Карвонсарой
Саломатлик

Ғарбнинг муваффақиятли баёнотлари ортидан Путин Россия вакцинаси тарғиботини кучайтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Россия президенти Владимир Путин 17 ноябр куни Москва яқинидаги қароргоҳидан туриб видеоалоқа орқали БРИКСнинг XII саммитида иштирок этмоқда. [Алексей НИКОЛЬСКИЙ / СПУТНИК / AFP]

Россия президенти Владимир Путин 17 ноябр куни Москва яқинидаги қароргоҳидан туриб видеоалоқа орқали БРИКСнинг XII саммитида иштирок этмоқда. [Алексей НИКОЛЬСКИЙ / СПУТНИК / AFP]

МОСКВА – Яқинда эришилган ютуқлардан сўнг, Европа ва Қўшма Штатларда COVID-19га қарши эмлаш дастурлари билан боғлиқ режалар шаклланар экан, Россия президенти Владимир Путин йирик ривожланаётган мамлакатлар иттифоқи – БРИКС аъзоларини Россиянинг коронавирусга қарши вакциналарни оммавий ишлаб чиқаришга чорламоқда.

Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикасидан иборат БРИКС альянсининг онлайн саммитида нутқ сўзлаган Путин иттифоқнинг қолган тўрт аъзосини Россиянинг коронавирусга қарши вакциналарни кенг миқёсда ишлаб чиқариш ва тарқатишга тарғиб қилди.

«Россияда вакциналар бор, улар самарали ва хавфсиз... Бу маҳсулотни кенг миқёсда тарқатиш учун ўз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз жуда муҳим», деди Путин сешанба (17 ноябр) куни.

Россия раҳбари вакциналарни оммавий ишлаб чиқариш бўйича беш мамлакат ўртасида қандай кенг кўламли ҳаракатлар олиб борилишини очиқламаган ва тижорий шартларни айтиб ўтмаган.

Август ойида Россия режими COVID-19га қарши дунёдаги биринчи вакцинани рўйхатдан ўтказганини эълон қилди. Бу баёнот совет даврига оид сунъий йўлдош шарафига «Спутник V» деб номланган вакцинанинг кенг миқёсли клиник синовларидан аввал берилди.

Ўтган ойда Путин режими коронавирусга қарши иккинчи вакцина – «ЭпиВакКорона»ни ҳам рўйхатдан ўтказганини айтди.

Шубҳали вақт

АҚШнинг Pfizer трансмиллий фармацевтика корпорацияси ва Германиянинг BioNTech биотехнологик компанияси 9 ноябр куни ўз вакциналари самарадорлиги 90 фоиздан юқори эканлигини эълон қилдилар, бу глобал вакцина пойгасида умидбахш баёнот бўлди.

Орадан икки кун ўтиб, Россия режими унинг вакцинаси 92 фоизлик самадорликка эга эканини айтди. Кўпчиликнинг фикрича, Кремл рақамларга шунчаки 2 фоиз қўшиб қўйишган бўлиши мумкин.

Аммо бу шов-шувли янгилик ҳам ташвиқот чораларига ҳеч қандай ёрдам беролмади.

Чоршанба (18 ноябр) куни Pfizer ва BioNTech COVID-19га қарши ўз тажриба вакциналари бўйича якунланган тадқиқотлар уларнинг 95 фоизга самарадорлигини кўрсатганини маълум қилган.

АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг 16 ноябр кунги хабарига кўра, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатди.

Путиннинг БРИКСга мурожаати – мамлакатлар Ғарбнинг синалган ва муваффақиятли вакциналари хариди учун шартнома имзоламасидан аввал, синови якунланмаган «Спутник V»ни сотишга уриниш ўлароқ баҳоланмоқда.

«Россиянинг баёнотини тушунтириш жуда мушкул», деган эди мамлакатда COVID-19 вакцинаси бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ва ишланмаларни диққат билан кузатиб бораётган, Россиянинг Клиник тадқиқотлар бўйича ташкилотлари уюшмаси вакили Светлана Завидова ўтган ҳафтада.

«Қўрқаманки, улар Pfizer натижаларини кўриб, унга шунчаки 2 фоиз қўшиб қўйишган бўлиши мумкин», деди у Science нашри билан суҳбатда.

Аксар таҳлилчилар Кремлнинг биринчи бўлиб вакцина ишлаб чиқиш «иштиёқи» унинг самарадорлиги ва хавфсизлигига путур етказиши мумкинлигидан хавотирда.

«Спутник V» вакцинасининг хавфсизлиги атрофидаги шубҳалар ортар экан, Кремл бу маҳсулот борасидаги риторикасини янада кучайтира бошлаган.

Москванинг вакцинани тарғиб қилиш кампанияси ватанпарварлик баёнотлари билан тўлган ва ҳеч қандай танқидни кўтармайди – «Кремл хавфсизликни ўйламаяпти» деган даъволар Россияга қарши бўҳтон сифатида рад этилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500