ВАШИНГТОН – Қўшма Штатлар Россия ҳарбий разведкасининг олти зобитини бутун дунё бўйлаб киберҳужумларни амалга оширганликда айбламоқда. Бу ҳақда душанба (19 октябрь) куни АҚШ адлия вазирлиги баёнот берган.
Бу олтовлон Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) 74455-бўлинмасининг зобитлари – Юрий Сергеевич Андриенко (32 ёш), Сергей Владимирович Детистов (35 ёш), Павел Валеревич Фролов (28 ёш), Анатолий Сергеевич Ковалев (29 ёш), Артем Валеревич Очиченко (27 ёш) ва 32 яшар Петр Николаевич Плискинлардир.
Улар 2015 ва 2016 йилларда Украинанинг энергетика тизимига қарши киберҳужумлар уюштиришда, 2017 йили Франциядаги сайловлар ва 2018 йилда Жанубий Кореяда ўтган қишки Олимпия ўйинлари, шунингдек 2017 йилда бутун дунёдаги компьютерларни зарарлаб, АҚШнинг уч компаниясига қарийб 1 миллиард доллар зиён келтирган «NotPetya» вируси ҳужумларида айбланган.
Улар, шунингдек россиялик собиқ икки тарафлама жосус Сергей Скрипал ва қизининг Англияда асабни фалажловчи модда билан заҳарланишига оид халқаро терговга, шунингдек, Грузия парламенти ва оммавий ахборот воситаларига қарши киберҳужум уюштиришда гумонланмоқда.
Олти зобит «битта гуруҳ томонидан содир этилган энг ҳалокатли ва вайронкор туркум киберҳужумлар» учун масъулдир, деди АҚШ Бош прокурорининг ёрдамчиси Жон Демерс.
Худди шу ГРУ бўлинмаси зобитлари аввалроқ АҚШда 2016 йилги сайловларга путур етказишга уринишда айбланган эдилар, дейди Демерс.
Бу айбловлар 2015 йилдан 2019 йилгача содир этилган тўрт йиллик зарарли киберфаолият, жумладан, компьютер фирибгарлиги ва жиноий тил бириктириш, электрон пул ўтказмалари билан боғлиқ фирибгарликлар ва шу мақсадларда тил бириктириш, оғирлаштирувчи ҳолатларда компьютерлар ҳимоясини бузиб кириш ва шахсий маълумотларни ўғирлаш кабиларни ўз ичига олади.
«Инжиқ бола»
Гуруҳ фаолияти Франция, Грузия, Нидерландия, Корея Республикаси, Украина, Буюк Британия ва АҚШни қамраб олган.
Айбланувчилар 2015 йил декабр ва 2016 йил декабр ойларида Украинадаги электр тармоқларига қарши зараркунанда дастурларни қўллаган ҳолда ҳужумлар уюштирган, деди Демерс.
«Булар ўта муҳим фуқаровий инфратузилма объектларининг бошқарув тизимларига қарши зарарли дастурлар ёрдамида уюштирилган илк жиддий ҳужумлардир», деди у.
«Бу ҳужумлар оқибатида шарқий Европада қишнинг ўртасида электр ва иссиқлик таъминоти узилиб қолди ва юз минглаб украиналик эркаклар, аёллар ва болалар қоронғулиқ ва совуқда қолишди.
Айбланаётган шахслар 2017 йилги сайловлар олдидан Франция президенти Эммануэль Макроннинг сиёсий партияси ва Франциянинг маҳаллий бошқарув органларига қарши «махфий маълумотларни ўғирлаш ва уларни жамоатчиликка ошкор қилишга» қаратилган операцияларни амалга оширган.
Демерснинг айтишича, 2018 йил Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳридаги қишки Олимпия ўйинлари киберҳужумлар нишонига айланган, бунга ҳукумат қўллаб-қувватлаган допинг можароси туфайли Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) россиялик спортчиларига ушбу спорт тадбирида мамлакат байроғи остида қатнашишни тақиқлаб қўйгани сабаб бўлган.
«Уларнинг киберҳужуми инжиқ боланинг эмоционал етуклигини миллий давлат ресурслари билан бирлаштирди», деди у айбдорлар бу хатти-ҳаракатни Шимолий Кореяга тўнкашга уринганини қўшимча қилиб.
ХОҚ коронавирус пандемияси сабабли Токио олимпиадасини 2021 йилга қолдиришидан аввал, гуруҳ Олимпия ўйинлари билан боғлиқ объектларга қарши онлайн-разведка амалиётларини ўтказган, деб хабар берган 19 октябр куни Буюк Британия расмийлари.
2018 йил апрел ойида халқаро Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ва Бирлашган Қиролликнинг мудофаавий фан ва технологиялар лабораторияси томонидан Скрипалнинг заҳарланиши юзасидан олиб борилаётган терговларга қарши «найза фишинги» (электрон почта қабул қилувчилардан алдов йўли билан махфий маълумотлар олиш) кампаниялари бошланган.
2018 йилда Грузияда йирик ОАВга қарши найзали фишинг кампанияси бошланди, 2019 йилда эса хакерлар мамлакат парламентининг компьютер тармоғини бузишга уриндилар, деб хабар беради Адлия вазирлиги.
Бу орада 2017 йили NotPetya вируси ҳужумлари бутун дунё бўйлаб бизнес ва инфратузилмага жиддий зарба берди – АҚШда бу ҳужумдан касалхоналар, FedEx почта гигантининг шўъба корхонаси ва фармацевтика компанияси талафот кўрган.
Бузғунчилик ва масъулиятсизлик
Бу айбловлар Россиянинг кенг тарқалган хакерлик ва дезинформация тактикасини фош этади.
«Ҳеч бир мамлакат Россия сингари ўз кибер-салоҳиятини бу каби ёвуз ниятда ёки масъулиятсизлик билан қўллаб, арзимаган тактик афзалликларга эришиш ва қаҳр-ғазабини бостириш учун асоссиз равишда мисли кўрилмаган зарар етказмаган», деди Демерс.
Июл ойида Британия расмийлари Россия разведкасини маълумотлар ва интеллектуал мулкни ўғирлаш мақсадида COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган турли ташкилотларга қарши онлайн ҳужумлар уюштиришда айбладилар.
«Бутун дунё COVID-19га қарши кураш йўлида бирлашган вақтда... Россия ҳукуматининг бундай ишлар билан шуғулланиши ўта хунук ва номуносибдир», деган эди ўшанда Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.
Аввалроқ, май ойида Германия канцлери Ангела Меркел Кремль томонидан унинг шахсий ҳисобларини бузиш ва етакчи сиёсатчилар ортидан жосуслик қилиш уринишларидан ҳафсаласи пир бўлганини айтган.
Бу ҳодисалар Россияга алоқадор минглаб ижтимоий тармоқ аккаунтларининг Ғарб соғлиқни сақлаш тизимларини обрўсизлантириш кампанияси доирасида коронавирусга оид фитна назарияларини тарқатиш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатларни бошлаши ортидан юз берган.
Май ойида Facebook бутун дунё бўйлаб сайловлар ва жамиятга путур етказувчи таъсир чоралари билан шуғулланган Россияга алоқадор ўнлаб аккаунтларни ўчириб ташлаган эди. Февралда эса ижтимоий тармоқ этник зиддият қўзғашга уринган Россия ҳарбий разведкасига алоқадор ўнлаб аккаунтлардан тозаланган.
Сентябр ойида Facebook Қўшма Штатларда сиёсий тартибсизлик келтириб чиқаришга қаратилган, эндигина ниш ураётган Кремлга алоқадор кампанияни фош қилиб, «хорижий аралашув» сиёсатига қарши бўлган сўл прогрессив кучларни нишонга олган 13 та Facebook аккаунти ва ўзини журналист деб кўрсатган иккита саҳифадан иборат тармоқни ўчириб ташлаган.
Бундай юқори сифатли сафсатага тўла асоссиз мақолаларни ўқигандан кейин, бундай мақолани ёзиш учун Кличкога ўхшаган мияси ачиган одам бўлиш керак деб ўйлаб қоласан киши.
Жавоб беришФикрлар 1