Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Қозоғистон полицияси фуқаролар ишончини қозонишга қаратилган янги тадбирни бошлади

Айдар Ашимов

15 сентябрь куни Чимкент шаҳрида тезкор профилактика чора-тадбирларини ўтказиш олдидан сафга тизилган участка нозирлари. [Қозоғистон ИИВ]

15 сентябрь куни Чимкент шаҳрида тезкор профилактика чора-тадбирларини ўтказиш олдидан сафга тизилган участка нозирлари. [Қозоғистон ИИВ]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистонда бошланган тезкор профилактик тадбирда участка нозирлари кўп қаватли уй хонадонлари ва хусусий уйларга ташриф буюриб, уларда яшовчи аҳоли билан танишиш ва хавф гуруҳига кирувчи шахсларни текшириш билан шуғулланмоқда.

Мамлакат бўйлаб уч ой давомида ўтказиладиган «Ҳудуд» операцияси 7 сентябрда бошланди ва 10 декабрга қадар давом этади, дейилади Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) сайтидаги хабарда.

Ушбу ташаббус жиноятчиликнинг олдини олишга, участка нозирларининг имижи ва таъсирини яхшилашга ҳамда фуқаролар билан ишончли муносабатлар ўрнатишга қаратилган, деб қўшимча қилади вазирлик.

Бу чора Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қўлбола синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмининг сезиларли даражада ошиши ортидан наркотиклар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашни кучайтирган бир пайтга тўғри келди.

19 сентябрь куни Қустанайда ўтказилган профилактика тадбирида участка инспектори хусусий уйда яшовчилардан бирининг ҳужжатларини текширмоқда. [Қозоғистон ИИВ]

19 сентябрь куни Қустанайда ўтказилган профилактика тадбирида участка инспектори хусусий уйда яшовчилардан бирининг ҳужжатларини текширмоқда. [Қозоғистон ИИВ]

Жорий йилнинг етти ойи давомида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан синтетик гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 320 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар кўп, деб хабар берган ИИВ ўтган ойда.

Аҳолига юқори сифатли хизматлар кўрсатиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда Қозоғистон полицияси янгича хизмат модели асосида ишлашга ўтган эди.

Мусодара қилинган қуроллар

Қизилўрда вилоятида ўтказилган «Ҳудуд» операцияси доирасида участка нозирлари 45 мингдан ортиқ хонадонга ташриф буюриб, 5000га яқин турли қоидабузарликларни аниқладилар.

Инспекторлар судланган, аммо қамоққа олинмай, шартли равишда ҳукм қилинганларга кўз-қулоқ бўлиб туришади.

Шимолий Қозоғистон вилоятида полиция 938 нафар судланувчини текшириб, суд ҳукмининг бузилиши билан боғлиқ 68 та ҳолатни аниқлаган. Судланганлардан 16 нафарини озодликдан маҳрум қилиш бўйича маҳаллий суд органларига тегишли ҳужжатлар юборилган.

Тадбир доирасида қурол-яроғ эгалари ҳам текширувдан ўтказилмоқда. Ақтўбе вилоятидаги профилактик чораларнинг илк декадасида қуролларни сақлаш ва полицияда рўйхатда ўтказиш қоидаларга зид келувчи етти дона қурол фуқаролардан мусодара қилинди.

«Бу чора-тадбирлар қамоққа олинмаган, аммо жазога ҳукм қилинган жиноятчиларнинг қайтадан жиноят содир этишининг олдини олиш, огоҳлантириш ва чора кўриш мақсадида амалга оширилмоқда», дейди Рудний шаҳридаги пробация хизмати катта инспектори Алмат Исмагулов Қозоғистон полициясининг расмий нашри бўлмиш Polisia.kz сайтига.

«Энг мақсад – рецидив жиноятчиликка барҳам бериш ва қидирувдаги судланувчиларнинг турар жойларини аниқлаш», деб қўшимча қилди у.

«Биз участкамиз нозирини таниймиз. Унинг уяли телефон рақамини ҳам биламиз, керак бўлса у билан алоқага чиқа оламиз», дейди таразлик 62 яшар Бибигул Улибекова.

«Ҳозир одамлар полицияга аввалгидан кўра кўпроқ ишонмоқда. Одамлар кичик қоидабузарликларга ҳам кўз юммаяпти. Шубҳали буюмлар ва қоидабузарлар ҳақида полицияга хабар беришни эса тўғри иш деб билмоқдалар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500