Карвонсарой
Сиёсат

Қозоғистон президенти лотин ёзувига ўтиш масаласини чуқурроқ ўрганишга буйруқ берди

Карвонсарой

Иқтидорли қизлар учун мўлжалланган «Білім-инновация» лицейида бўлиб ўтаётган дарс жараёни, Остона, 2018 йил, март. Қозоғистоннинг айрим мактаблари лотин ёзувида таълим беришга ўтган. [Файл]

Иқтидорли қизлар учун мўлжалланган «Білім-инновация» лицейида бўлиб ўтаётган дарс жараёни, Остона, 2018 йил, март. Қозоғистоннинг айрим мактаблари лотин ёзувида таълим беришга ўтган. [Файл]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев олимларга мамлакатда кирилл алифбосининг ўрнини босувчи лотин алифбосининг яна бир вариантини ишлаб чиқиш буйруғини берди, деб хабар қилади «Озод Европа/Озодлик» радиоси душанба (9 ноябр) куни.

Тўқаев маданият вазири Оқтўти Раимқулова ва таълим вазири Асхат Аймагамбетовга алифбо бўйича мутахассислар билан ишлаш ва ўз ишларини бу масалани ўрганаётган миллий комиссияга тақдим этиш вазифасини топширган, деб хабар беради Тўқаевнинг матбуот хизмати.

Қозоғистон 2025 йилга қадар тўлиқ лотин алифбосига ўтишни 2017 йилдан бери режалаштириб келмоқда. Ҳозирги кунда янги алифбонинг бир нечта версияси кўриб чиқиляпти, чунки олимлар ҳарфлар талаффузи ва диакритик белгиларни муҳокама қилмоқдалар. Тўқаев алифбонинг яна битта версиясини ишлаб чиқиш буйруғини берган.

Узоқлашув

Орфографик ислоҳот қозоқ маданиятини тарғиб қилиш ва Қозоғистонни Россия таъсиридан янада узоқлаштиришга уриниш ўлароқ баҳоланмоқда. Қозоғистон 1991 йилда мустақил бўлган.

2019 йили президент бўлган Тўқаев қозоқ тилига мос келувчи лотин алифбосини ишлаб чиқиш учун қўшимча вақт талаб қилинишини айтган эди.

1929 йилда советлар ҳукумати СССРдаги мусулмон озчиликларни Ислом маданияти ва меросидан узоқлаштириш мақсадида улар фойдаланадиган анъанавий араб ҳарфларига асосланган ёзувни лотин ёзувига алмаштирган.

1940 йилда уларнинг тилини рус тилига боғлаш мақсадида кириллча алифболар жорий қилинди.

Қозоғистондаги ёш авлод лотин ёзувида таълим олса, хорижий тилларни ўрганиши ва глобал ҳамжамиятга интеграциялашуви осонлашади, деган эди 2018 йилда олмаоталик ўқувчининг онаси Сауле Турсунова Карвонсарой билан суҳбатда.

Ўтган ойда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни жадаллаштиришга қаратилган фармонни имзолаган эди.

Алифбони ўзгартириш масаласи Қирғизистон парламентида ҳам муҳокама қилинган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500