Карвонсарой
Сайловлар

Россия ва Эрон муҳим сайловлар олдидан америкалик сайловчиларни қўрқитишга урингани маълум бўлди

Карвонсарой ва AFP

3 ноябр куни ўтадиган президент сайловларига муддатидан аввал овоз бериш учун навбатда турган америкалик сайловчилар, 21 октябр, Вена (Ғарбий Виржиния). [Stephen Zenner / AFP]

3 ноябр куни ўтадиган президент сайловларига муддатидан аввал овоз бериш учун навбатда турган америкалик сайловчилар, 21 октябр, Вена (Ғарбий Виржиния). [Stephen Zenner / AFP]

ВАШИНГТОН – Россия ва Эрон режимлари америкалик сайловчиларнинг маълумотларини қўлга киритиб, 3 ноябр куни ўтадиган президент сайлови олдидан жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга қаратилган чораларни қўлладилар, деб маълум қилган АҚШ расмийлари чоршанба (21 октябр) куни.

Эрон режими «сайловчиларни қўрқитиш» ва «одамлар орасида саросима қўзғаш» мақсадида америкаликларга атайин «сохта» электрон мактублар жўнатган, деб баёнот берди АҚШ миллий разведкаси раҳбари Жон Рэтклифф.

Теҳрон шунингдек, жиноятчиларнинг АҚШ ташқарисидан ҳам қалбаки бюллетенлар юбориши мумкинлиги ҳақида видеолавҳа тарқатган, деб қўшимча қилди у.

Эрон ва Россия режимлари «чалкашликлар ва тартибсизлик келтириб чиқариш ва Америка демократиясига путур етказиш умидида рўйхатдан ўтган сайловчиларга ёлғон маълумотлар етказишга уринмоқда», деди Ретклифф.

«Бу хатти-ҳаракатлар умидсизликка тушган душманларнинг ноумид уринишлари», деди у.

Мазкур баёнот сайловчиларнинг шахсий электрон почталарига Қўшма Штатлардаги таниқли қуролланган гуруҳ номидан хабар юборилиши ортидан эълон қилинган.

Таҳдидли хабар

Электрон мактубларни қабул қилувчиларни муайян тарзда овоз беришга чақиришган, «акс ҳолда биз олдингизга борамиз» деб қўрқитишган.

«Қайси номзодга овоз берганингизни билиб оламиз», дейилади мактубларда. «Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, буни жиддий қабул қилган бўлардим.»

Ретклифф ва АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) директори Кристофер Рэй руслар ва эронликлар қандай қилиб сайловчиларнинг маълумотларини қўлга киритгани ёки руслар ундан қандай фойдаланиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Россия, Эрон ва Хитой режимлари ижтимоий тармоқларда АҚШдаги сайловчиларга таъсир ўтказишга қаратилган дезинформацион хатти-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда, деб бир неча бор огоҳлантирган АҚШ разведка мутасаддилари.

АҚШ сайлов тизимлари хавфсизлигига путур етмаган, деб таъкидлади Рэй.

«Биз сайловларимизга нисбатан хорижий аралашувга, сизнинг овозингиз дахлсизлигига таҳдид соладиган ёки жамоатчиликда сайлов натижаларига нисбатан ишончсизлик уйғотадиган ҳар қандай жиноий хатти-ҳаракатларга тоқат қилмаймиз», деди у.

Пайшанба (22 октябр) куни Эрон ва Россия расмийлари бу айбловларни қатъиян рад этганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Асфальтга кўмиб юборинглар уларни.

Жавоб бериш