Карвонсарой
Сиёсат

Россия босими остида қолган Туркманистон хавфсизлик бўйича ҳамкорлик битимини ратификация қилди

Жумагули Аннаев

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Ашхободда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан сўзлашмоқда, 2019 йил, 11 октябр. [Alexey Druzhinin/SPUTNIK/AFP]

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Ашхободда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан сўзлашмоқда, 2019 йил, 11 октябр. [Alexey Druzhinin/SPUTNIK/AFP]

АШХОБОД – Кузатувчиларга кўра, Туркманистон ва Россия ўртасида узоқ вақтдан бери муаллақ турган хавфсизликка оид битимнинг имзоланиши Москванинг Марказий Осиё мамлакатига таъсири кучайиб бораётганини яна бир карра исботлайди.

24 октябр куни, орадан 17 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Туркманистон парламенти Россия Федерацияси билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид битимни ратификация қилди.

Россия Давлат думаси бу ишни уч кун олдин, 21 октябр куни Россия президенти Владимир Путин узоқ вақтдан бери ортга суриб келинаётган ҳужжатни ратификацияга киритганидан сўнг ҳал қилган.

2003 йил апрел ойида Москвада Путин ва Туркманистоннинг ўша вақтдаги президенти Сафармурод Ниёзов томонидан имзоланган ушбу битим терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, шунингдек транспорт хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликка қаратилгани айтилади.

Шартномада томонлар разведка идоралари орқали ҳамкорлик қилиш, террорчилик ва шу турдаги бошқа ташкилотлар фаолиятига барҳам бериш ҳамда террорчилик ҳаракатларни режалаштириш ва молиялаштиришнинг олдини олиши кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, мамлакатлар террорчи деб топилган шахсларга бошпана бермаслик, уларнинг режалари тўғрисида разведка маълумотларини алмашиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун ҳамкорлик қилиш ва шартнома иштирокчиси бўлган ҳар икки мамлакатда террорчилик ҳаракатларини содир этган ёки режалаштираётган шахсларни экстрадиция қилиш мажбуриятини олади.

Ҳар икки мамлакат парламентида ҳужжатнинг қабул қилинишини тезлаштирган муддат ва шароитлар Туркманистон ва хориждаги таҳлилчиларни ҳайратга солган.

«Икки ҳолат ажабланарли: ҳужжатни юридик кучга киритиш нима учун жуда узоққа чўзилгани ва ратификация жараёнининг бу қадар тез ўтгани», дейди фамилиясини ўзгартиришни илтимос қилган ашхободлик сиёсий таҳлилчи Довлет Муродов.

«Ҳужжатнинг муҳим эканига шубҳа йўқ, аммо шундай экан, талайгина саволлар туғилмоқда. Нега у шунча пайтдан бери ратификация қилинмади? Уни қабул қилишга томонларни, хусусан Туркманистонни 17 йилдан сўнг нима мажбур қилди?» дейди Муродов.

Унинг айтишича, ратификациянинг асосий сабаби минтақавий хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг ёмонлашуви эмас, балки Туркманистоннинг жиддий молиявий-иқтисодий муаммоларидир.

«Терроризм ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар 2003 йилда бўлгани каби ҳолатда турибди, улар айрим соҳалар бўйича ҳатто барқарорлашган», дейди Муродов.

Москва фурсатдан фойдаланди

Муродовнинг таъкидлашича, глобал пандемия ва унинг оқибатида юзага келган иқтисодий пасайиш ортидан Туркманистон иқтисодиёти 2003 йил даражасидан пастроққа тушган.

2000-йиллар бошида Туркманистон гуллаб-яшнаган, Украина, Россия ва Эронга йилига 50 миллиард куб метрдан кўпроқ газ экспорт қилиб, эвазига валюта ва барча керакли маҳсулотлар, озиқ-овқат ва жиҳозларни олган, дейди у.

Углеводородларни сотиш, нефт-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тўқимачилик саноатидан келган йирик валюта тушумлари Ниёзовга, 2007 йилдан бошлаб эса Гурбангули Бердимуҳамедовга ўнлаб мега-лойиҳаларни амалга ошириш, айни вақтда мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни сақлашга имкон берди.

Аммо, 2020 йилга келиб, вазият ўзгарди.

Жаҳон бозорида нефт ва газ нархлари кескин пасайиб кетди, миллий валюта – манат қадрсизланди. Бу ҳам етмагандек, Москва импортни минимал ҳажмга камайтирди, Эрон эса Туркманистон газини сотиб олишни бутунлай тўхтатди.

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилди, ишсизлар сони ортди, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда узилишлар юзага келди, бошқа ижтимоий муаммолар кучайди.

«Москва Ашхобод учун оғир вазиятдан фойдаланиб, ортга суриб келинаётган бу ҳужжатни ратификациялашга мажбур қилди», деди Муродов.

Бердимуҳамедов «Путиннинг миллионлаб долларлик ёрдамига умид қилмоқда», дейди Россиянинг «Свободная Пресса» нашри шарҳловчиси Александр Ситников Туркманистон иқтисодиётидаги пасайишни қайд этиб.

Ситниковнинг 1 ноябр куни «Свободная пресса»да чоп этилган тахминларини асоссиз деб бўлмайди, зеро мамлакатнинг молиявий аҳволи оғир.

Манатнинг хорижий валюталарга нисбатан қадрсизланиши мамлакат бўйлаб ишончсизлик ҳукм сураётганини кўрсатмоқда. Расмий курс бўйича, 2015 йилдан бери 1 доллар 3,5 туркман манатига тенг бўлиб турибди. Аммо 2017 йилда деярли ҳамма фойдаланадиган қора бозордаги курс 1 доллар учун 7 дан 8 манатга, ҳозирги кунда эса 25 манатгача кўтарилган, деб ёзади Stanradar.com сайти.

Ҳукумат ҳам белбоғни маҳкамроқ боғлашга мажбур бўлмоқда.

24 октябр куни парламент 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджетини тасдиқлади, унда харажатлар 2017 йилги бюджетга қараганда 22 фоизга қисқатирилган, дейилади Stanradar.com хабарида.

«Ашхобод молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётганида Москва томонга интилади, «серҳосил» йилларда эса у ҳам олий даражадаги, ҳам вазирлар даражасидаги алоқалардан ўзини четга олади», дейди Ситников.

Чирмаб олувчи ришталар

«Агар шундай иқтисодий-молиявий муаммолари бўлмаганида, Туркманистон Россия билан хавфсизлик бўйича ҳамкорликка оид битимни ратификация қилишни яна 17 йилга ёки эҳтимол, ундан ҳам узоқроққа чўзиши мумкин эди», дейди сиёсатшунос Муродов.

Унинг айтишича, Туркманистон ўзининг доимий бетарафлик мақоми туфайли 1995 йилдан бери Россия бошчилигидаги МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва ШҲТ каби минтақавий тузилмалардан четда қолмоқда.

Бундай позиция Туркманистоннинг Россия билан мураккаб муносабатларига таъсир қилмай қолмади. Кузатувчиларнинг фикрича, Москва Туркманистонни геосиёсий қамровида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.

Моҳиятан, Москва Туркманистонни икки томонлама шартномалар ва битимлар билан, жумладан энг сўнггиси билан ўзига боғламоқда, деди Муродов.

«Ратификациядан сўнг мамлакатлар террорчиларга, наркотрафик ёки уюшган жиноятчиликка қарши муайян чоралар кўришига унчалик ишонмайман, чунки Туркманистонда бундай чоралар учун асосли сабаблар йўқ», деди у.

«Аммо бу келишув, аввал ратификация қилинган ҳужжатлар сингари, Туркманистонни чирмаб олиб, уни Россияга маҳкам боғловчи ришталарга айланади», деб қўшимча қилди Муродов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Демак, бу келишув қонуний кучга эга эмас ва уни исталган вақтда бекор қилиш мумкин.

Жавоб бериш