Карвонсарой
Хавфсизлик

Эрон Туркманистонни Қорабоғ можаросига махфий аралашувда айблаб ёмонотлиқ қилишга уринмоқда

Жумагули Аннаев

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жангларда томонлар ўз позицияларини ҳимоя қилиб турган пайтда фронтда патрул назорати олиб бораётган арман аскари. [Арис Мессинис/AFP]

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жангларда томонлар ўз позицияларини ҳимоя қилиб турган пайтда фронтда патрул назорати олиб бораётган арман аскари. [Арис Мессинис/AFP]

АШХОБОД – Арманистон-Озарбайжон низоси давом этар экан, Эрон Туркманистоннинг уруш ҳудудига Афғонистон орқали ёлланма жангариларнинг олиб ўтилиши билан боғлиқ яширин фитнадаги иштироки ҳақида дезинформация тарқатиб, Ашхободнинг жиддий эътирозига учради.

Эроннинг «Azariha» нашри 15 октябр куни ўз Телеграм-каналида Туркманистон ва АҚШ Афғонистондан Озарбайжонга жангарилар олиб ўтишга яширинча кўмаклашмоқда, деган асоссиз даъвони эълон қилган.

«Azariha» бу ҳақда Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИПК) киберхавфсизлик бўлимидаги манбаларга таяниб хабар берган.

«Афғон жангариларининг олиб ўтилаётгани тўғрисидаги хабар ҳаққоний чиқиши учун форсийзабон Телеграм канали Ан-124-100 юк самолётининг Багром (Афғонистон) шаҳридан Бокугача маршрутини жойлаган», дейди туркманистонлик журналист ва Эрон бўйича мутахассис, фамилияси хавфсизлик важидан ошкор қилинмаган Оғажума.

18 октябр куни Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жанглар чоғида фронтни қўриқлаётган арман аскарлари. [Арис Мессинис/AFP]

18 октябр куни Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жанглар чоғида фронтни қўриқлаётган арман аскарлари. [Арис Мессинис/AFP]

«Харитада 14 октябр куни нейтрал мақомга эга Туркманистон устидан учиб ўтган юк самолёти кўрсатилган», деди у Карвонсаройга.

Хабарда Ашхобод ва Вашингтонни халқаро терроризмга алоқадор деб кўрсатиш учун уларнинг бу парвозга яширинча изн бергани ҳақидаги асоссиз айбловлар бор, дейди Оғажума.

«(Форс тилидаги хабарда) АҚШ ва Туркманистон бевосита айбланмаган бўлса-да, унда бу мамлакатларнинг транспорт операциясида иштирок этаётганига яққол ишора бор», деди Оғажума.

«Сохта хабарлар»

«Багромдаги авиабазани АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари назорат қилади. Шу тариқа, хабарда америкаликлар (гўёки) афғон жангариларининг Тоғли Қорабоғ минтақасига жойлаштирилишида иштирок этаётганига ишора қилинган», деб қўшимча қилди у.

Қўшма Штатларнинг халқаро коалиция назоратидаги базада Украинада ишлаб чиқарилган транспорт самолётидан (Ан-124-100) фойдаланиши ҳам хабарнинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини тасдиқлайди.

«Бу сохта хабар Эроннинг барча рақиблари ва душманларини ёмонотлиқ қилиб, уларнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказишга қаратилган», деди Оғажума.

Хабарда, шунингдек, Туркманистон ўзининг ҳеч қандай урушда иштирок этмаслигини кўзда тутувчи чорак асрлик нейтралитетини бузгани ҳақида гап боради. Туркманистоннинг бетарафлик мақоми 1995 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Теҳроннинг бу дезинформацион уринишлари «беҳуда», деди ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

«Туркманистон чорак аср давомида бетарафлик тамойилларига содиқлигини исботлаб бўлган», дейди у.

Форс тилидаги хабарни Арманистон ҳарбий порталининг Телеграм-канали қайта чоп этган, деб хабар беради Turkmen.news.

Фитналар тарихи

Теҳрон дунёнинг турли мамлакатларига қарши қаратилган дезинформацион кампанияларда биринчи бор иштирок этаётгани йўқ.

Шу ҳафтанинг ўзида Эрон режими 3 ноябр куни ўтадиган президент сайловлари олдидан АҚШдаги сайловчиларни қўрқитишга урингани маълум бўлганди.

Эрон режими «сайловчиларни қўрқитиш» ва «одамлар орасида саросима қўзғаш» мақсадида америкаликларга атайин «сохта» электрон мактублар жўнатган, деб баёнот берди АҚШ миллий разведкаси раҳбари Жон Рэтклифф.

Теҳрон шунингдек, жиноятчиларнинг АҚШ ташқарисидан ҳам қалбаки бюллетенлар юбориши мумкинлиги ҳақида видеолавҳа тарқатган, деб қўшимча қилди у.

Шу йил бошида эпидемияга қарши курашни эплолмаганидан эътиборни чалғитиш мақсадида Эрон режими АҚШнинг COVID-19 вирусини яратгани ҳақидаги фитна назарияларини ёйинлашга уринди.

АҚШ ҳукумати феврал ойида вирусдан жабрланган Эронга ёрдам таклиф қилди, аммо уни қабул қилиш ва Эрон халқига ёрдам бериш ўрнига, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий таклифни рад этди ва уни Эрондаги вирус инқирозини оғирлаштиришга қаратилган «яширин чора» деган яна бир фитна назариясини тарқатди.

Июл ойида Эрон режими, шунингдек, узоқ вақт давом этган табиий газ можаросида Халқаро арбитраж суди томонидан Туркманистон фойдасига чиқарилган қарорни ўз манфаатига мослаб талқин қилишга уринган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Эрон тўртта мамлакатга бўлиниши керак: Форсий, Жанубий Озарбайжон, Шимолий Туркманистон ва Белужистон.

Жавоб бериш