Сайловлар

Қирғизистонда сиёсий тартибсизликларга барҳам бериш учун декабр ойида парламент сайловлари ўтказилади

Карвонсарой ва AFP

image

Яқинда бош вазир этиб тайинланган Садир Жапаров (чапда) ва собиқ президент Сооранбай Жеенбеков (ўнгда) навбатдан ташқари парламент сессиясига келишмоқда, 16 октябр, Бишкек . (Вячаслав Оселедко/AFP)

БИШКЕК – Марказий сайлов комиссиясига (МСК) кўра, 20 декабрь куни Қирғизистонда янги парламент сайловлари, ундан бир ой ўтиб – 17 январ куни эса президент сайловлари ўтказилиши мумкин.

Аниқ саналар ҳали тасдиқланмаган, деди комиссия раҳбари Нуржан Шаилдабекова мухбирларга жума (16 октябр) куни.

Пайшанба (15 октябр) куни Сооронбай Жеенбеков 2005 йилдан бери Қирғизистонда ўз лавозимидан озод этилган учинчи президент бўлди. У собиқ совет мамлакатида қон тўкилишининг олдини олиш учун шундай қарорга келганини айтган.

Мухолифат тарафидан сохталаштирилгани даъво қилинган 4 октябр кунги парламент сайловлари ортидан намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда бир киши ҳалок бўлган, 1200 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Сайлов натижаларининг бекор қилингани ҳам мамлакатда ҳокимият вакууми юзага келиш хавфининг олдини ололмаган.

Парламентга мурожаат қилар экан, Жеенбеков «Аллоҳ ва халқи олдида тоза» эканини айтиб, истеъфога чиқаётганини тасдиқлаган. Депутатлар уни гулдурос қарсаклар билан залдан кузатиб қўйишган.

Унинг ўз вазифасидан кетиши бош вазир Садир Жапаров президентлик ваколатларини вақтинча ўз зиммасига олишини англатади, чунки парламент спикери бу лавозимдан бош тортган.

Жапаров декабрда ўтиши режалаштирилган парламент сайловларини назорат қилишга ваъда берган.

Москва унинг ҳукуматини тан олишга шошилмаяпти, зеро бу икки шахснинг ҳафта бошидаги қарама-қаршилиги чоғида Кремль, афтидан Жеенбековни қўллаб-қувватлаётган эди.

Россия президенти Владимир Путин Россия атрофидаги мамлакатларда Совет Иттифоқи даврида музлатилганидан бери қайта жонланаётган можаролар туфайли қўрқувда қолган кўринади.

Кремлда Беларус ва Қирғизистондаги сиёсий инқирозлар, шунингдек тобора авж олаётган Тоғли Қорабоғ можаросига чора йўққа ўхшайди.

Беқарорлик давом этмоқда

«Аллоҳга шукрки, ҳокимият тинч йўл билан алмашди», деб айтган Жапаров парламентга.

«Ташқи сиёсат ва бошқа муҳим йўналишларни сақлаб қолиш учун қўлимдан келганини қиламан», деб айтган у.

Лекин, ундан кейин сўзга чиққан депутат Жапаровни Конституцияга мувофиқ президент сайловида иштирок эта олмаслигини айтиб огоҳлантирган ва қирғиз расмийси учун ҳар икки лавозимни эгаллаш имконсиз эканини таъкидлаган.

«Тақдир сизга шундай синов ва имконият бермоқда», деб айтган 2010 йилги инқилобдан кейин конституциявий ислоҳотларнинг қабул қилинишида муҳим рол ўйнаган Омурбек Текебаев.

Депутатларнинг ҳеч бири Жапаровга қарши сўзга чиқмаган. Пойтахтдаги норозиликлар давомида унинг тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилган эди.

Жапаров норозиликлар вақтида ҳибсдан озод этилган йирик сиёсий арбоблардан бири эди. Одамларни гаровга олиш ва уюшган жиноятчиликда гумонланган сиёсатчи бу айбловларни рад этган эди.

1991 йилда мустақилликка эришган Қирғизистонда қарийб 30 йилнинг кўп қисми сиёсий беқарорликда ўтган.

Ҳукуматингизнинг Россияга қарамликни олдини олиш ёки уни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайсизми?
Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500