ПЕКИН – Хитой ҳукумати Кремль қўллаб келган ишончли тактикалардан фойдаланган ҳолда ва унга ўзининг янги ҳийлаларини қўшиб фитна назарияларини тарқатиш ҳамда бир қатор баҳсли мавзуларда айбни ўзидан соқит қилиш мақсадида ахборот урушини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бир томондан Пекин ижтимоий тармоқлар, жумладан Хитойда тақиқланган платформаларда ҳам ўзининг дипломатик ҳозирлигини кучайтирмоқда ва Хитойнинг интернетдаги обрўсини шакллантиришда конфронтацион ёндашув қўлламоқда.
Бир ярим йил аввал Хитой дипломатларининг YouTube, Google ва Facebook қатори Хитойда тақиқланган Twitter тармоғидаги ҳозирлиги сезилмас эди.
Ҳозирга келиб эса бу ижтимоий платформадан 170 дан ортиқ Хитой элчихоналари фойдаланмоқда, деб хабар берган 28 октябрь куни АҚШда жойлашган Брукингс институти таҳлил маркази.
Шовинистик Хитой кинофраншизаси номидан олинган «Жангчи бўри» атамаси билан номланган бу дипломатлар ҳам ички, ҳам ташқи масалаларда саросима қўзғаш ва айбни ўзидан соқит қилиш мақсадида қарама-қарши фитна назарияларини ишлаб чиқмоқда.
Пекиннинг бу чоралари 2019 йил мартда Гонконгда Хитойга қарши намойишларнинг авж олиши ортидан бошланди ва 2020 йил январда Тайванда президентлик сайловлари олдидан кучайиб, бир неча ойдан сўнг бутун дунёда COVID-19 эпидемияси тарқалиши билан авжига чиқди.
Хитой «Тайвандаги сайловлар ва Гонконгдаги намойишларга жавобан сўнгги бир ярим йил ичида ўзининг интернетдаги таъсир ўтказиш операцияларида тажовузкорликка тайёр эканини намойиш қилди», деган эди июнь ойида Вашингтонда жойлашган Атлантика кенгаши таҳлил марказининг рақамли криминалистика тадқиқотлар лабораторияси раҳбари Грэҳем Бруки New York Times нашри билан суҳбатда.
Кремль ва Теҳронга ён босаётган Пекин
Жорий йилнинг март ойида Хитой дипломатик аккаунтларнинг обуначилари 1 555 668 кишини ташкил қилган бўлса, сентябрь ойига келиб, бу рақам 3 025 283 нафарга етган, деб хабар беради Hamilton 2.0 лойиҳаси. У Россия, Хитой ва Эрон ҳукуматлари расмийларининг ижтимоий тармоқлар, давлатга қарашли ОАВ ва расмий баёнотларда тарғиб қилинаётган нарративларининг таҳлили билан шуғулланади.
Пекиннинг «жангчи бўрилари» асосан ҳукумат қўлловидаги сайт ва ОАВдаги контентни тарғиб қилар экан, Эрон ва Россия давлат оммавий ахборот воситалари ва ғарб «инфлюенсерлари»дан «мустақил» валидаторлар сифатида фойдаланган, деб хабар берган Брукингс институти.
Бу «инфлюенсерлар» қаторида «Москва ва бошқа иттифоқчи мамлакатлар пойтахтларида уруғ отган аксил-Америка ташвиқотларида узоқ муддатдан бери иштирок этган муқобил ОАВ, журналистлар, сохта олимлар, фаоллар ва фитна назариячилари» ҳам бор, дейилади ташкилот хабарида.
Таҳлил марказига кўра, «ўзининг воситачи инфлюенсерлар тармоғига эга бўлмагани сабабли, Хитой ўз геосиёсий манфаатларига мос келувчи аксилғарб хабарларини тарқатиш билан бир қаторда, жавобгарликни ўзидан соқит қилиш ва зоҳирий ҳаққонийликни намойиш қилиш йўлида Россия, Венесуэла ва Эроннинг давлат ОАВлари ҳамда расмий ҳукумат баёнотларидан нусха олган».
Hamilton 2.0 лойиҳасини яратган Қўшма Штатлар Германия маршали фонди ҳузуридаги Демократияни таъминлаш альянсига кўра, 2019 йил ноябрдан бери Хитой дипломатлари томонидан ретвит қилинган оммавий ахборот воситаларининг бештадан учтаси (Хитой ҳукумати қўлловидаги ОАВдан ташқари) Эрон ёки Россия ҳукумати томонидан молиялаштирилган.
Хабарга кўра, Эроннинг «PressTV», Россиянинг «RT» ва «SputnikNews» нашрлари учинчи, тўртинчи ва бешинчи энг кўп ретвит қилинган ОАВ бўлишган.
Ўтган олти ой ичида «RT» ва Венесуэланинг «TeleSur» ҳисоблари Хитой дипломатлари томонидан энг кўп ретвит қилинган 10 талик ичида бўлса, «RT»нинг испан хизмати бўлган «Actualidad RT» ва «Sputnik International» топ 20 талик ичида бўлган, дея хабар берган Брукингс институти.
COVID-19 оид дезинформациянинг олиб ташланиши
Хитой ўз ташвиқотини ёйинлашда ижтимоий тармоқлардан агрессив ва қатъийлик билан фойдаланар экан, ижтимоий медиа-компаниялар ҳам бу ҳаракатларни чеклашда давом этмоқда. Уларга кўра, бундай кампаниялар кўп ҳолларда уқувсиз йўсинда олиб борилади ва уларни аниқлаш осон.
Эътиборга молик воқеаларнинг бирида Хитой ташқи ишлар вазири Чжао Лицзян Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) пандемия тарқаганини эълон қилган куннинг эртасига – 13 март куни ўз Твиттерида «эпидемияни пандемиянинг маркази бўлган Уханга АҚШ армияси олиб келган бўлиши мумкин», деган тасдиқланмаган даъвони эълон қилди.
Global Research Canada деб номланган машҳур кремлпараст сайтнинг блогига ҳавола берилган бу твит ўндан ортиқ хитойлик дипломатлар ва элчихоналар томонидан қайта улашилган. Бу даъвони янада бўрттириш учун Хитой давлат оммавий воситалари бир қатор хабарлар чиқаришган.
774 мингдан орти обуначига эга Чжао коронавирус Хитойда эмас, балки Қўшма Штатларда пайдо бўлгани ҳақидаги фикрларни илгари сурган конспирацион веб-сайт мақолаларини ҳам улашган.
Шундан сўнг Twitter бу твитлар ва унинг манбаларини зарарли, спамга ва зўравонликка оид ёки чалғитувчи деб топган.
11 июн куни Twitter Гонконгдаги намойишлар ва Хитой компартиясининг коронавирусга қарши курашига оид сохта маълумотларни тарқатиш бўйича уюшган ҳаракатларда «фаол иштирок этган» 23750 та аккаунтни аниқлаган ва ўчириб ташлаган.
Хитой хабарларини ретвит қилиш ва «лайк» босиш орқали тарғиб қилган 150 мингга яқин аккаунтлар ҳам ўчирилган.
«Хитой коммунистик партияси хитойликларга Твиттердан фойдаланишга рухсат бермаган ҳолда, ўз ташвиқотини илгари суриш, дезинформация тарқатишда ундан бажонидил фойдаланмоқда», деб ёзган Австралия стратегик сиёсат институтининг Халқаро кибер сиёсат маркази раҳбари Фергюс Хенсон. У Twitter билан биргаликда аккаунтларни аниқлаш устида ишлаган.
«Мана шунга ўхшаш мунтазам, яширин ва чалғитувчи таъсир ўтказиш операциялари ҳукумат ва партия ўз сиёсий кучига бўлган ташқи таҳдидларни қай даражада нишонга олишини намойиш қилади, деб ёзади New York Times нашри.
Сўнаётган ва ривожланаётга кучлар
Хитой ҳукумати Россия ва давлат қўлловидаги бошқа дезинформация кампанияларидан фойдаланса-да, у бунга бошқача ёндашади.
Россиянинг информацион стратегияси хаос ва айирмачиликни тарғиб қилиш билан Ғарбни обрўсизлантиришдир.
Кремл Ғарбдаги сайловларига аралашув, АҚШдаги ирқий ва ижтимоий масалаларни тарозига солиш ҳамда бир неча маротаба Ғарб олимлари ва тиббиётини обрўсизлантириш орқали шундай қилишга уринди.
Пекин эса бундан фарқли ўлароқ, ўзининг глобал имижини тиклаш билан овора – Хитойни глобал коронавирус вазиятида қаҳрамон қилиб кўрсатиш ва Шинжондаги мусулмон озчиликка нисбатан олиб борилаётган ҳукумат сиёсатининг халқаро миқёсда қораланишига қарши эскирган ташвиқот кампаниялари шулар жумласидандир.
«Ҳар томонлама ўз қудратини йўқотаётган Россия Ғарбни обрўсизлантириш ва беқарорлаштириш орқали ўзининг заифлигини яширишга уринмоқда», деб хабар берган Демократияни таъминлаш альянси.
«Ривожланаётган Хитой эса дунёдаги тартибни ўз манфаатларига мос қилиб ўзгартиришга интилмоқда», дейилади ҳисоботда.
Ҳужжатга кўра, масалан, Хитойнинг CGTN ва CCTV каби оммавий ахборот воситаларида намойиш қилинган видеоматериалларнинг 50 фоиздан ортиғи Хитой ҳақида бўлса, Россиянинг «RT America» ва «RT UK» каналлари контентининг 4 фоизигина Россияга оид бўлган. Россиянинг маҳаллий муаммолари, маданияти ва сиёсати ҳақида жуда кам контент эфирга узатилган.
«Москванинг асосий мақсади мамлакат ичидаги фаолларда демократик давлатларга интилишни сусайтириш, бошқарувни қийинлаштириш орқали уларни кучсизлантиришдир», дейилади ҳужжатда.
Пекин ҳам «ўзининг авторитар бошқарувига альтернатив бўлган демократик тизимларнинг жозибасини камайтиришни» истайди, аммо буни «ўз ҳукумати моделининг кучига диққат қаратиш орқали амалга оширмоқда».
Россиядан фақат пасткашликни ўрганиш мумкин.
Жавоб беришФикрлар 1