Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитой ҳарбийлари хорижда агрессивлашиб бораётган бир пайтда Си мамлакат ичида шовинизмни авж олдирмоқда

Карвонсарой ва AFP

2020 йил сентябр ойи охирида ўтган ўқув машқлари чоғида иҳоталанган оролга кирган Хитой махсус қўшинлари шартли душманни қўлга олиш учун олға силжимоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

2020 йил сентябр ойи охирида ўтган ўқув машқлари чоғида иҳоталанган оролга кирган Хитой махсус қўшинлари шартли душманни қўлга олиш учун олға силжимоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

ПЕКИН – ХХР раиси Си Цзинпин ўз чиқишларида тобора кўпроқ шовинистик риторикага урғу берар экан, борган сари тажовузкор бўлиб бораётган хитойлик ҳарбийлар бошқа суверен давлатлар ҳудудига дахл қилмоқдалар – қўшни давлатлар, кузатувчилар ва халқаро ҳамжамият мазкур тенденциядан жиддий хавотирда.

Си сўнгги ҳафталарда Пекиннинг «янги Хитойни» барча тажовузкорлардан ҳимоя қилиш йўлидаги жанговар қатъиятидан фахрланиб, эҳтимолий «босқинчиларни» кескин огоҳлантирган.

Яқинда, 23 октябр кунги муҳим чиқишларининг бирида Си босқиннинг олдини олиш учун уруш олиб борилиши ва зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтарилиши кераклигини айтган.

У ўз нутқини Хитойнинг Корея урушига қўшилганининг 70 йиллигига бағишлади – бу урушда Хитой ва АҚШ кучлари илк ва ягона марта бевосита тўқнаш келган эдилар.

20 октябр куни олинган сурат: Тайваннинг фронтга яқин Кинмен қирғоғида кемаларнинг яқинлашмаслиги учун ўрнатилган мосламалар. Олисда Хитойнинг Сямен шаҳри кўринмоқда. [Sam Yeh/AFP]

20 октябр куни олинган сурат: Тайваннинг фронтга яқин Кинмен қирғоғида кемаларнинг яқинлашмаслиги учун ўрнатилган мосламалар. Олисда Хитойнинг Сямен шаҳри кўринмоқда. [Sam Yeh/AFP]

Хитойнинг юзлаб ҳарбий хизматчилари 23 октябрь кунги нутқи чоғида президент Сини олқишламоқдалар. [www.news.cn]

Хитойнинг юзлаб ҳарбий хизматчилари 23 октябрь кунги нутқи чоғида президент Сини олқишламоқдалар. [www.news.cn]

Аслида қонли дуранг билан якун топган уруш Хитойда ғалаба ва тараққий этган душманга қарши қатъият ва дадиллик намунаси ўлароқ олқишланади.

Сининг ватанпарварлик руҳи билан тўйинтирилган ва Хитой қўшинларининг қаҳрамонликлари ҳақидаги ҳикояларга бой узун нутқида айтишича, 1950-53 йиллар низосидаги «ғалаба» унинг мамлакати Хитой остонасида муаммо келтириб чиқарадиган ҳар ким билан курашишга тайёрлигини эслатиб туради.

«Хитой халқи муаммо келтириб чиқармайди ва улардан қўрқмайди ҳам», деди Си қарсаклар остида.

«Биз асло миллий суверенитетимизга путур етказишларига жимгина қараб турмаймиз ... ва ҳеч қандай кучнинг муқаддас Ватанимиз ҳудудига бостириб киришига ёки уни бўлиб ташлашига йўл қўймаймиз.»

Пекиннинг ўз қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан низолашув истаги тобора кучайиб бораётганига қарамай, Си «гегемон бўлишга интилиш ёки қўрқитиш яхшиликка олиб келмаслигини» айтган.

Урушга руҳлантириш

Хитой режими ўз қўшинларининг урушга қўшилганига 70 йил тўлиши билан боғлиқ санага катта тайёргарлик кўрди – бу мамлакат ичкариси учун мўлжалланган бўлса-да, аслида ўз рақиблари бўлмиш қудратли давлатлар ва қўшни мамлакатлар учун огоҳлантиришдир.

Юбилей санаси арафасида Хитой давлат оммавий ахборот воситалари ташвиқотга киришиб, ҳар куни прайм-тайм вақтида урушдан омон қолган хитойлик фахрийлар билан суҳбатлар уюштирди.

23 октябр куни мамлакат кинотеатрларида Хитой кинематографиясининг учта энг йирик намояндаси томонидан суратга олинган, урушнинг сўнгги кунларида чет эл кучларига қаршилик қилган бир гуруҳ хитойлик аскарлар ҳақидаги «Қурбон» жанговар триллери намойиш этилган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, юбилей билан боғлиқ тантаналар – Сининг бир пайтлар заиф бўлган Хитойни гўёки дунёдаги ҳукмронлик ўрнига қайтариш йўлидаги миллатчилик саъй-ҳаракатларининг бир қисми.

«Си кенг маънода урушга руҳлантирмоқда», дейди Европа Иттифоқининг хавфсизлик тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алиса Экман.

Тайван бўғозининг нариги тарафида, Кинмен оролининг соҳилларидаги танкка қарши миналар Тайваннинг доимий равишда Хитой босқини таҳдиди остида яшаётганини эслатиб туради – бугун можаро қўрқуви сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг юқори нуқтасига етган.

Демократик Тайван Пекиннинг авторитар лидерларининг уни ўз ҳудуди сифатида кўриши ва эгаллаб олишга тайёр экани тўғрисида огоҳлантиришлари билан яшашни ўрганди.

Сўнгги пайтларда Хитой самолётлари мисли кўрилмаган миқёсда Тайваннинг мудофаа ҳудудига учиб ўтаётгани, Халқ озодлик армиясининг оролга бостириб киришни ва ҳатто АҚШнинг Гуамдаги базаларига ҳужумни машқ қилаётгани ортидан ушбу сезиларсиз манзарани илғамаслик қийин бўлиб қолган.

«Хитой Тайванга ғазаб қилмоқда ва ўзини янада шафқатсизроқ тутмоқда», дейди тайванлик биринчи курс талабаси Ванг Жуй-Шен.

21 октябр куни Америкалик ҳарбийлар Хитой босқинидан ҳимояланишда ёрдам бериш учун Тайванга 1 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги ракеталар сотишга рози бўлганини эълон қилди, 27 октябрда эса 100 дона Harpoon қирғоқ мудофааси тизимига оид умумий қиймати 2,4 миллиард долларлик савдо битими маъқулланди.

Глобал зўравон

Хитой режими кўп йиллардан бери қатор мамлакатлар томонидан стратегик таҳдид ўлароқ кўрилади, аммо сўнгги пайтларда Пекиннинг бутун дунёдаги хатти-ҳаракатлари бу хавотирларни сезиларли даражада кучайтирган.

«Хитой Ҳиндистондан Япониягача, Австралиядан Канадагача бутун дунё бўйлаб ўзи учун сурбетларча йўл очмоқда», деган эди Гонконгнинг сўнгги британиялик губернатори Крис Паттен 8 июль куни.

«Гонконгда юз берган воқеалар – барчамизнинг коронавирусга қарши кураш билан машғул эканимиздан фойдаланган ҳолда Хитой коммунистик партияси томонидан қабул қилинган кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг бир қисми, холос», деди у амалда мухториятнинг қимматли анъаналари ва демократик қадриятларини йўққа чиқарган Гонконгдаги хавфсизликка оид баҳсли қонунни назарда тутиб.

Хитойнинг тажовузи қўшни Ҳиндистонгача етиб борган.

Июн ойи ўрталарида Ладах вилоятида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар юз берган, натижада 20 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлди. Хитой режими қурбонлар берилганини тан олган бўлса-да, рақамларни очиқламаган.

Ўшанда Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Анураг Шривастава тўқнашув «Хитой томонининг бир томонлама тартибда чегарадаги мавжуд вазиятни ўзгартиришга уринишидан» келиб чиққанини айтган эди.

Ўшандан бери иккала мамлакат тоғли чегара ҳудудига ўн минглаб қўшимча куч юборди.

Чегара ҳудудида сентябр ойи бошида юз берган бошқа бир ҳодисада 45 йилдан бери илк марта ўқ товушлари эшитилди. Томонлар бир-бирларини ўт очишда айбладилар.

Хитойнинг Шинжон вилоятидаги лагерларида бир миллиондан ортиқ мусулмонлар азоб чекмоқда, Пекин уларни ўз жамиятига мажбуран мослаштириш ва исломий меросни таг-туги билан йўқотишга уринмоқда.

27 октябр куни АҚШ сенаторлари Хитой режимининг уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларга қарши геноцид сиёсатини қўллаётгани ҳақидаги резолюцияни қабул қилганлар.

Авторитаризмга қарши қўрғон

Марказий Осиё минтақаси Россия ва Хитой режимлари таъсир учун ўзаро курашаётган геосиёсий ўтиш даврини бошидан кечирмоқда.

20 октябр куни АҚШ ҳарбийлари ҳамкор давлатлар билан иттифоқчилик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Россия ва Хитойнинг глобал таъсирига қарши курашда ўз қуролли кучлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг янги усулларини топиш масаласини муҳокама қилдилар.

«Хитой ва Россия жадаллик билан ўз қуролли кучларини замонавийлаштирмоқда ва ўсиб бораётган қудратини халқаро қонунчиликка нисбатан беписандлик, давлатлар суверенитетига дахл қилиш ва кучлар мувозанатини ўзгартириш учун қўлламоқда», деб айтган АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

Пекиннинг Жанубий Хитой денгизидаги провокацияси ва Кремлнинг Украина билан уруши «ўзгаларнинг автономиясига, мамлакатлар ва ташкилотларнинг барқарорлиги ва бирдамлигига сурбетларча путур етказишга уринаётганини кўрсатмоқда», деди у.

Шундай бўлса-да, Пекин ва Москва таъсирга эга бўлишдаги муҳим восита – шерикларга эга эмас.

«Хитой ва Россиянинг иттифоқчилари бирга қўшиб ҳисоблаганда ўнтадан кам. Шунингдек, уларнинг қонунбузарлик табиати потенциал шерикларни чўчитади», деди Эспер.

«Американинг иттифоқчилари ва шериклари тармоғи... бизга душманларимиз тенглаша олмайдиган устунлик беради», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тушкун ва қолоқ Россиядан қанча узоқроқ бўлинса, шунча яхши.

Жавоб бериш

Фитначилар! Бу мақоланинг асосигача ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси сотилган ва тўланган. Россияга қашшоқ Марказий Осиёнинг нима кераги бор??? Ярми Россияга кўчиб бўлган.

Жавоб бериш

Сиз америкаликалар ғалати одамсизлар – насронийлар сўнгги 30 йил ичида ўн миллионлаб мусулмонларни ўлдирдилар, сиз эса Хитойни агрессияда айблаяпсиз

Жавоб бериш