Карвонсарой
Терроризм

Польша «Ислом давлати»га алоқадор 3 тожик фуқаросини депортация қилди

Карвонсарой

15 апрел куни Карлсруе шаҳридаги Германия Федерал Олий суди ҳудудидан чиқиб келаётган полиция автомашинаси. Германия полицияси «Ислом давлати» (ИД) террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган беш тожикистонликни ҳибсга олди. [Thomas Lohnes/AFP]

15 апрел куни Карлсруе шаҳридаги Германия Федерал Олий суди ҳудудидан чиқиб келаётган полиция автомашинаси. Германия полицияси «Ислом давлати» (ИД) террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган беш тожикистонликни ҳибсга олди. [Thomas Lohnes/AFP]

ВАРШАВА – Польша расмийлари «Ислом давлати» (ИД) террорчи гуруҳи билан алоқада бўлиш ҳамда поляклар ва украиналикларни Польшада терроризмга жалб қилишга уринганликда гумонланган уч тожик фуқаросини депортация қилди, деб хабар беради Польша радиоси душанба (28 сентябрь) куни.

Гумондорлар Тожикистонга сентябр ойининг бошларида қайтарилган, аммо бу хабар жамоатчиликка энди эълон қилинди. Гумонланаётганлардан икки нафари депортация ҳукмидан норози бўлиб, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига апелляция билан мурожаат қилган.

Польша ҳуқуқ-тартибот идоралари гумондорлардан тўрт нафарини май ойида қўлга олган эди. Польша радиоси хабарига кўра, ўтган йил декабрда Польшадан қочиб кетган бешинчи гумондор июнь ойи охирида аксилтеррор идоралар ёрдами билан ушланган. Унинг қаерда ҳибсга олингани очиқланмаган.

Бешинчи гумондор жиҳод қилиш учун Сурияга боришни режалаштирган. У «Ал-Қоида» етакчиларининг бири билан мулоқот қилишга улгурган, деб хабар берди Польша ички хавфсизлик агентлиги (ABW).

Апрел ойида ABW раҳбари Польша ички ишлар вазирига мурожаат қилиб, беш тожикистонликнинг Польша ва ЕИ Шенген ҳудудига аъзо бошқа давлатларга киришини тақиқлашни сўраган эди. Май ойида вазир илтимосни қондириб, беш йил давомида амал қилувчи қарор чиқарган.

Албания ва Германиядаги террорчиликда гумонланганлар

Бу хабар жорий йил бошида Албания ва Германияда ўтказилган аксилтеррор операциялари ортидан пайдо бўлган.

Июн ойида Албания суди тожикистонлик Комрон Зуҳуровни ИШИДга алоқадорликда айблаб Германияга экстрадиция қилди, деб хабар берган эди ўшанда Озод Европа/Озодлик радиоси.

Албания ҳукумати уни апрел ойида Германия суди томонидан чиқарилган халқаро ордерга биноан ҳибсга олган.

Апрел ойи бошида Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари немис диёрига ҳужумлар уюштиришни режалаган ИД ячейкасини тузишда гумонланаётган беш тожик фуқаросини ҳибсга олганини эълон қилди.

Гуруҳ АҚШ ҳаво кучларининг мамлакатдаги базаларига ва Ислом танқидчиси деб иддао қилинган номаълум шахсга қарши ҳужумларни режалаштирган.

Немис прокурорларининг айтишича, гумондорларнинг тўрт нафари 15 апрел куни Шимолий Рейн-Вестфалия штатидаги Зиген, Хайнсберг ва Вердол шаҳарларида ҳибсга олинган. Бешинчи гумондор 2019 йилнинг мартида ушланган. Озодлик радиоси унинг қаерда ҳибсга олинганини очиқламаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500