Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

АҚШ Сенати Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан сиёсатини «геноцид» деб эълон қилди

Карвонсарой ва AFP

2019 йилги фотосурат: Мусулмонларга қарши «геноцид» содир этилаётган Шинжонда тиканли симлар ортида жойлашган тураржой мажмуасидаги Хитой байроғи. [Greg Baker/AFP]

2019 йилги фотосурат: Мусулмонларга қарши «геноцид» содир этилаётган Шинжонда тиканли симлар ортида жойлашган тураржой мажмуасидаги Хитой байроғи. [Greg Baker/AFP]

ВАШИНГТОН – Cешанба (27 октябрь) куни АҚШ сенаторлари Хитой режимининг уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларга қарши геноцид сиёсатини қўллаётгани ҳақидаги резолюцияни қабул қилдилар. Бу чора лагерларда сақланаётган тахминан бир миллиондан ортиқ одам юзасидан режимга нисбатан босимни кучайтириши мумкин.

Резолюция турли сиёсий доираларга мансуб сенаторлар томонидан тақдим этилган.

«Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги уйғурлар, этник қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон озчиликлар вакилларига қарши кампанияси геноцид ҳисобланади», дейилади ҳужжат матнида.

«Ушбу резолюция жиноятларни асл ҳолича тан олади ва мудҳиш хатти-ҳаракатлари учун Хитойни жавобгарликка тортиш йўлидаги илк қадам ҳисобланади», деди резолюция ташаббускорларидан бири, республикачи сенатор Жон Корнин.

Резолюция АҚШ «сукут сақлай олмаслигини» кўрсатади, деди демократ сенатор Жеф Меркли.

«Хитойнинг уйғурлар ва бошқа мусулмон озчилик гуруҳларига нисбатан тазйиқлари – кузатувнинг кучайиши, қамоққа олиш, қийноқлар ва «қайта тарбиялаш масканлари» – айни геноциддир», деди Мерклей.

1 миллиондан ортиқ одам ҳибсда

Пекин жамиятни мажбуран интеграция қилиш ва унинг исломий меросини йўқ қилишга уринар экан, Шинжон минтақасидаги лагерларда бир миллиондан зиёд мусулмон азият чекмоқда.

Пекин бу рақамларни инкор этиб, лагерларни радикализм таъсирининг олдини олиш бўйича кўникмаларни ўргатувчи касб-ҳунар марказлари деб таърифлайди.

Хитойнинг хатти-ҳаракатлари «1930-йилларда Германияда содир бўлган воқеаларни эслатади», деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео 17 октябрь куни Ҳиндистонга ташрифи чоғида The Print янгиликлар сайтига берган интервьюсида.

«Бу АҚШ ҳукуматининг, айниқса, Хитой коммунистик партияси бунга бепарво бўлиб турганида уйғур халқининг аҳволи борасида ғамхўрлик қилишини кўрсатувчи жуда кучли, икки партиявий мужда бўлиши мумкин эди», дейди Вашингтондаги Heritage Foundation консерватив ташкилотининг катта сиёсий таҳлилчиси Оливия Энос.

Геноцид таърифига мос келади

БМТнинг Холокостдан кейин ишлаб чиқилган геноцид тўғрисидаги конвенцияси аъзо давлатлар зиммасига «жирканч офат»нинг олдини олиш ва жазолаш мажбуриятини юклайди.

Унда «миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш мақсадида» ўлдириш ҳамда туғилишнинг олдини олиш каби ҳаракатлар геноцид ўлароқ малакаланади.

Немис тадқиқотчиси Адриан Зенцнинг фактларга асосланган тадқиқотига кўра, Пекин туғилиш квотасидан ошиб кетмаслик учун кўплаб уйғур аёлларини мажбуран стерилизация қилган ва аборт қилдириш учун босим ўтказди.

Сентябрь ойидаги тергов ҳисоботида сўнгги йиллар давомида Хитой ҳукумати Шинжонда 16 мингга яқин масжидни йўқ қилгани ва бу билан Коммунистик партия бошқарувидаги мамлакатдан Ислом маданиятини таг-туги билан йўқотишни мақсад қилгани айтилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳеч ким: Мутлақо ҳеч ким: Хитой: мусулмонларни Исломга амал қилишгани учун ўлдирмоқда. Йўқ, жиддий айтяпман. Хитойликлар бунга зўр бериб уринмоқда. Жуда кўп куч сарф қилиняпти бу ишга.

Жавоб бериш

XКП – инсониятнинг биринчи рақамли душмани.

Жавоб бериш

Россия Хитойнинг терроризмга қарши кураш тажрибасини ўзлаштирмоқда

Жавоб бериш