Карвонсарой
Саломатлик

Суриялик оилалар Россия ҳаво ҳужумлари туфайли COVID-19 авж олган жамлоқларга қайтишга мажбур бўлмоқда

Қоҳирадан Волид Абул Хайр

Тиббиёт ходимлари Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятининг Салқин шаҳрида COVID-19 касаллигидан вафот этган 62 яшар сурияликнинг жасадини қабрга қўймоқдалар. [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

Тиббиёт ходимлари Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятининг Салқин шаҳрида COVID-19 касаллигидан вафот этган 62 яшар сурияликнинг жасадини қабрга қўймоқдалар. [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

Сўнгги ҳафталарда Суриянинг Идлиб вилоятига ёғдирилган Россия авиазарбалари яқинда ўз уйларига қайтиб келган ўнлаб оилаларни COVID-19 пандемияси авж олаётган қочқинлар жамлоқларига қайтишга мажбур қилган.

Уларнинг аксарияти лагерларда одамлар кўплиги туфайли коронавирус юқтириш хавфидан қўрқиб, ўз она шаҳарларига қайтишга қарор қилган эдилар, дейди «Оқ дубулғалилар» аъзоси Холид ал-Хатиб.

Унинг сўзларига кўра, бу қўрқув бежиз эмас, чунки ҳаво ҳужумларининг қайта бошланиши ортидан тинч аҳолининг жамлоқларга қайтиши Сурия шимоли-ғарбида коронавируснинг авж олиши билан бир вақтга тўғри келган.

«Сўнгги ҳафталарда Идлибда тинч аҳоли орасида коронавирус билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари кескин кўпайди», деди ал-Хатиб.

Унинг таъкидлашича, аҳолининг илк кўчиши Россия ва Суриянинг аввалги ҳаво ҳужумлари сабабли юз берган, бунинг натижасида энг аввало ўнлаб расмий ва норасмий қочқинлар лагерлари ташкил этилган.

Ҳозирда бу жамлоқларда 1,5 миллиондан ортиқ одам кун кечирмоқда ва уларнинг шароити жуда оғир.

Чегара билмас шифокорлар (MSF) ташкилоти маълумотларига кўра, лагерларда сув таъминоти чекланган, санитария шароитлари ёмон. Жисмоний масофа сақлаш, қўлларни ювиш ва изоляция каби назорат чоралари жамлоқда яшаётганларнинг кўпчилиги учун қийин масала.

Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб ва ​​унинг атрофида давом этаётган Россия ҳаво ҳужумлари кенг миқёсли вайронагарчиликларни келтириб чиқарди, қишлоқ хўжалиги саноати ва савдо-сотиқ бутунлай тўхтади, болалар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлдилар.

Россия самолётлари бир неча йиллардан бери бу ҳудуддаги нишонларни бомбалашда давом этаётган бўлса-да, сўнгги вақтларда зўравонлик амалиётлари янада кучайиб, олти ой аввал Туркия билан эришилган оташкесимдан бери энг йирик ҳаво ҳужумлари қайд этилган.

Касалланишлар сони кескин ортган

Ўтган ҳафта MSF Сурия шимоли-ғарбида коронавирус билан касалланганлар сони кескин кўпайгани ва бир ой аввалгига нисбатан 10 баробар ошганини қайд этди.

Ташкилотнинг хабар беришича, 22 сентябр ҳолатига минтақада 640 кишининг коронавирусга тести мусбат натижа кўрсатган, уларнинг қарийб 30 фоизи тиббиёт ходимларидир.

Хабар қилинишича, 14 сентябрнинг ўзида 80 та янги ҳолат рўйхатга олинган, бу июл ойи бошида илк ҳолат қайд этилганидан бери энг юқори кунлик кўрсаткичдир.

МСФнинг таъкидлашича, бу вақт давомида тест олиш имкониятининг чеклангани вирус юқтириш ва касалланишга оид рақамларга нисбатан шубҳа уйғотган.

Ал-Хатибнинг айтишича, кўплаб тиббий ва гуманитар ташкилотлар умумий фойдаланиш жойларини дезинфекция қилиш ва тушунтириш ишлари олиб бориш билан лагерларда вирус тарқалишини жиловлашга уринмоқдалар.

Бу ишлар учун янги кўнгиллилар жамоалари тузилиб, ўқитилган.

Ўтган ой Идлибда фаолият олиб борувчи «Оқ дубулғалилар» ҳамда бошқа тиббий ва гуманитар ташкилотлар ҳаво ҳужумлари давом этадиган бўлса, ҳудудда гуманитар фалокат юз бериши муқаррар эканлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияга нисбатан нефт эмбаргоси жорий қилиш керак.

Жавоб бериш

Россия – уйингга, Рязань ва Вологдага бор. !!! Сурия, Ливия, Чеченистон, Кавказ, Татаристон, Бошқирдистон, Сибир, Донбасс, Қрим, Узоқ Шарқни тарк эт. Россия – ўнлаб этник озчиликлар учун қамоқхона.

Жавоб бериш

Россия доим ўз уйида урушган, одамларнинг бошини олмаган ва ўзини Худо деб эълон қилмаган. Россия бўлмаганида нима бўларди? Россия қамоқхона дейсанми? Шу қамоққа тушишни истаб МДҲнинг турли бурчакларидан келаётган миллионлаб одамларни аввал кўрмаганман. Демак, яхши қамоқ эканда.

Жавоб бериш

Россия доим геноцидлар билан машғул.

Жавоб бериш