Карвонсарой
Сиёсат

Ўртадаги миллионларга қарамай, Россия Қирғизистоннинг янги раҳбарини совуқ кутиб олди

Карвонсарой

23 октябр куни Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан журналистларнинг саволларига жавоб бераётган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев (чапда). [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

23 октябр куни Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан журналистларнинг саволларига жавоб бераётган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев (чапда). [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

БИШКЕК – Москва Қирғизистондаги сиёсий вазиятдан фойдаланиб, мамлакат раҳбариятини ўз измига буйсундириш ёки ваъда қилинган ҳарбий ва молиявий ёрдамдан маҳрум бўлиши учун босим ўтказаётган кўринади.

Қирғизистонда 4 октябр кунги парламент сайловларидан сўнг бир неча ҳафта давом этган норозилик намойишлари ва сиёсий мужмаллик ортидан Сооронбай Жеенбеков инқирозга барҳам бериш мақсадида 15 октябр куни президентликдан истеъфо берди.

19 октябр куни Олий суд парламент собиқ депутати Садир Жапаровга нисбатан 2017 йилда одам ўғирлаш билан боғлиқ айблов ҳукмини бекор қилди ҳамда уни бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. У 6 октябр куни баҳсли сайловлар ортидан юзага келган тартибсизликларда чоғида қамоқдан озод қилинган эди.

Қирғизистоннинг янги раҳбарияти Кремлнинг янги лидерларга нисбатан илиқлашиб, ваъда қилинган молиявий ёрдамни беришига умид қилган бўлса, Москва, афтидан бу амбициялар устига совуқ сув қуймоқда.

2018 йилнинг март ойида Қант (Қирғизистон) яқинидаги ҳар хил шартли нишонларга қарата ракета отаётган Россиянинг ҳужумчи самолётлари. База мамлакатдаги сиёсий баҳслар мавзуси бўлиб келган. [Россия мудофаа вазирлиги]

2018 йилнинг март ойида Қант (Қирғизистон) яқинидаги ҳар хил шартли нишонларга қарата ракета отаётган Россиянинг ҳужумчи самолётлари. База мамлакатдаги сиёсий баҳслар мавзуси бўлиб келган. [Россия мудофаа вазирлиги]

Инқироз давом этар экан, 14 октябр куни «РБК» ахборот агентлиги Россия ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Қирғизистондаги «сиёсий вазият барқарорлашмагунича» Москва Бишкекка молиявий кўмак бермаслигини маълум қилди.

Жапаров декабр ойига мўлжалланган янги парламент сайловларини назорат қилишга ваъда берган. Шунингдек, у президентликка номзодини кўрсатиш учун «декабр ойи бошида» лавозимидан кетишни режалаштирмоқда.

Қирғизистонда сиёсий вазиятнинг барқарорлашуви кузатилаётган бўлса-да, Москва янги маъмуриятга рўйхушлик берганича йўқ.

Афтидан, Москванинг совуқ қабулидан хавотирга тушиб қолган Жапаров октябр ойи охирида Россия ташқи ишлар вазирлигига музокаралар учун элчисини юборди, деб хабар қилди Озодлик радиоси сешанба (3 ноябр) куни.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда Жапаровнинг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Чингиз Айдарбеков музокаралар учун Москвага келган, аммо, 29 октябрдаги хабарларга кўра, у ерда уни ҳеч ким кутмаётган эди.

Айдарбеков Кремлда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия ҳукумати аъзолари ва давлат Думаси раҳбарлари билан «учрашиш исташини билдирган», аммо барчанинг «рад жавобини олган», деб ёзди ўша куни Қирғизистоннинг 24.kg янгиликларнинг сайтининг бош муҳаррири Асел Оторбаева Facebook саҳифасида.

Воқеаларни юмшоқроқ тарзда ёритган Қирғизистоннинг «Кабар» давлат ахборот агентлиги ва шу куни кечроқ Айдарбековнинг «Россия ташқи ишлар вазирлиги ва молия вазирлиги раҳбарияти билан музокаралар олиб боргани» ҳақида хабар берган, аммо бирорта Россия расмийсининг исмини очиқламаган.

Ўртага тикилган 100 млн. доллар

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Москва Қирғизистондаги ҳарбий ҳозирлигини кенгайтиришга зўр бераётган бир пайтда совуқлашмоқда.

Феврал ойида Кремл Қант яқинидаги Россия авиабазасига ҳаво ва ракеталарга қарши мудофаа тизимларини жойлаштиришини айтган.

Қант авиабазаси бир неча йиллар давомида Қирғизистонда сиёсий баҳс-мунозаралар мавзуси бўлиб келган, зеро кўплаб қирғизистонликлар мамлакатда Россия ҳарбийларининг доимий ва мустаҳкам ҳозирлигини миллий суверенитетга таҳдид деб биладилар.

Россия президенти Владимир Путин 2019 йил март ойида Бишкекка ташрифи чоғида Қирғизистон расмийларини Қантдаги Россия авиабазаси майдонини 60 гектарга кенгайтиришга кўндирди. Қирғизистон жанубида Россиянинг иккинчи ҳарбий базасини очиш мавзуси ҳам кўтарилмоқда.

Путиннинг ташрифидан бир кун аввал Бишкекдаги Россия элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказилган, унинг иштирокчилари «қотил» ва «босқинчи» деб номланган плакатларни кўтариб, Россия ҳарбийларини Қантни тарк этишга чақирганлар.

Жапаровнинг Кремл билан алоқаларни кучайтиришга уриниши Қирғизистон учун фойдали бўлиши мумкин, зеро Москва аввалроқ Жеенбеков ҳукуматига 100 миллион долларлик (8,4 миллиард қирғиз сўми) молиявий ёрдам ваъда қилган.

Москва сиёсий инқироз ҳолатидаги Қирғизистонда ўз таъсирини кучайтириш ва иқтисодиётнинг стратегик соҳалари устидан назоратини кенгайтириш режаси доирасида Бишкекка шартли молиявий ёрдам кўрсатган, дейди кузатувчилар.

Бу орада Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев 23 октябр куни Москвада ҳамкасби Сергей Лавров билан Россиянинг молиявий ёрдамини тиклаш масаласини муҳокама қилди, аммо Лавров бу масалада ён беришни истамади.

Қозоқбоевнинг Лавров билан учрашувидан бир кун аввал Путин Қирғизистондаги вазиятни «ҳалокатли» деб атади ва Россия воқеаларни «афсус ва хавотир билан» кузатаётганини айтган, деб хабар беради Озодлик.

Музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Казакбаевнинг қирғизистонлик журналист саволига қирғиз тилида жавоб қайтариши Лавровни хафа қилган ва бу шундоқ ҳам совуқ учрашувни янада совутиб юборган.

«Журналист бешинчи саволини ҳам қирғиз тилида берар экан, россиялик вазирнинг тоқати тоқ бўлди», деб ёзади «Kommersant.ru».

«Кечирасиз», деди Лавров норози оҳангда. «Сиз мезбоннинг ҳурматини жойига қўйишингиз керак, майлими? Ҳар жиҳатдан.»

Бу билан, афтидан Лавровнинг ҳақоратли тарзда ҳазиллашган. «Мезбон» сўзи рус тилида «хўжайин» маъносини ҳам англатади.

Ғарбга юзланиш

Москва Қирғизистонни Қўшма Штатлар билан кенгайиб бораётган ҳамкорлиги ва Жээнбековнинг 2018 йилдан бери Ғарб билан алоқаларни ривожлантириб келгани учун «жазолаётган» бўлиши мумкин.

2018 йил сентябр ойида Жеенбеков рафиқаси билан Нью-Йоркка ташриф буюриб, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан ташкиллаштирилган қабулда иштирок этди. Жеенбеков Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутеррес билан музокара ўтказиб, БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлади.

Жеенбеков Вашингтонга ташриф буюриб, бир қатор стратегик йўналишларда АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро келишувни муҳокама қилиш ва имзолашни режалаштирганди, деб хабар берган Қирғизистон оммавий ахборот воситалари 2019 йил октябрь ойида Жеенбеков маъмуриятидаги манбаларига асосланиб.

Бироқ, сафар амалга ошмай қолди, айрим хабарларга кўра, Жеенбеков 2019 йил сентябр ойида Россия президенти Владимир Путин билан сўзлашганидан сўнг уни бекор қилган.

Озодлик хабарига кўра, 2017 йилдан бери Қирғизистон президенти бўлган Жеенбеков Путин билан бир неча бор учрашган бўлса-да, 28 сентябр куни Сочидаги учрашувда Путин уни адашиб «Шариман» деб юборган.

Сиёсий мавзуларни шарҳлайдиган бишкеклик журналист ва жамоатчилик фаоли Мусуркул Қобилбековнинг сўзларига кўра, ўша учрашувда Жеенбеков Путиндан ёрдам сўраган.

«Сизга маълумки, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётига қарши бўлган турли кучлар, айниқса парламент сайловлари арафасида фаоллашди», деб айтган Путин билан учрашган Жеенбеков Кремл сайтида эълон қилинган баёнотга кўра.

«Улар ҳатто Қирғизистон суверенитетига тажовуз қилишга ҳамда бизнинг иттифоқимиз ва стратегик шериклигимизга путур етказишга уринмоқдалар», деб ўз сўзини давом эттирган Қирғизистоннинг собиқ президенти. «Шубҳасиз, биз бунга йўл қўймаймиз, улар кўзлаган мақсадларига эриша олмайдилар, зеро Россиянинг қўллаб-қувватлови биз учун муҳим... ва бунинг учун сизга миннатдорчилик билдираман.»

«Жеенбеков Путиннинг олдида ўзини ерга урди, аммо Путин унга ёрдам бермади», дейди Қобилбеков.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Лавровнинг мезбонни ҳар жиҳатдан ҳурмат қилиш ҳақидаги дипломатиядан узоқ гапидан кейин, аксинча, Россияга бўлган ҳурматим йўқолди. Марказий Осиё эса кўпроқ Туркия билан яқинлашиши керак.

Жавоб бериш

Кредит ва грантлар олишни тўхтатиш керак! Етар энди! Вилоят ва шаҳарларга бўлинишни тўхтатиш, бирлашиб, фарзандларимизнинг келажаги учун ишлашимиз керак. Дунёда бизникидек давлат деярли йўқ, шунинг учун Россия, Хитой ва қўшниларимиз юртимизга кўз тикмоқда.

Жавоб бериш

Жирканч Россия. Унинг Қирғизистондаги ҳарбий базаларини ёпиш керак.

Жавоб бериш

Ҳа!

Жавоб бериш