Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Қозоғистон уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши курашни жадаллаштирмоқда

Айдар Ашимов

Полиция махсус кучлари автомашинада портловчи мосламалар бор-йўқлигини текширмоқда, Нур-Султон, 21 май. [Қозоғистон ИИВ]

Полиция махсус кучлари автомашинада портловчи мосламалар бор-йўқлигини текширмоқда, Нур-Султон, 21 май. [Қозоғистон ИИВ]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва одам савдосига қарши курашда эришилган ютуқларни, шунингдек ушбу давомли жиноятларга қарши кенгайтирилган чора-тадбирлар режасини эълон қилди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) «одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар терговини такомиллаштирмоқда», дейилади 4 ноябр куни ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевнинг матбуот брифинги якунлари бўйича берилган вазирлик баёнотида.

Ушбу такомиллаштириш чоралари доирасида ИИВ мамлакатда уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши курашувчи махсус департамент ташкил этмоқда.

Жорий йилда бу турдаги 107 та жиноят фош этилди, уларнинг аксари «яхши ташкиллаштирилган ва трансмиллий характерга эга», деди Тургумбаев.

Суратда: Нур-Султондаги полиция оператив бошқарув маркази, 29 октябр. [Қозоғистон ИИВ]

Суратда: Нур-Султондаги полиция оператив бошқарув маркази, 29 октябр. [Қозоғистон ИИВ]

Полиция ва нодавлат ташкилотлар одам савдосига оид огоҳлантирувчи маълумотлар ва ишонч телефонлари ёзилган тиббий ниқобларни тарқатмоқда. [Қозоғистон ИИВ]

Полиция ва нодавлат ташкилотлар одам савдосига оид огоҳлантирувчи маълумотлар ва ишонч телефонлари ёзилган тиббий ниқобларни тарқатмоқда. [Қозоғистон ИИВ]

МВД баёнотида айтилишича, жорий йил бошидан бери жиноий гуруҳларнинг 16 нафар етакчиси ва 130 аъзоси жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан 150 дан ортиқ ўқотар қурол ва 960 дона ўқ-дори мусодара қилинган.

Июн ойида полиция «СТОП трафик» операциясини ўтказиб , одам савдоси билан боғлиқ 50 та ҳолатни фош этган.

Операция доирасида кўнгилочар масканлар, сауналар, меҳмонхоналар, ижара хонадонлари, фермер хўжаликлари ва қурилиш иншоотларида ўтказилган полиция рейдлари давомида одам савдоси, мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.

Қозоғистонда одам савдосига қарши кураш бўйича полициянинг 116-16 рақамли ишонч телефонлари ишлаб турибди. Полиция бу хизматни оммалаштириш мақсадида нодавлат ташкилотлар билан биргаликда одам савдосига оид огоҳлантирувчи маълумотлар ва ишонч телефонлари ёзилган тиббий ниқобларни тарқатмоқда.

Терроризм ва жиноятчилик

Одам савдосига қарши курашга қаратилган чоралар террорчилик гуруҳларига ҳам зарба беради, дейди Нур-Султонлик сиёсатшунос Болатбек Исаев.

«Одам савдоси экстремистлар ва террорчилар орасида кўп учрайдиган ҳодиса», деди у. «Гап қиз ва аёлларни тутқунликда сақлаш, уларни битта «эр»дан бошқасига бериш тўғрисида кетмоқда. Масалан, Сурия ҳудудида «Ислом давлати» (ёИД) тарафдорлари асиралардан тирик буюм сифатида фойдаланган.»

Исаев бугунги кунда терроризм уюшган жиноятчилик билан боғлиқ эканини таъкидлади.

«Қора бозорда одам савдоси, гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ олди-сотдиси билан террорчи ташкилотлар аъзолари ҳам, уларга молиявий кўмак берувчи тарафдорлар ҳам шуғулланиши мумкин».

«Муаммо ҳақида очиқ-ойдин гапирилаётгани – ижобий ҳолат. Биз терроризмнинг потенциал хавфи ва полициянинг чораларидан бохабар бўляпмиз», деб таъкидлади у.

Қозоғистонда одам савдосига қарши курашда эришилаётган ютуқларга қарамай, қилинадиган ишлар ҳали кўп.

АҚШ Давлат департаментининг июнь ойида эълон қилинган одам савдосига оид йиллик ҳисоботида мамлакатларнинг одам савдосига қарши кураш стандартларини бажариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари баҳоланган. Унда Қозоғистон 2-даражали кузатув рўйхатига киритилган.

Бу тоифага TVPA (АҚШнинг одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилишга оид қонуни) минимал стандартларига тўлиқ жавоб бермаса-да, мувофиқликни таъминлаш учун «сезиларли чоралар» кўраётган мамлакатлар киради, дейилади баёнотда.

Наркотикларга қарши кураш

Бу орада Қозоғистон полицияси уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва сотишни жиловлашга уринмоқда.

Ўтган ой Қарағанда вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари гиёҳвандлик моддалари ишлаб чиқарувчи лаборатория ташкил қилган фуқарони ҳибсга олдилар, ундан 5 кг дан ортиқ синтетик наркотиклар мусодара қилинган.

Сентябр ойида Жамбил вилояти суди Қирғизистондан Қозоғистонга гиёҳванд моддалар олиб ўтиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳнинг тўққиз нафар аъзосини айбдор деб топди. Улар 10 йилдан 17 йилгача бўлган қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

Бундан ташқари, полиция ходимлари тақиқланган материалларни аниқлаш учун ижтимоий тармоқларни доимий равишда кузатиб бормоқда. Масалан, 2 ноябр куни темиртаулик фуқаро интернетга экстремистик материаллар жойлагани учун жаримага тортилган.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек ноқонуний қуролларнинг жиноятчилар ва экстремистлар қўлига тушиб қолишига қарши курашмоқда.

Май ойи охирида Қозоғистоннинг турли вилоятларида «Кару» (Қурол) операцияси бошланди.

«Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ўқотар қурол билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, бартараф қилиш ва фош этиш; қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш, ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи шахслар ва уюшган жиноий гуруҳларни аниқлаш; қуроллар ва ўқ-дориларни ноқонуний сақлаш ва сотиш ҳолатларини аниқлаш», деган эди ИИВ ўз баёнотида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500