Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ COVID-19га қарши курашда қирғизистонлик шифокорларга ёрдам тариқасида шахсий ҳимоя воситалари ва компьютер жиҳозларини ҳадя қилди

Карвонсарой

Бишкекда Қирғизистон соғлиқни сақлаш ходимларига тақдим этилган шахсий ҳимоя воситалари ва компьютер жиҳозлари, санасиз сурат. [Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси]

Бишкекда Қирғизистон соғлиқни сақлаш ходимларига тақдим этилган шахсий ҳимоя воситалари ва компьютер жиҳозлари, санасиз сурат. [Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси]

БИШКЕК – Яқинда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) COVID-19га қарши курашда ёрдам тариқасида қирғизистонлик шифокорларга шахсий ҳимоя воситалари ва компьютер ускуналарини беғараз тақдим этди, дейилади Бишкекдаги АҚШ элчихонасининг 6 ноябр кунги баёнотида.

Шахсий ҳимоя воситалари тиббий халатлар, ниқоблар, N95 респираторлари, қўлқоплар, тиббий шапкалар, бахилалар, юз ҳимояси мосламалари, шунингдек COVID-19га чалинган беморларни текширишда ишлатиладиган материалларни ўз ичига олган.

Улар Бишкек, Ўш, Норин ва Отбошидаги соғлиқни сақлаш ходимларига берилади.

CDC шунингдек, беморларнинг тузалиши, шахсий ҳимоя воситаларининг инвентаризацияси ва мамлакатдаги COVID-19 ҳолатларини кузатиб боришга мўлжалланган компьютер ускуналари ва дастурий таъминотни ҳам тақдим этган.

«Бу курашга Қирғизистон соғлиқни сақлаш ходимлари ва эпидемиологлар раҳбарлик қилмоқда, биз грипп ва ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича ўнлаб йиллар давом этган ҳамкорлигимизга таяниб, уларни имкон қадар қўллаб-қувватлаётганимиздан мамнунмиз» дейилади CDCнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари, доктор Даниел Сингернинг баёнотида.

Халқаро ҳамкорлик

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқумли, паразитар ва эпидемиологик касалликларнинг олдини олиш департаменти COVID-19га қарши курашда CDC ва ICAP (аввалги номи – ОИТСни муолажа қилиш ва даволаш дастурлари халқаро маркази) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, дейди мазкур департамент раҳбари Динара Оторбаева.

ICAP маркази Нью-Йоркдаги Колумбия университетида жойлашган.

«Бизни шундай оғир пайтда, тиббиёт ходимларини ўқитишда қўллаб-қувватлаганлари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари базасини шахсий ҳимоя воситалари ва ташкилий жиҳозлар билан мустаҳкамлаганлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу лойиҳани мамлакатдаги эпидемик вазият барқарорлашгунча давом эттириш зарур», деди у.

Умумий қиймати 6 млн қирғиз сўмидан (71590 АҚШ доллари) ортиқ бўлган бу ускуналар CDCга тегишли каттароқ лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. ICAP Қирғизистон эпидемиологлари, шифокорлари ва ҳамшираларини ўқитиш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда.

Мазкур лойиҳа Ўш, Бишкек ва Нориндаги тиббиёт ходимларига жамоани инфекциядан ҳимоялаш учун инфекциявий назоратни баҳолашга ёрдам берди. Шунингдек, 19 та соғлиқни сақлаш муассасаси ходимлари учун эпидемиологик кузатув ва контактларни аниқлаш бўйича тренинглар ўтказилди.

Қўшма Штатлар CDC ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги орқали бу йил пандемияга қарши курашини кучайтириш учун Қирғизистонга 5 миллион доллардан (419,1 миллион қирғиз сўми) кўпроқ маблағ ажратган.

Пандемия бошланганидан бери АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига мунтазам равишда шахсий ҳимоя воситалари ва бошқа материалларни беғараз тақдим этиб келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

АҚШ Россиядан яхшироқ. Бу факт.

Жавоб бериш

Нега унда АҚШ Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларини ўзига чақирмайди??? Негадир осиёликлар Россияга ёпирилиб келяпти, осиёлик оилаларнинг аксарияти рубл ҳисобига кун кўрмоқда.

Жавоб бериш