АШХОБОД – Яқинда Афғонистонда низолашаётган томонлар ўртасида Туркманистон воситачилигида ўтказилган учрашув, шунингдек, туркманларнинг Афғонистон билан боғлиқ бир қатор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши – Афғонистон истиқболининг келгуси босқичида Ашхободнинг муҳим рол ўйнашга интилаётганидан дарак бермоқда.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Ҳожиев бошчилигидаги Туркманистон делегацияси тинчлик жараёнига кўмаклашиш мақсадида 2 ноябр куни Қатарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасидаги тинчлик музокараларида иштирок этди.
19 йилдан бери уруш исканжасида қолаётган Афғонистонда низолашаётган ҳар икки томон вакилларининг Доҳадаги музокаралари сентябр ойида бошланган эди. Улар келаси йил АҚШ бошқа хорижий кучлар кетганидан кейин мамлакатнинг тараққиёт режасини тузишга уринмоқдалар.
2 ноябр куни Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида Толибон вакиллари билан учрашув қисқача ёритилган, аммо иштирокчиларнинг ким эканига аниқлик киритилмаганди.
Доҳадаги делегация икки томон ўртасида воситачи вазифасини бажарди ва тинчлик музокаралари чоғида муаммоларни ҳарбий эмас, балки сиёсий усуллар билан ҳал қилиш самаралироқ эканига ишонтиришга уринди, деди хавфсизлик важидан ўзини Сардор деб таништиришни сўраган Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.
«Адоват ва уруш ҳам мамлакат, ҳам Афғонистон халқи ва бутун минтақа учун хайрли эмаслигига Толибон ва ҳукуматни ишонтириш муҳим эди», деди расмий.
Доҳада 2 ноябр куни ўтган учрашувнинг батафсил ёритилмагани «бу масала у қадар жўн эмаслигидан» далолат беради, деди у.
Туркманистон Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига ҳамда ўзи ва халқаро шериклар иштирокидаги инфратузилма лойиҳаларининг жадаллашувига умид қилмоқда, деди Сардор. Бу лойиҳалар Афғонистондаги хавфсизлик муаммолари сабабли тўхтаб қолган.
Инвесторлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик йўқлигидан чўчиётгани ва бу нотинчлик Афғонистонда минтақавий миқёсдаги муҳим қўшма лойиҳаларда иштирок этаётган мамлакатлар ва компанияларни хавотирга солишини Ашхобод яхши англайди, деди Сардор.
Иқтисодий умидлар
Тинчлик ва хавфсизлик Афғонистон иқтисодиётини жонлантириш калити ҳисобланади, дейди Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодий хатарлардан ҳимоя қилиш агентлиги мутахассиси Маиса Нурёғдиева.
Осойишталик қайтса, «Афғонистонни минтақавий иқтисодиётга интеграция қилиш жараёни жадаллашади ва тўхтаб қолган лойиҳаларни кўп қисми ҳаракатга келади», деди у.
Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури, оптик толали алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек Афғонистондаги темир йўл лойиҳаларига кўплаб сармоядор ва пудратчилар жалб қилинмоқда, аммо барқарорлик ва хавфсизликнинг йўқлиги бунга тўсиқ бўляпти, деди у.
Қуриб битказилажак ТАПҲ қувурининг узунлиги 1840 км ни ташкил этади. Бу лойиҳа Жанубий Осиёда энергия танқислигини камайтиришга ёрдам беради ва ўзи ўтган тўрт мамлакат учун даромад келтиради. Уни қуриб битказиш муддати бир неча бор ортга сурилган.
Туркманистонлик таҳлилчиларнинг айтишича, қувур фойдаланишга топширилгач, Туркманистон газ экспорт қилиш учун қўшимча каналга эга бўлади, Афғонистон эса ўзига тегишли газ улушини олишдан ташқари, йилига 1 миллиард доллар даромад қилади ва уни бошқа мамлакатларга етказиш ортидан 12000 кишини иш билан таъминлайди.
Дубай ва дунёнинг бошқа йирик бизнес марказларида «туркман мутахассислари янги сармоядорларни жалб қилиш мақсадида бир нечта энергетика лойиҳаларини тақдим этишди, аммо ТАПҲнинг потенциал инвесторлари хавфсизлик муаммолари сабабли иккиланиш ва хавотирда», деди Нурёғдиева.
«Афғонистон ҳукумати вазиятни тушуниш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Энди Туркманистоннинг ташаббусларини ҳукуматга мухолиф кучлар ҳам қўллаб-қувватлаши керак», деб қўшимча қилди у.
Воситачилик роли
Туркманистон тинчлик жараёнига кўмаклашиш орқали нейтрал давлат сифатидаги дипломатик мақомини мустаҳкамламоқда, дейди ТИВ вакили Сардор.
«Агар музокаралар жараёни муваффақиятли ўтадиган бўлса, Туркманистон Афғонистон заминида тинчлик ўрнатиш учун ҳал қилувчи ҳисса қўшган давлат бўлишни истайди».
«(Доҳада Толибон билан суҳбатлашган) ҳамкасбларим шундай кўп тарафлама муаммо билан юзма-юз келмоқдалар», деди Сардор.
Сардорнинг сўзларига кўра, Ашхобод Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш ҳамда ҳукумат ва исёнчилар ўртасида сиёсий музокаралар ўтказиладиган майдонга айланишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган.
«Глобал миқёсда олиб қараганда, Туркманистон учун Толибондан нафақат Ашхабодга келиш ва Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказиладиган жойни ўзгартиришга розилик олиш, балки Афғонистондаги инфратузилмавий лойиҳаларини амалга оширишда хавфсизлик кафолатларини олиш ҳам муҳим», деб қўшимча қилди у.
«12 сентябр куни бўлиб ўтган музокараларнинг илк босқичида ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг ўзи иштирок этди», деди Сардор.
Сардор Туркманистон ташқи ишлар вазирлигининг музокаралардаги қатъиятини «мамлакат раҳбариятининг ташаббусни Қатардан ўз қўлига олиш ва томонларни Ашхободдаги музокаралар столига жалб қилиш истаги» билан боғлади.
3 ноябр куни БМТ бош котибининг махсус вакили ва БМТнинг Афғонистондаги кўмак миссияси раҳбари Дебора Лайонс билан учрашувда Мередов Туркманистоннинг «ички музокараларнинг навбатдаги босқичлари учун Афғонистонга сиёсий майдон тақдим этишга» тайёрлигини тасдиқлади.
«Агар музокараларни Ашхабодга кўчириш ва томонларнинг тинчлик келишувига кўмак бериш истаги амалга ошса, Туркманистон ўзининг бетараф давлат мақомига маълум сиёсий дивидендларни қўшиб олиши мумкин», деди Сардор.
Унинг айтишича, аввалги музокаралар, жумладан олий даражадаги президентлар учрашувлари ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги орқали ўтказилган мулоқотлар Кобулнинг Толибон билан музокаралар учун Ашхабоддан фойдаланишга тайёрлигини намоён этган.
Доҳадаги туркман делегацияси Толибонни Ашхобод Афғонистонда тинчлик ўрнатишга оид муваффақиятли музокараларга тайёр эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилди, деди Сардор.
«Туркманистон раҳбарияти низолашаётган томонларнинг ўзаро келишувга эришиши, Афғонистоннинг қадим заминида тинчлик ўрнатилиши ва бутун мамлакатнинг бунёдкорлик йўлидан боришига умид қилмоқда», деди Сардор.