Инсон ҳуқуқлари

Хитойнинг Ҳонконгдаги тазйиқлари режимнинг эркинликка қарши сиёсатини фош этмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

2020 йилниг 11 ноябр куни Гонконгда Қонунчилик кенгаши идорасидаги матбуот анжумани олдидан қўлни қўлга бериб бирлашган демократпараст депутатлар. Хитой шаҳарга миллий хавфсизликка таҳдид деб топилган сиёсатчиларни ваколатидан маҳрум қилиш ҳуқуқини бергач, улардан тўрт нафари лавозимидан четлатилган. [Anthony WALLACE / AFP]

ПЕКИН – Ҳонконгнинг демократик хатти-ҳаракатларидан тобора кўпроқ хавфсираётган Пекин ярим мухтор шаҳардаги ўзгача фикрлашни бўғиб, ўзининг сиёсий, иқтисодий ва маданий таъсирини кучайтиришга уринаётган Осиёдаги бошқа мамлакатларга огоҳлантириш йўлламоқда.

11 ноябр куни Пекин Ҳонконг ижро ҳокимияти раҳбари Керри Ламга етарли даражада ватанпарвар эмас деб топилган ҳар қандай депутатни ишдан бўшатиш ваколатини берди – бу эркин фикр ва демократик интилишларга қарата навбатдаги зарба бўлди.

У зудлик билан бу ваколатдан фойдаланиб, уни демократпараст депутатлардан тўрт нафарига нисбатан қўллади, улардан яна 15 нафари норозилик сифатида истеъфо берди ва Гонконгнинг бир пайтлар шиддатли бўлган қонун чиқарувчи органи Хитойга содиқ кишилар йиғинига айланди.

Гонгконгдаги Хитой ташқи ишлар вазирлиги 12 ноябр куни депутатларнинг четлатилишини шаҳар учун «тўғри чора» деб атаган.

image

29 октябр куни олинган суратда бостириб кириш машқларида иштирок этаётган Хитой армиясининг ҳаво десантчи қўшинлари акс этган. Пекиннинг ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиб, қўшниларининг суверен ҳудудига дахл қилиш истаги тобора кучайиб борар экан, унга яқин мамлакатлар расмийлари ва аҳолиси хавотирга тушмоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

image

20 октябр куни олинган сурат: Тайваннинг фронтга яқин Кинмен қирғоғида ҳаво десантчиларига қарши ўрнатилган ҳимоя мосламалари. Олисда Хитойнинг Сямен шаҳри кўринмоқда. [Sam Yeh/AFP]

Пекин кейинги истеъфоларни Хитой ҳукуматига қарши «очиқдан-очиқ чақириқ» деб баҳолашини айтган.

Лавозимидан озод этилган тўртовлон дастлаб АҚШни Гонконгнинг мансабдор шахсларига қарши санкциялар жорий қилишга чақирганидан сўнг, 6 сентябрга мўлжалланган Ҳонконг қонунчилик органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эдилар.

Сайловлар кейинга қолдирилган, расмийлар бунга коронавирус сабаб бўлганини айтганлар.

«Агар тегишли ҳуқуқий тартибга риоя қилиш, тизим ва функцияларни ҳимоя қилиш, демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашиш парламентдан четлатишга олиб келадиган бўлса, бу мен учун шараф», деди лавозимидан четлатилган депутатлардан бири Деннис Квок 11 ноябр куни журналистларга.

«Ҳонконгликлар, жамиятда биттагина овоз бўладиган узундан-узоқ даврга тайёрланаверинг», деди демократпараст депутат Лам Чук-Тинг 12 ноябр куни журналистларга.

«Ўзгача фикрловчилардан бўлсангиз, бундан-да кучлироқ босимга тайёр туринг.»

Демократияга нисбатан адоват

Халқаро ҳамжамият Ламнинг қарорига зудлик билан муносабат билдирди.

«[Хитой раҳбари] Си Цзинпиннинг режими демократик ҳисобдорлик ва унинг ҳимоячиларига мутлақо душман эканлигини яна бир бор намойиш этди», деди Гонконгнинг сўнгги британиялик губернатори Крис Паттен.

Европа Иттифоқи (ЕИ) депутатларнинг «зудлик билан лавозимига тикланиши» кераклигини айтди, Канада эса уларнинг четлатилиши «Гонконгдаги инсон ҳуқуқларига путур етказгани» ҳақида баёнот берди.

«Бу чоралар Гонконгдаги сиёсий плюрализм ва эркин фикрга қарши навбатдаги жиддий зарба бўлди», дейилади Европа Иттифоқининг 12 ноябр кунги баёнотида.

Июн ойида қабул қилинган «Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун»дан маълум бўлганидек, Пекин «бир мамлакат, икки тизим» моделига биноан ҳудуднинг ҳуқуқ ва эркинликларини сақлаб қолиш ваъдасига хилоф иш тутмоқда, дейилади баёнотда.

22 май куни Хитойнинг олий қонунчилик органи – Бутунхитой халқ вакиллари йиғинининг доимий қўмитаси Гонконгда «ижро механизмларини» кучайтиришга оид режаларини эълон қилган.

Ушбу қонуннинг муҳокама учун таклиф этилган лойиҳасида «ҳар қандай айирмачилик, миллий режимга дахл қилиш, террорчи гуруҳлар фаолияти ва миллий хавфсизликка жиддий путур етказадиган хатти-ҳаракатларнинг олди олиниши, тўхтатилиши ва жазоланиши» айтилади.

Аммо қонун 30 июн куни кучга киргунига қадар, унинг аниқ матни Ҳонконгнинг 7,5 миллионлик аҳолисидан сир сақланган.

Пекин бир қадам ортга чекиниш ўрнига, Гонконгга нисбатан босимни икки карра кучайтириб, ўз мустақиллиги ҳимоялашга ёки Хитой компартиясини (ХПК) сўроққа тутишга журъат этган мамлакатларга кескин мужда йўллаётган кўринади.

Пекин Гонконгнинг амалдаги конституцияси – Бош қонунини «такомиллаштиришга» қаратилган ислоҳотлар устида ишламоқда, деб эълон қилди Хитойнинг Гонконг ва Макао ишлари бўйича раҳбари ўринбосари Чжан Сяоминг сешанба (17 ноябр) куни.

«Ҳозир ҳақиқатни ёлғондан ажратишнинг айни вақти», деди Чжан «ватанни» тан олмайдиганлар ёки мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчилар Бош қонунга хилоф эканини қўшимча қилиб.

У демократпараст депутатларнинг ўз ўрнидан четлатилганини олқишлар экан, шундай деди: «Фақат ватанпарварларгина ўз жойида қолиши керак; акс ҳолда улар тизимдан чиқарилиши лозим».

Пекиннинг ҳудудий даъволари

Пекиннинг ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиб, қўшниларининг суверен ҳудудига дахл қилиш истаги тобора кучайиб борар экан, бу унинг яқинидаги мамлакатлар расмийлари ва аҳолисини хавотирга солмоқда.

Масалан, сўнгги ойларда Хитой ҳарбий самолётлари Тайваннинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳудудига бир неча бор бостириб кирган.

Ўз-ўзини бошқарувчи оролни Хитойга қарашли деб ҳисоблайдиган Пекин уни ўз ҳудудига қўшиб олмоқчи – керак бўлса, куч билан.

Хитойнинг тажовузи қўшни Ҳиндистонга ҳам етиб борган.

Июн ойи ўрталарида Ладах вилоятида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар юз берган, натижада 20 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлди. Хитой режими қурбонлар берилганини тан олган бўлса-да, рақамларни очиқламаган.

Чегара ҳудудида сентябр ойи бошида юз берган бошқа бир ҳодисада 45 йилдан бери илк марта ўқ товушлари эшитилди. Томонлар бир-бирларини ўт очишда айбладилар.

Бу орада Пекин «ўз» ҳудудларини қайтариш ғоясини илгари сурмоқда ва шу йўл билан Марказий Осиё мамлакатларининг реакциясини билмоқчи – кузатувчиларга кўра, бу минтақа суверенитетига тўғридан-тўғри таҳдиддир.

Апрел ойида Toutiao.com сайтида «Нима учун Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин ўз ватанига қайтмади?» сарлавҳали мақола чоп этилган.

Мақолада Қирғизистон минг йилликлар давомида Хитой ҳудудининг бир қисми бўлгани, 1846 йилда Чор Россияси Хитойдан 510 минг кв. км ҳудудни, жумладан ҳозирги Қирғизистон ерларини тортиб олгани ҳақида ёзилган.

1991 йилда мустақилликка эришган Қирғизистон асосан Россиянинг давомли таъсири туфайли Хитойга «қайтмади», деб ёзади муаллиф.

Қирғизистонликларнинг ғазабини қўзғаган мақола иғволи деб топилган.

«Пекин нафақат Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлиги, балки унинг суверенитети учун ҳам таҳдидга айланмоқда. Бу хавотирли белги», дейди Orbita.kg янгиликлар сайтининг бишкеклик мухбири Марс Абаев.

Пекиннинг Қирғизистондаги синови мамлакат Россия тарафидан ҳам бўлаётган ташқи таъсир остида сиёсий инқироз ичида қолаётган бир пайтда юз бермоқда.

Хитойнинг «фейк хабарлари»

Шунингдек, апрел ойида Хитойнинг Sohu.com хусусий онлайн нашрида «Нима учун Қозоғистон Хитойга интилмоқда» сарлавҳали мақоланинг чоп этилиши ортидан Хитой элчиси Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган эди.

Учрашув ҳақида ўзининг Facebook саҳифасида хабар қолдирган Хитой элчиси муҳокаманинг асосий мавзуини эътиборсиз қолдирган. У «икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ахборот майдонини сохта хабарлардан тозалаш муҳимлигига эътибор қаратилди», дейиш билан чекланган.

Бироқ, Хитойнинг ахборот сиёсати билан яхши таниш бўлган кузатувчиларнинг таъкидлашича, бу веб-сайтлар Пекин раҳбариятининг маъқулловисиз ёлғон маълумот тарқатмайди.

Sohu.com Хитой компартияси томонидан бошқарилади ва улкан молиявий имкониятларга эга, дейди «Атажурт» (Ота юрт) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбари, 2000 йилларда Хитойдан кўчиб келган этник қозоқлардан бири, олмаоталик Серикжан Билаш.

Toutiao.com ҳам коммунистик партиянинг қўллаб-қувватловига эга.

«Бу ҳар хил сохта янгиликлар чоп этадиган оддий веб-сайтлар эмас», деди у.

«Бу мақолалар Хитой ҳукуматининг Марказий Осиё мамлакатлари эркинлиги ва мустақиллигини тан олмаслигини ва уларни ўз ҳудуди деб билишини кўрсатади», дейди Билаш.

Июл ойида Хитой оммавий ахборот воситалари «Тожикистон Хитойга ерини топшириш ташаббуси билан чиқди ва Помирнинг қўлдан чиқарилган тоғлари ўзининг қонуний эгасига қайтарилди» деган иғволи сарлавҳа остида мақола чоп этган.

2011 йилда Тожикистоннинг 1158 кв. км ҳудуди Хитой ихтиёрига ўтказилганини ёритган мақола кўплаб тожикистонликларни жунбушга келтирган эди. Тожикистон бу ерларни ўз қарзларининг бир қисмидан қутулиш учун Хитой ихтиёрига топширган.

Тожикистоннинг Хитой олдидаги қарзи ўсиб борар экан, вазият жиддийлашмоқда – Asia-Plus нашрининг август ойидаги хабарига кўра, бу рақам 2020 йилда 1,2 миллиард долларга етган.

Хитой режимининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги репрессияси унинг Шинжон вилоятида ҳам ўз аксини топмоқда. Пекин бу ҳудуддаги уйғурларга мажбуран коммунистик мафкурани сингдириш орқали уларни ўз жамиятига мослашга ҳамда Ислом анъаналари ва тарихини таг-туги билан йўқотишга уринмоқда.

Марказий Осиё учун Хитойнинг сармояси ва таъсири манфаатлими?
Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500