Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой Шинжондаги қонунбузарликларни оқлашда фойдаланган гуруҳ террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилди

Карвонсарой ва AFP

Хитойнинг Шинжон вилоятидаги асосан мусулмон этник озчиликлар, жумладан қозоқлар ва қирғизлар ҳибсда сақланувчи қайта тарбиялаш лагери деб гумон қилинган муассаса, 2019 йил 4 июн куни олинган сурат. [Greg Baker/AFP]

Хитойнинг Шинжон вилоятидаги асосан мусулмон этник озчиликлар, жумладан қозоқлар ва қирғизлар ҳибсда сақланувчи қайта тарбиялаш лагери деб гумон қилинган муассаса, 2019 йил 4 июн куни олинган сурат. [Greg Baker/AFP]

Жума (6 ноябр) куни АҚШ Хитой режими томонидан Шинжон минтақасидаги мусулмон озчиликларга қарши тазйиқларни оқлаш учун мунтазам равишда айблаб келинадиган гуруҳни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарганини эълон қилди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео АҚШнинг янги қонунлари ва қоидалари эълон қилинадиган Федерал реестрга изоҳида Шарқий Туркистон исломий ҳаракати (ШТИҲ) террорчи ташкилотлар сафидан чиқарилганини айтган.

Ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ШТИҲнинг ҳали ҳам мавжудлигини тасдиқловчи ишончли далиллар бўлмагани сабабли у рўйхатдан чиқарилди», деди Давлат департаментининг сўзчиси.

АҚШнинг собиқ президенти Жорж У. Буш маъмурияти баъзан «Туркистон ислом партияси» деб аталувчи ШТИҲни 2004 йилда АҚШ бошчилигидаги «терроризмга қарши уруш»да Хитой билан муштараклик сабаб қора рўйхатга киритган эди.

1 октябр куни Истанбулда Хитойнинг уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабатига қарши норозилик намойиши чоғида «Шинжон эмас, Шарқий Туркистон» деб ёзилган плакат кўтариб турган эркак. [Ozan Kose/AFP]

1 октябр куни Истанбулда Хитойнинг уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабатига қарши норозилик намойиши чоғида «Шинжон эмас, Шарқий Туркистон» деб ёзилган плакат кўтариб турган эркак. [Ozan Kose/AFP]

Пекин Шинжондаги чораларини оқлаш мақсадида мунтазам равишда ШТИҲни ҳужумларда айблаб келади. Ҳуқуқбон ташкилотларга кўра, бу ҳудуддаги лагерларда асосан мусулмонлардан иборат 1 миллион ва ундан ортиқ уйғур ёки бошқа туркийзабон миллатлар вакиллари ҳибсда сақланмоқда.

Аммо олимларнинг таъкидлашича, Хитой режими ШТИҲнинг уюшган гуруҳ эканлиги ёки айирмачилар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжонда содир этилган ҳужумларда айбдор эканлигини исботловчи айтарли ҳеч қандай далил келтирмаган.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган уйғурлар инсон ҳуқуқлари ташкилоти АҚШ Давлат департаментининг қарорини «аллақачон вақти келган» ва «Хитой даъволарининг қатъий инкори» деб атади.

«ШТИҲнинг фаразий таҳдидидан баҳона ўлароқ фойдаланган Хитойнинг зарарли таъсирига кўз юмиш имконсиз – бу давлатнинг 20 йил давомида уйғурларга қарши терроризмидир», деди ташкилот ижрочи директори Омер Канат.

Жума куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Хитойнинг «АҚШ қароридан норози ва унга қатъиян қарши эканлигини» билдирди.

Хитой Шинжонда лагерлар мавжудлигини тан олган бўлса-да, уларни радикализм таъсирини камайтиришга қаратилган касб-ҳунар марказлари деб таърифлайди.

Фаолларга кўра, Хитой уйғурларга коммунистик мафкурани сингдириш ва исломий анъаналардан воз кечишга мажбурлаш орқали уларни куч билан жамиятга интеграция қилишга уринмоқда.

Сентябрь ойидаги тергов ҳисоботида сўнгги йиллар давомида ушбу чоралар доирасида Хитой ҳукуматининг Шинжонда 16 мингга яқин масжидни йўқ қилгани батафсил ёритилган.

Аввалроқ Помпео оммавий ҳибсларни «аср исноди» деб атаган эди. АҚШ сенаторлари Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини геноцид деб эълон қилиш ҳаракатида.

«Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги уйғурлар, этник қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон озчиликлар вакилларига қарши кампанияси геноцид ҳисобланади», дейилади октябр ойида америкалик сенаторлар тақдим этган резолюция матнида.

ШТИҲ одамларнинг мамлакатга киришига таъсир қилувчи Террорчи гуруҳларнинг АҚШга киришини чеклаш рўйхатига киритилган, аммо ҳеч қачон «хорижий террорчилик ташкилоти» каби қатъий ном билан аталмаган.

Марказий Осиё учун оғриқли муаммо

Хитойнинг уйғурлар ва бошқа этник мусулмон озчиликларга нисбатан муносабати Марказий Осиё учун оғриқли масала.

Сентябрь ойида Олмаотада 200 га яқин намойишчи тўпланиб, Пекиндан Қозоғистоннинг ички ишларига аралашишни тўхтатишни талаб қилган ва режимнинг Шинжондаги этник қозоқлар дохил этник озчиликларга нисбатан зўравонликларига норозилик билдирган эди.

Ҳукуматлар ўртасидаги яқин алоқаларга қарамай, Қозоғистон – минглаб қозоқларни оилавий ришталар билан боғлаб турадиган Шинжонда Пекин тарафидан юритилаётган сиёсатга қарши фаоллик марказига айланган.

Бунга кўп жиҳатдан «Атажурт» ҳуқуқбон ташкилоти сабаб бўлди. У ғарбий минтақада қариндошларини йўқотган юзлаб қозоғистонликларнинг видеомурожаатларини эълон қилган.

2019 йилда Остона Пекиннинг Қозоғистонда яшаш ҳуқуқига эга бўлган юзлаб этник қозоқларга Хитойдан чиқиб кетишга ва чегара ортидаги оилалари билан бирлашишга рухсат берганини айтгач, Хитой режими аксарият фуқароларнинг марказларни «тамомлагани» билан мақтана бошлади.

Кўплаб қозоғистонликларнинг айтишича, Пекинга босим ўтказишда видеомурожаатлар ва ОАВ эътибори муҳим рол ўйнаган.

Шундай бўлса-да, ушбу озод қилишлар тўлқинидан кўп ўтмай, бошқа қозоғистонликлар қариндошлари қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабарлар ола бошлаганлар, дейди гуруҳ билан кўнгилли бўлиб ишлаган АҚШнинг Аризона штати университети докторанти Меҳмет Қошиқчи AFP нашрига.

«Ҳа, юз минглаб одам лагерлардан озод қилинган бўлиши мумкин, аммо ҳақиқатда озодликка чиққанлар жуда оз, бунинг устига, юз минглаб одам ҳақиқий қамоқхоналарга жойлаштирилган», деб айтган у AFPга.

Май ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев миграция қонунидаги «ўралман» (қайтган) атамасини «қандас» (қондош) атамасига ўзгартирувчи ҳужжатни имзолади. Бу Хитой таъқибига учраган этник қозоқларга тааллуқли чора сифатида баҳоланган.

Ўралманлар – қўшни давлатлардан Қозоғистонга кўчиб ўтган этник қозоқлардир.

Бундан буён қозоқ фуқаролигига эга бўлмаган этник қозоқлар Қозоғистонда доимий яшаш ҳуқуқи ва мамлакат фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500