Карвонсарой
Намойишлар

Путин Россияси атрофида можаро ва норозилик аланга олмоқда

Карвонсарой AFP

Парламент сайлови натижаларидан норози бўлиб намойишга чиққан ва асосий ҳукумат биноси – Оқ уйни эгаллаган қирғизлар гулхан атрофига тўпландилар, 6 октябр, Бишкек. [VYACHESLAV OSELEDKO/AFP]

Парламент сайлови натижаларидан норози бўлиб намойишга чиққан ва асосий ҳукумат биноси – Оқ уйни эгаллаган қирғизлар гулхан атрофига тўпландилар, 6 октябр, Бишкек. [VYACHESLAV OSELEDKO/AFP]

1991 йилги Совет Иттифоқи парчаланишидан кейин ўтган қарийб 30 йил ичида Москва халқаро саҳнадаги мавқеини мустаҳкамлаган бўлса-да, расмий жиҳатдан унинг сафида бўлган яқин-атрофдаги мамлакатларда қайта авж олган низолар ва тарихий қаршилик ҳаракатлари нотинчлик ва можаролар билан советча намунадаги диктаторлар учун хавф туғдирмоқда.

Ҳокимиятни сақлаб қолиш учун зўр бериб курашаётган авторитар лидерлар советлардан кейинги Россиянинг таъсирида шаклланган ёқимсиз тизимларни ҳимоя қилмоқдалар – Кремл билан келишиб ишлаш, «маъмурий ресурсларни» ишга солиб, сайлов натижаларини ҳукуматпараст партиялар фойдасига ҳал қилиш ва ҳаётнинг ҳамма соҳаларини қамраб олган коррупция.

Улар ёрдам сўраган вақтда Россия президенти Владимир Путин икки ёқимсиз танлов қаршисида қолади: «биринчиси – жамоатчилик норозилигига учраш хавфи остида иттифоқчи давлатни қўллаб-қувватлашга рози бўлиш, иккинчиси – қўшни режимларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш билан низонинг бутун минтақа бўйлаб тарқалиб кетиши эҳтимоли ва ўз (Россиянинг) заифлигини эътироф этишдир», деб ёзган эди ўтган ҳафта Financial Times.

Москвадан мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилган постсовет давлатлар эса Россия қўшинларининг бузғунчилиги ва ҳатто босқинига қарши курашишга мажбур бўлишган.

7 октябрь куни расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг асосий шаҳри – Степанакертдаги ҳаво ҳужумларидан вайрон бўлган уй олдида турган қария. Арманистон ва Озарбайжон баҳсли яна минтақа учун жанг қилмоқда. [ARIS MESSINIS/AFP]

7 октябрь куни расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг асосий шаҳри – Степанакертдаги ҳаво ҳужумларидан вайрон бўлган уй олдида турган қария. Арманистон ва Озарбайжон баҳсли яна минтақа учун жанг қилмоқда. [ARIS MESSINIS/AFP]

Президент сайлови натижаларига қарши норозилик намойиши чоғида тиканли симлар ортида турган Беларус аскарлари, 30 август, Минск. [TUT.BY/AFP]

Президент сайлови натижаларига қарши норозилик намойиши чоғида тиканли симлар ортида турган Беларус аскарлари, 30 август, Минск. [TUT.BY/AFP]

Беларус: тинч намойишлар ва уларнинг бостилиши

Беларус президенти Александр Лукашенко 1994 йилдан бери ўз давлатини темир мушт ва советча авторитаризм билан бошқариб келади.

Лукашенконинг 9 август кунги президент сайловида 80 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани ҳақидаги баёноти унинг бошқарувига қарши тарихий норозиликларни келтириб чиқарди, сайловдан кейинги ҳар дам олиш кунлари кўчалар унинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчиларга тўлди.

Намойишлар сайловдан кейин бир неча ой ўтиб ҳам, полициянинг шафқатсиз тазйиқлари, таниқли ва кўзга кўринган мухолифатчиларнинг ҳибсга олиниши ёки қувғин қилинишига қарамай тугагани йўқ.

Лукашенко беқарор иттифоқчи бўлса-да, Москва учун муҳим фигура ҳисобланади, Путин эса Белоруссияни Россия ва НАТО ўртасидаги буфер ҳудуд деб билади.

Икки давлат раҳбарлари 14 сентябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида яккама-якка музокаралар ўтказдилар.

Путин жанговар ҳолатдаги Беларус лидерини қўллаб-қувватлаб, унга 1,5 миллиард долларлик кредит ваъда қилар экан, Лукашенко ҳам Москва билан алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда берган.

Лукашенко Путинга ўзини «муносиб тутгани» учун миннатдорчилик билдирар экан, Беларус «катта оғаси билан яқин бўлиши ва барча масалаларда ҳамкорлик қилиши» кераклигини айтган.

Шундай бўлса-да, Путиннинг қўллови беғараз эмас.

Агар кенг миқёсли норозиликлар туфайли Беларус режими қулайдиган бўлса, «кейинги навбат Россияники бўлади», деб огоҳлантирган Лукашенко 8 сентябр куни Россия телевидениесига берган интервьюсида.

Учрашув Россияда август ойи охирида мухолифатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланишидан кейин мухолифат лидерлари томонидан рамзий ғалаба деб эълон қилинган маҳаллий сайловлар ортидан ўтказилган.

Тоғли Қорабоғ: Совет даврига бориб тақалувчи можаро

Совет Иттифоқи 1920-йилларда Арманистоннинг Тоғли Қорабоғ вилоятининг катта қисмини Озарбайжон ҳудуди этиб белгилаган.

Бу чора унинг Совет иттифоқидаги миллатларни мувозанатдан чиқаришга қаратилган «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» стратегиясининг бир қисми эди – унга кўра, Совет республикаларида битта муайян этник гуруҳ ҳукмронлик қилувчи ҳудудлар ичида бошқа миллий озчилик яшовчи анклавлар ташкил этилган.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, СССР тарафидан ҳудудий анклав шаклида қолдирилган «секин портловчи бомбалар» туфайли Қирғизистон-Ўзбекистон, Қирғизистон-Тожикистон ва Тожикистон-Ўзбекистон ўртасида чегара можаролари авж олган эди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан бери, Арманистон томонидан қўллаб-қувватланадиган Қорабоғдаги бўлгинчилар ва Озарбайжон ўртасида низолар 30 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган.

1994 йили Арманистон воситачилигида эришилган сулҳ натижасида арманлар қўлловидаги расман тан олинмаган республикага асос солинди.

Россия режими Арманистон билан ҳам, Озарбайжон билан ҳам яхши муносабатда бўлса-да, муаммони сиёсий жиҳатдан ҳал қила олмади. Айрим кузатувчиларнинг тахминича, у ҳар икки томонга ўз таъсирини ўтказиш учун можаронинг янада авж олишини хоҳлаётган бўлиши ҳам мумкин.

Ўнлаб йилларга чўзилган муваффақиятсиз музокаралардан сўнг ўтган ой охирида минтақада яна жанглар бошланди ва Озарбайжон Туркиянинг кўмаги билан Қорабоғни эгаллашга қарор қилганини айтди.

Қирғизистон: такрорланаётган инқилоблар

Қирғизистон барча Марказий Осиё давлатлари орасида энг демократик ва айни вақтда энг беқарор мамлакатдир.

Авторитаризм, коррупция ва сайловларнинг сохталаштирилишига қарши курашган мамлакат 2005 ва 2010 йилларда икки президентни ҳокимиятдан ағдариб ташлаган инқилобларга гувоҳ бўлган.

2010 йилда Қирғизистон жанубидаги этник ўзбек озчиликлари шафқатсиз зўравонликларга дуч келган эдилар.

Мамлакатни бир неча йил ўртача барқарорлик билан идора қилган собиқ президент Алмазбек Атамбоев 2017 йилда ўз ўрнини россияпараст шериги Сооронбай Жеенбековга бўшатиб берди.

Ўтмишдошининг таъсиридан чиқиб кетишга уринган Жеенбеков 2019 йилда иттифоқдоши Атамбаевнинг уйида полиция рейдлари ўтказиб, уни қамоққа олганидан сўнг, ўзаро муносабатларга путур етган.

2019 йилдаги учрашувлар давомида Путиннинг бу икки лидерни яраштиришга қаратилган уринишлари самара бермаган.

Бу ойда парламент сайловларида овозларнинг сотиб олинганига оид кенг кўламли айбловлар ортидан шиддатли тўқнашувлар юзага келди, намойишчилар ҳукумат биноларини эгаллаб олишди ва мамлакат Марказий сайлов комиссияси сешанба (6 октябрь) куни сайлов натижаларини бекор қилишидан аввал Атамбаевни озод қилишди.

Бу инқирозни Қирғизистонда ўз ҳарбий базасига эга Россия ва қўшни Хитой диққат билан кузатмоқда.

Июн ойида Кремл ўз авиабазасидаги учиш-қўниш йўлагини Россия ҳудудининг бир қисми деб эълон қилиши ортидан маҳаллий аҳоли ва сиёсатчиларнинг жиддий эътирозига учраган эди. Март ойида эса қирғизистонлик таҳлилчилар Россиянинг Қирғизистон ҳудудида ҳаво ва ракеталарга қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш мақсадини шубҳа остига олганлар.

Қирғизистоннинг Хитойга қарамлиги ҳам кучайиши мумкин – яқинда Жеенбеков коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларини юмшатиш учун Пекиндан олинган 1,8 миллиард долларлик қарзни (мамлакат ташқи қарзининг 40 фоизидан ортиғи) узиш муддатини узайтиришни сўраб, Хитой Эксимбанкига мурожаат қилган.

Пекин Марказий Осиёнинг коронавирус оқибатларига қарши курашидан ўзининг геосиёсий ва иқтисодий мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланмоқда, дейди кузатувчилар.

Украина: Москванинг Ғарб билан қарама-қаршилиги

2014 йилда Украинадаги Ғарбга мойил халқ ғалаёнлари Россиянинг Қрим ярим оролини аннексия қилишига йўл очди ҳамда мамлакат шарқида Киев ҳукумат кучлари ва Москва қўлловидаги айирмачилар ўртасида бугунги кунгача давом этаётган урушнинг бошланишига сабаб бўлди.

Путин Украинага Россия қўшинларини («яшил одамчалар») жойлаштириш билан НАТО ва Европа Иттифоқи собиқ Совет давлатларининг кўнглини овлашни тўхтатиши керак, деган аниқ мужда йўллади.

Франция ва Германия бошчилигидаги тинчлик музокаралари кўп жиҳатдан бошиберк кўчага кириб қолган бўлса-да, 2019 йилда Владимир Зеленскийнинг Украина президенти этиб сайланиши 13 минг кишининг умрига зомин бўлган можарони тўхтатиш бўйича музокараларга долзарб тус берган.

Россия ва Грузия ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, 2008 йилда Москванинг Грузия ичидаги икки норасмий республикани тан олиши билан тугаган қисқа урушдан кейин ҳам кескинлашган. Россия қўшинлари мамлакат ҳудудининг 20 фоизини эгаллаган.

Шунингдек, Россиянинг аралашуви туфайли Молдова лидерлари ҳам ўз мамлакатларининг бир қисми устидан бошқарувни йўқотганлар. Москва 1990 йилги урушдан кейин ажралиб чиққан тор мамлакат – русийзабон Приднестровьенинг катта қисмига тинчликпарвар кучларни жойлаштирган. Кремл Приднестровьенинг айирмачи амалдорларни қўллаб-қувватлаб келади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу намойишларнинг ҳаммасига Россия ҳомийлик қилмоқда

Жавоб бериш

Ҳаммаси йўриқномаларда бўлгани каби баён қилинган

Жавоб бериш

Авторитар режимлар бир-бирини ҳимоя қилади.

Жавоб бериш

Россиянинг ўзида Хабаровск Путинга қарши қарийб 2 ойдан бери намойиш ўтказмоқда. Айримлар уларга Хитой ҳомийлик қилаётганини айтмоқда.

Жавоб бериш