бирга, у Украина ва Грузия сингари ғарбпараст собиқ Совет давлатларини жазолаб, уларга қарши уруш очди, бўлгинчи Приднестровье ўлкасини қўллаб-қувватлаш учун Молдовада Россия қўшинларини қолдирди ва Беларус диктаторини қўллаб-қувватлади.

Путин ва Лукашенко – битта чўкаётган кемада

Йирик ҳарбий машғулотлар август ойида қайта сайланиши ортидан мисли кўрилмаган норозиликка дуч келган ва 23 сентябр кунги махфий маросимда қасамёд қилган беларуслик диктатор Александр Лукашенкони қўллаб-қувватлаш белгиси ўлароқ баҳоланмоқда.

Машғулотлар, шунингдек, ҳар иккала раҳбар дуч келаётган умумий қаршиликни акс эттиради, зеро уларнинг иккови ҳам ўзининг авторитар режимига нисбатан тобора кучайиб бораётган ички қаршиликни енгиш учун ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга уринмоқда.

«Кавказ-2020» ҳарбий машқларига параллел тарзда, 14-25 сентябр кунлари Беларусда «Славян биродарлиги» деб номланган Россия-Беларус қўшма машғулотлари ҳам бўлиб ўтди ва унда 900 дан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчилар қатнашди.

Беларуснинг Польша билан чегарасидаги Брест шаҳри яқинида бўлиб ўтган ҳарбий машқлар давомида ўтган ҳафта Беларуснинг Европа Иттифоқи (ЕИ) билан чегараси бўйлаб Россиянинг товушдан тез учувчи иккита оғир стратегик «Ту-160» бомбардимончи самолёти учиб ўтган.

Лукашенко Польша ва Болтиқбўйи давлатларини мухолифат билан келишувда айблади ва Ғарб давлатлари Беларусни Россияга ҳужум қилиш учун «плацдарм» деб билишини айтди.

«Путин билан фикримиз бир», деган эди у август ойида.

Октябр ойида Беларусда Россия раҳбарлигидаги хавфсизлик иттифоқи – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо олти давлат иштирокидаги машқлар ўтказилади.

Мамлакат шарқида Москва қўлловидаги айирмачиларга қарши кураш олиб бораётган ва НАТО билан ўз машғулотларини бошлаган Украина «Кавказ-2020» машқлари жиддий таҳдид эканлигини баён қилган.

«Жанговар маневрларда иштирок этаётган ҳарбий қисмлар Қора денгиздаги вазиятни беқарорлаштириши ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин», деб баёнот берган ўтган ҳафта Украина мудофаа вазирлиги.

НАТО Қора денгизда украин ва рус ҳарбий кемалари тўқнашган Қрим яқинидаги сувларда патрул назорати олиб боради, Россия бу ҳудудни 2014 йилда ноқонуний тарзда аннексия қилган.

Сустлашган алоқалар

Россиянинг бу йилги ҳарбий ўйинларида иштирок этишдан бош тортган Ҳиндистон коронавирус пандемиясини сабаб қилиб кўрсатган бўлса-да, кузатувчилар бунга Хитой билан сустлашган муносабатлар сабаб бўлганини айтмоқда. Осиёнинг энг йирик икки давлати 1962 йилда чегаравий низо сабаб урушган, бу йилги тўқнашувларда ҳам қўшимча кўпгина қурбонлар берилган.

Россиянинг иттифоқчиси ва ЕИ таркибига кириш илинжидаги Сербия иттифоқнинг «кучли ва нолойиқ босими» туфайли Беларусдаги машғулотларда иштирок этишдан бош тортган.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилиши ортидан Кремлнинг Европа билан муносабатлари ёмонлашган, бу танглик сайловларга аралашув ва жосуслик айбловлари туфайли янада кучаймоқда.

Август ойида Сибирда Кремлнинг асосий танқидчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши Европа лидерларининг кескин эътирозига учради, улар Москвага қарши қўшимча санкциялар билан жавоб беришлари мумкинлигини айтиб ўтдилар.

Марказий Осиёдаги аксар кузатувчилар яқинда бўлиб ўтган машғулотларни Путиннинг милитаристик сиёсати белгиси ўлароқ баҳолаганлар.

Кремль Қозоғистонни ўзининг геосиёсий ўйинларига жалб қилишга уриниб келмоқда, дейди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Уразгали Селтеев.

«Мамлакатимиз қатъиян нейтрал мавқеини сақлаб қолиши ва Ғарб билан қарама-қаршиликка аралашмаслиги керак», деб айтган эди у сентябрда. «Қозоғистон фуқаролари Россия ва унинг ҳарбий иттифоқчилари хатти-ҳаракатларидан зиён кўрмасликлари лозим.»

Кремль ўзининг провокацион ҳарбий машқлари ва бошқа йўллар билан Марказий Осиёда кескинликка сабаб бўлмоқда, деган эди бишкеклик қирғиз дипломати Мурат Конокбаев сентябрь ойида.

«Яқинда улар ахборот маконимизда қирғизлар Қирғизистоннинг Россияга қўшилишини муҳокама қилаётгани ҳақидаги сохта хабарларни тарқатдилар», деди у.

«Москванинг бу жирканч провокацияси қирғизистонликларни ғазаблантирди. Марказий Осиё республикасидаги реакция бу каби баёнотларнинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини кўрсатди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

ким яхшию ким ёмонлигини Худо билади. Бировнинг иши тўғри ёки нотўғри деб баҳо бериш бандасигамас..................

Жавоб бериш

Узоқ яша Беларус, Россия нажосатдир. [Беларус тилида ёзилган]

Жавоб бериш