Карвонсарой
Жиноят ва адолат

АҚШ Марказий Осиёда наркотиклар ва одам савдосига қарши курашга оид янгиликларни эълон қилди

Карвонсарой

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) «Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар» лойиҳаси доирасида 500 дан ортиқ ҳукумат расмийлари, нодавлат ташкилотлар ходимлари ва талабаларга инсон ҳуқуқлари, ишга ёллаш этикаси ва одам савдосига қарши кураш усуллари бўйича таълим берилди. 18000 дан ортиқ кишининг одам савдоси хатарлари ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича билими оширилди. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) «Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар» лойиҳаси доирасида 500 дан ортиқ ҳукумат расмийлари, нодавлат ташкилотлар ходимлари ва талабаларга инсон ҳуқуқлари, ишга ёллаш этикаси ва одам савдосига қарши кураш усуллари бўйича таълим берилди. 18000 дан ортиқ кишининг одам савдоси хатарлари ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича билими оширилди. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

ДУШАНБЕ – Ўтган ҳафтада АҚШ ҳукумати Марказий Осиё давлатларига наркотрафик ва одам савдосига қарши курашда кўмаклашаётган бир қатор лойиҳаларга оид янгиликларни эълон қилди.

29 октябрь куни АҚШнинг Тожикистондаги элчихонасида давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирокида онлайн тадбир ўтказилди. Унда одам савдосининг олдини олиш, одам савдоси жабрдийдалари ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган ютуқлар, олинган сабоқлар ва илғор тажрибалар муҳокама қилинди.

Тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) «Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар» лойиҳаси якунлари сарҳисоб қилинди.

USAID лойиҳаси доирасида 500 дан ортиқ давлат идоралари расмийлари, нодавлат ташкилотлар ва талабаларга инсон ҳуқуқлари, ишга ёллаш этикаси ва одам савдосига қарши кураш усуллари бўйича билим берилиб, 18000 дан ортиқ кишининг одам савдоси хатарлари ва мигрантлар ҳуқуқларига оид хабардорлиги оширилди.

«Биз узоқ йиллар давомида Тожикистон ҳукумати, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятидаги манфаатдор томонлар билан хорижга ишчи кучини жалб қилишни такомиллаштириш ва одам савдоси билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш, аҳолининг хабардорлигини ошириш ва жабрдийдалар учун адолатни қарор топтириш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириб келмоқдамиз», деди тадбирда сўзга чиққан АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси вакили Жон Гинкел.

Охирги беш йил ичида 1000 дан ортиқ одам савдоси жабрдийдалари ва мигрантлар ушбу лойиҳа орқали реабилитация ва жамиятга қайта мослашиш жараёнидан ўтдилар. Натижада 62 мингдан ортиқ одам, жумладан, давлат идораларига мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқларини тиклашга эришди.

«Ҳамкорлар сифатида биз биргаликда Тожикистон фуқароларига яхшироқ хизмат кўрсатиш учун бундай тизимларни мустаҳкамлашимиз мумкин», деди у.

АҚШ ва Тожикистон ҳукуматлари одам савдосига қарши кураш бўйича 20 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда, дейилади элчихона баёнотида.

2001 йилдан бери USAID Тожикистонда одам савдосига оид хабардорликни ошириш ва одам савдосидан жабрланганларга ёрдам бериш учун 20 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган.

Наркотрафикка қарши курашдаги янги воситалар

Бу орада 29 октябр куни Қирғизистон республикаси Наркотикларга қарши кураш хизматининг (CNS) яқинда таъмирдан чиққан таҳлилий маркази қайта иш бошлади, дейилади Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси баёнотида.

Бино тўла таъмирланиб, алоҳида сервер, компьютерлар ва ҳимояланган ички тармоқ билан жиҳозланди. Модернизация лойиҳаси АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилди, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси эса янгиланиш ортидаги каттароқ ташаббусни мувофиқлаштирди. Бу ишлар учун 200 минг доллардан ортиқ маблағ сарфланди.

АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган лойиҳа доирасида мутахассисларга таълим берилиб, картография ва разведка маълумотларини таҳлил қиладиган янги дастурий таъминот тақдим этилди.

Қирғизистонлик оператив ходимлар CNS марказининг таҳлилий маҳсулотлари ёрдамида наркофурушлар Қирғизистон орқали Қозоғистон, Россия ва Европа Иттифоқига олиб ўтмоқчи бўлган катта миқдордаги афюн ва психотроп моддаларни қўлга олганлар.

Марказнинг очилиш маросимида Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Максат Мамитканов, ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари иштирок этдилар.

Тадбирда қатнашган расмийлар гиёҳванд моддаларга қарши курашда разведка маълумотларини яхшироқ таҳлил қилиш наркотиклар контрабандасига барҳам беришига умид билдирдилар.

Қўшма Штатлар CNSнинг трансмиллий жиноий гуруҳлар контрабандасига чек қўйиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500