Хавфсизлик

Қирғизистонда мамлакатни Россияга қўшилишга чақираётган сиёсатчиларга қарши норозилик намойиши ўтказилди

Канат Алтинбаев

image

30 сентябр куни Бишкекдан 20 км узоқликдаги Қўйтош қишлоғида «Бир бол» («Бир бўл») партиясининг реклама баннери олдида мева-чева сотаётган аёл. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКЕК – Ўтган ҳафта охирида юзлаб қирғизлар ўз мамлакатлари суверенитетини ҳимоялаш ва Қирғизистонни Россияга қўшилишга чақирган айрим сиёсатчиларнинг баёнотларини қоралаш учун Бишкекка йиғилдилар.

Бу баёнотлар ўз мамлакатининг Совет Иттифоқидан мустақиллигини қадрлайдиган ва 2014 йилда Россия қўшинларининг Қримни ноқонуний равишда эгаллаб олганидан ҳайратга тушган қирғизларнинг таъбирини хира қилди.

Бундай ғоя табиий ресурсларга бой Қозоғистон учун ҳам дуруст эмас, сабаби у амалга ошган тақдирда Қозоғистон Россиянинг турли ҳудудлари орасида қолиб кетган бўлар эди. Қирғизистон Россия билан чегарадош эмас.

27 сентябрь куни ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари якшанба (4 октябрь) куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан тинч намойиш ўтказдилар, деб хабар беради 24.kg нашри.

image

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) 28 сентябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида қирғизистонлик ҳамкасби Сооронбай Жеенбековнинг қўлини сиқмоқда. [Михаил Климентьев/SPUTNIK/AFP]

Норозилик намойиши яқинда Қирғизистон парламенти депутати Марат Аманқуловнинг 2019 йили Москвада сўзлаган нутқининг видеотасвири Facebook ижтимоий тармоғида чоп этилиши ортидан ўтказилган. Видеолавҳада у қарийб 30 йил давом этган мустақилликдан сўнг Қирғизистон Россия билан интеграциялашиши кераклиги ҳақида сўзлаган.

Президент Сооронбай Жеенбековга содиқ деб кўриладиган «Биримдик» (Бирлик) партияси раҳбари Аманқулов президентнинг укаси ва парламент собиқ спикери Асилбек Жеенбековни парламентга номзодлар сафига қўшган, деб хабар беради AFP.

Унинг партияси мамлакатни «Евроосиёлашув»га қайтаришни мақсад қилган, дейди Омонқулов видеолавҳада Россия президенти Владимир Путин ва унинг атрофидагилар томонидан оммалаштирилган атамани қўллаб.

«Ўттиз йиллик мустақиллик бизга ақлимизни йиғиб, қайтиш вақти келганини кўрсатди», деди Аманқулов. «Бизнинг илдизларимиз бир. Евросиёда унинг бутун ҳудуди бўйлаб бирлашган давлатгина суверен бўлиши мумкин».

«Биз бирлашиб, интеграциялашишимиз зарур. Эркин яшаш яхши, лекин уйга қайтиш вақти келди.»

«Қирғизистондан қўлингни торт»

26 сентябр куни Аманқулов ўзига қўйилган айбловларни рад этар экан, Москвада носиёсий тадбирда сўзлаганини айтди.

Айтиш керакки, жорий йил бошида Путин Кремлнинг постсовет республикаларни Москва назоратига қайтариш ҳақидаги тасаввурини баён қилган эди.

19 апрел куни Путин совет Иттифоқини тиклашнинг «афзалликлари» ҳақида сўзлаган.

«Ўтмишнинг фобиялари, Совет иттифоқи ва империясининг тикланишига оид қўрқувларни енгиб, бирлашиш ҳамма учун манфаатли эканлиги ҳақидаги тушунча ўзи учун муқаррар йўл очиб бормоқда», деган эди у «Россия-1» давлат телеканали эфирида.

Путин ва Аманқуловнинг бундай баёнотлари Қирғизистон фуқароларини ғазабини қўзғаган, уларнинг аксари Аманқуловни Кремлнинг қўғирчоғи деб атаб, уни хоинликда айбламоқдалар.

Бишкекдаги норозилик намойишига чиққанлар «Мустақил Қирғизистон тарафдоримиз», «Йўқолсин хоинлар», «Қирғизистон мустақил бўлиб қолади» ва «Қирғизистондан қўлингни торт» деган шиорларни ушлаб туришган.

Қирғизистондаги мустақиллик ва сўз эркинлиги бебаҳо неъмат, фуқаролар улар учун курашиши керак, деди Бишкек марказий майдонидаги намойишчилар раҳбари.

«Мамлакатимиз Совет Иттифоқидан мустақил бўлганидан сўнг ўтган 30 йил ичида янги, озод қирғизистонлик дунёга келди. Биз энди асло тиз чўкмаймиз», деди у.

«Мустақил Қирғизистон» номи билан танилган Facebook гуруҳи аъзоси, бишкеклик Қундуз Акматова Омонқуловга ишора қилиб, Қирғизистоннинг Россияга қўшилишини қўллаб-қувватловчи сиёсатчиларни лаганбардорлар деб атади.

«Улар Путиннинг ноғорасига ўйнамоқда. Биз 70 йилдан кўпроқ вақт Совет Иттифоқи деб аталган бу ботқоққа ботиб яшадик [1917-1991]. Яна қанча чидаш мумкин? Мамлакатимизга лаганбардорлар эмас, балки ҳақиқий ислоҳотчилар керак», деб ёзган Акматова.

Таҳлилчиларга кўра, Қирғизистон суверенитетининг ҳимоясига бағишланган намойиш мамлакат сиёсий ҳаётида юз бераётган замонавий тенденцияларни акс эттиради.

«Намойиш миллий суверенитет ғояси, унинг давлатчилик ва сиёсий тақдирни мустақил белгилаш асоси сифатидаги инкор этилмас қиммати ва аҳамияти, айниқса қирғиз сиёсатчиларининг янги авлоди орасида тобора оммалашиб, мустаҳкамланиб бораётгани билан рамзий маъно касб этди», дейди бишкеклик сиёсий таҳлилчи Аскат Дукенбаев.

Дукенбаев яқинда ўтган намойиш «Қирғизистон сиёсий ҳаётида бурилиш нуқтаси» бўлишига умид билдирди.

«Мамлакатдаги таниқли сиёсий арбобларнинг бу каби баёнотлари, авваламбор, сиёсатчиларнинг ўзлари учун ачинарли, зеро бундай баёнотлардан кейин улар Путиннинг Қирғизистондаги таъсири хизматкорларига ўхшаб қолмоқдалар», деб қўшимча қилди у.

Россиянинг аралашуви

Аманқуловнинг Қирғизистоннинг Россия билан қўшилиши ҳақидаги провокацион баёнотларига Қирғизистоннинг бошқа сиёсатчилари ҳам муносабат билдиришган.

Қирғизистон ва Россиянинг бирлашуви масаласи Қирғизистонда ва Россиядаги қирғиз диаспораси орасида муҳокама қилинмоқда, деган эди Қирғизистоннинг Россиядаги собиқ элчиси Раимқул Аттокуров 12 сентябр куни Правда.ру интернет-нашрига интервьюсида.

«Бирга бўлиш – тарихан тақдиримизда бор. Белорус дўстларимиз билан содир бўлаётган воқеалардан айтиш мумкинки, халқаро стратегик объективлик шуни тақозо этмоқда», деди Аттокуров.

Москвадаги қирғиз диаспораси ташкилоти – «Қирғиз биримдиги» (Қирғиз бирдамлиги) раиси Абдуғани Шакиров дарҳол Аттокуровнинг баёнотини рад этган.

«Қирғиз Биримдиги»да ватанимизнинг бошқа мамлакат таркибига кириши ҳақида ҳеч қандай мунозаралар бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз Раимқул Аттокуров Россияда яшаётган қирғизлар номидан бу мавзуда гапиришга ҳақли эмас, деб ҳисоблаймиз, деди Шакиров 14 сентябр куни 24.kg нашрига.

«У Қирғизистон суверенитетини қадрлаши керак», деди Шакиров.

Аттокуров бир неча кундан кейин Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида Россия нашри унинг сўзларини бузиб талқин қилганини айтган.

«Эҳтимол, уларнинг (россиялик журналистларнинг) ўз мақсадлари ва манфаатлари бордир», деди Аттокуров.

Айрим сиёсатчиларга кўра, Қирғизистон ва Россиянинг эҳтимолий бирлашувига оид бу икки баёнот ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкин.

«Бир Бол» (Бир бўл) партияси аъзоси, Қирғизистон Республикасининг инвестицияларни ҳимоялаш ва рағбатлантириш агентлигининг собиқ директори Эсен Мўминкулов қирғиз сиёсатчиларининг сўнгги провокацион баёнотлари Россия разведкасининг саъй-ҳаракатлари маҳсули эканига ишонишини айтган.

«Мамлакатимиз мустақиллиги сиёсатчиларга эмас, халққа тегишли», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 12
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бизнинг подшоҳ мамлакатингизни молиялаштиришни тўхтатиб қўйди. Бизнинг байроғимизни ёқинг, раҳбаримиз суратини таҳқирланг... Кейин Арманистоннинг куни бошингизга тушади. Биз сизга ёрдамга келамизми-йўқми, масала шунда. Империяни тарк этдингиз; энди яшанг. Бизни нега айблаяпсиз? Бизга сизнинг ерингиз керак эмас; ўзимизники етарли.

Жавоб бериш

Россия Қирғизистонга ёрдам беришни бутунлай тўхтатиши керак, ёрдам берадиган бўлса ҳам, фақат диаспорага ёрдам бериши керак, шундай қилиш адолатдан бўлади. Акс ҳолда, кредитлар еб юбориляпти, натижа эса йўқ, кейин қашшоқ ва жарликка қулаётган Россия бой ва обод Қирғизистоннинг қарзларидан воз кечади. Россия бундан кейин ҳеч кимни ўзига қўшиб олмайди, агар уларнинг ўзи сўрамаса; охир-оқибат, уларнинг ўзлари сўрайдилар буни. Яна озгина вақтдан кейин аввалдан Хитой тегишли бўлган ерлар (Қирғизистон) қарзлар оқибатида Хитойга қайтади.

Жавоб бериш

Намойишчиларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Жавоб бериш

Қаршилик иқтисодга зарба бермаслиги керак, лекин мустақиллик учун кураш ўзини оқлайди.

Жавоб бериш

Ҳозир Россия санкциялар остида қолган. Чўкаётган кемага чиқиб нима қиламиз?

Жавоб бериш

Қирғизистон мустақиллиги ҳамма нарсадан устун. Биз Россия билан бирлашишни хоҳламаймиз.

Жавоб бериш

Ўзларингни жуда юқори баҳолаб юборманглар. Россияга бунақа даҳмазани нима кераги бор, сизларни қўшиб оламан деб ўлиб тургани йўқ Россияни, хомхаёлга берилманг 60190

Жавоб бериш

Намойишчиларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Қашшоқ Россиянинг кераги йўқ.

Жавоб бериш

Нима дейишим мумкин? Булар ўз тарихларини унутган эсипаст, тентак либераллар. Бир пайтлар қирғизлар қўқонлик ва хитойликлардан ҳимояланиш мақсадида Россияга паноҳ сўраб келишганди. Энди нега типирчилайсанлар? Қанақа суверенитет, жин урсин? Сизларни аллақачон ичак-чавоқларингиз билан бирга сотиб олишган. Қумтордан олинган 300 тоннадан зиёд олтин қани? 30 йил давомида барпо этилган, кўплаб корхоналарга эга саноат қани, битта ташландиқ нефтни қайта ишлаш заводи бор, уям бўлса Хитойники? Нега ночор тиланчилар каби бутун дунёдан садақа сўрайсизлар, кейин бирор кор-ҳол юз берса, дарров Россияга чопасизлар? Ўзингиз учун Х камераси ва демократиядан бошқа ҳеч нарса

Жавоб бериш

Бизга Россия билан ҳеч қандай иттифоқ керак эмас.

Жавоб бериш

Айнан Россия билан бирлашиш Марказий Осиёни феодал жамиятдан цивилизациялашган давлатга айлантирди. Айнан русларнинг ёрдами билан мактаблар, университетлар, завод ва фабрикалар қурилган, давлат расмийлаштирилган.

Жавоб бериш

Ёлғонни бас қилинг, аввал ҳамма нарсани йўқ қилдинглар, энди эса тарихни қайта ёзмоқчисизлар. Бу ерда ким абориген эканлигини ҳаёт кўрсатди. Шунча имкониятларга эга Россияни ёқилғи қуйиш шохобчасига айлантирдинглар; ҳалиям подшоҳингиз олдида тиз чўкиб, ҳеч қачон сизга тегишли бўлмаган ерлардаги экологияни ўлдиряпсизлар. Ўтмишда яшашда давом этинг, чунки ҳозирги замон сизга муҳтож эмас.

Жавоб бериш