Карвонсарой
Терроризм

Экстремизмга қарши курашаётган Қозоғистон аксилтеррор машқлар ўтказди

Айдар Ашимов

«Саккизоёқ-2020» тактик машғулотларида иштирок этаётган КНБ махсус кучлари самолётда гаровга олинганларни озод қилишни машқ қилмоқда, 22 октябр, Олмаота вилояти. [КНБ]

«Саккизоёқ-2020» тактик машғулотларида иштирок этаётган КНБ махсус кучлари самолётда гаровга олинганларни озод қилишни машқ қилмоқда, 22 октябр, Олмаота вилояти. [КНБ]

НУР-СУЛТОН – Ўтган ҳафтада Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) махсус кучлари эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёргарликни таъминлаш доирасида Олмаота шаҳри ва вилоятида аксилтеррор машқлар ўтказди.

22 октябрь куни «Саккизоёқ-2020» деб номланган бир кунлик машғулотлар потенциал аксилтеррор операциялар ўтказиш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда махсус кучларнинг самадорлигини оширишга қаратилди, дейилади КНБ хабарида.

КНБ баёнотида айтилишича, машғулотлар «халқаро терроризм ва экстремизмнинг бошқа турларидан келиб чиқувчи хавфларга қарши курашда» навбатдаги қадам бўлди.

Амалиёт давомида турли КНБ бўлинмаларининг вазиятни баҳолаш ва қўшма операцияларни такомиллаштириш бўйича ягона ёндашувлари ишлаб чиқилди.

22 октябр куни Олмаота вилоятида «Саккизоёқ-2020» машғулотларида иштирок этаётган КНБ махсус қўшинлари. [КНБ]

22 октябр куни Олмаота вилоятида «Саккизоёқ-2020» машғулотларида иштирок этаётган КНБ махсус қўшинлари. [КНБ]

22 октябр куни Олмаота вилоятида «Саккизоёқ-2020» машғулотларида қатнашаётган КНБ аскарлари. [КНБ]

22 октябр куни Олмаота вилоятида «Саккизоёқ-2020» машғулотларида қатнашаётган КНБ аскарлари. [КНБ]

Сўнгги йилларда Қозоғистонда бирорта ҳам теракт содир этилмаган бўлса-да, куч тузилмалари турли вилоятларда экстремистлар ва террорчилик ташкилотлари тарафдорларини фош қилишда давом этяпти.

Ушбу потенциал таҳдидлар КНБни ўз махсус кучларининг ҳар қандай потенциал ҳужумларга қарши тайёргарлигини такомиллаштиришга ундамоқда.

Шу йилнинг март ойида Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон иштирокида қўшма аксилтеррор машғулотлари бўлиб ўтган эди. Қозоғистонда сўнгги йирик аксилтеррор машқлари 2019 йилда ўтказилган бўлиб, улар темир йўллардаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Доимий хавф

Сентябрь ойида Атирау шаҳрида экстремистик ташвиқот ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган «Ислом давлати» (ИД) террорчилик ташкилотининг тарафдори олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Шунингдек, сентябр ойида Қарағанда вилоятида экстремистик материалларни интернетда очиқ ҳолда сақлашда айбланган аёл ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, ўтган бир ой давомида ҳуқуқ-тартибот органлари Туркистон, Атирау ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида тақиқланган адабиётларни тарқатиш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганлар.

КНБ бўлинмалари жойларда терроризмга қарши курашаётган ва машқ қилаётган бир пайтда, мамлакатда экстремизм таҳдидига қарши онлайн таълим олиб бориляпти, зеро COVID-19 билан боғлиқ карантин чекловлари юзма-юз таълимни имконсиз қилиб қўйган.

Масалан, 29 сентябр куни Тараз университети талабалари маҳаллий полиция бошқармаси томонидан ташкил этилган «Бузғунчи экстремистик оқимлар тарафдорларининг психологик жиҳатлари» номли онлайн маърузада қатнашдилар.

«Экстремизм ва терроризм билан боғлиқ мавзулар бугунги кунда ўз долзарблигини йўқотгани йўқ», дейди маърузачилардан бири, Жамбул вилояти полиция бошқармасининг терроризмга қарши кураш бўйича оператив ходими Динмуҳаммед Сауирбай.

«Шу сабабли, вазият қурбони бўлмаслик учун ёшлар ушбу мураккаб воқеликлар тўғрисида тушунчага эга бўлиши, улар ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш лозим», деди Сауирбаи Polisia.kz нашрига берган интервьюсида.

Қозоғистон ҳукумати терроризмга қарши кураш йўлида муваффақиятли чораларни амалга оширди, дейди қарағандалик диний мутахассис Нариман Байтенов.

«Терроризм таҳдиди нуқтаи назаридан мамлакатдаги вазиятни барқарор деса бўлади. У тегишли идоралар назорати остида», деди Байтенов. «Жамиятда терроризмдан қўрқиш йўқ, аммо у ҳар қандай экстремизм ёки жанговар радикализмни рад этади».

«Бу полицияга ишонч қўнғироқлари ва тақиқланган материаллар ҳақида фаол равишда хабар бераётган қозоғистонликларнинг хатти-ҳаракатларидан ҳам кўриниб турибди», дейди Байтенов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500