Саломатлик

Хитой «COVID-19 Италиядан чиққан» деган тахминларни ёйиш учун тиббий тадқиқотларни бузиб талқин қилмоқда

Карвонсарой

image

Римдаги Casal Palocco тиббиёт институтида COVID-19 беморлари учун мўлжалланган интенсив терапия бўлимидаги бемор ёнида ишлаётган тиббий ходимлар, 18 ноябр 2020 йил. [Filippo MONTEFORTE / AFP]

Ўтган ҳафта Италия тиббий нашрларидан бирида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, COVID-19 коронавируси Италияда 2019 йил сентябр ойидаёқ мавжуд бўлган. Бу ҳолат касаллик Хитойдан ташқарига тахмин қилинганидан илгарироқ тарқаган бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

Тадқиқот билан боғлиқ жиддий хавотирларга қарамай, Хитой режими ўз фойдасини кўзлаб, бу янгиликни дарҳол турли медиа-платформаларда тарқатиб юборди. У тадқиқот хулосаларининг асосий тафсилотларини ошкор қилмай, касалликнинг келиб чиқишига оид шубҳаларни кучайтириш учун узуқ-юлуқ илмий маълумотлардан фойдаланди.

Миландаги Миллий саратон институти 2019 йил сентябридан 2020 йил мартигача бўлган даврда ўпка саратони скрининг текширувида қатнашган 959 нафар соғлом кўнгиллини ўрганиб чиқди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, 11,6 фоиз одам организмида феврал ойига қадар коронавирус антитаначалари пайдо бўлган, деб хабар беради институтнинг Tumori Journal нашри.

Италияда COVID-19га чалинган илк бемор 21 феврал куни Милан яқинидаги кичик шаҳарчада аниқланган эди, аммо касалликнинг юқиш занжирининг тикланиши олимларни ҳайратда қолдирган.

image

8 апрел куни Пекинда журналистлар саволига жавоб бераётган Хитой ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Чжао Лицзян. Чжао Хитой режими дезинформациясининг асосий манбаларидан бири бўлиб келган. [GREG BAKER / AFP]

image

Хитой режимининг асосий дезинформация майдонларидан бири COVID-19 билан боғлиқ бўлган. Бутун дунё COVID-19 туфайли жорий қилинган карантин ва ўлим ҳолатларидан азият чекиб турган бир пайтда, Пекин ва унинг ОАВ машинаси Хитойнинг бу борада қандай муваффақиятларга эришганини кўз-кўз қилишга уринди. 15 август куни олинган ушбу суратда Ухань шаҳридаги сунъий сув ҳавзаси ичида салқинлаб, томоша кўраётган хитойликлар акс этган. [STR/AFP]

Агар бу тадқиқотлар аниқ бўлса, улар вируснинг Италияда «биринчи бемор» аниқланмасдан олдин симптомсиз ҳолда тарқала бошлаганига ишора қилиши мумкин.

Сиена университети айни шу журнал учун «Италияда пандемиядан аввалги даврда SARS-CoV-2 антитаначаларининг кутилмаганда аниқланиши» номли SARS-CoV-2 антитаначаларини аниқлаш бўйича махсус тест ўтказган.

SARS-CoV-2 – COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи вирус номи.

Тадқиқотга кўра, октябр ойининг илк ҳафтасида вирусни нейтраллаштирувчи антитаначалар тести тўрт кишида мусбат натижа берган, бу уларнинг сентябр ойида касалланганини билдиради, деди тадқиқот муаллифларидан бири Жиованни Аполоне Reuters нашрига.

«Энг асосий хулоса: серологик тестлардан кейин симптомсиз одамларда ижобий натижа чиқибгина қолмай, балки вирусни йўқ қиладиган антитаначалар ҳам топилган», деди Аполоне.

«Бу – янги коронавируснинг аҳоли орасида узоқ муддат давомида паст ўлим кўрсаткичи билан мавжуд бўлиши унинг йўқолиб кетаётганидан эмас, балки яна қайтиб юзага чиқиши мумкинлигидан дарак беради», деб қўшимча қилди у.

Аммо италиялик олимлар бу тадқиқотга эҳтиёткорлик билан қарамоқдалар.

Янги коронавирус бўйича тадқиқот олиб бораётган Миландаги яна бир тиббий муассаса – Сакко шифохонасининг юқумли касалликлар бўлими раҳбари Массимо Галли эса «реал тасдиқларни» кутмоқда.

«Вирус эски эканлигини тушуниш жуда қийин, чунки у ҳолда биз унинг нега аввалроқ пандемия келтириб чиқармаганини тушунтира олмаймиз», дейди у Италиянинг «La Republica» нашри билан суҳбатда. «Вирус портловчи табиатга эга – у касалхонага кириб келгач, назоратдан чиқиб кетса, ўнлаб касалланишларга сабаб бўлиши мумкин.»

Эътиборга молик бошқа тахминлар – ёлғон мусбат натижалар ва айрим одамларда оддий шамоллаш коронавируси сабабли SARS-CoV-2га қарши антитаначаларнинг пайдо бўлиши исботланганидир.

Шундай хавотирлар борлигига қарамай, Хитой ҳукумати бу янгиликларни ўзининг дезинформацион нарративига мослаб тарқатишга шошилди.

Хитойнинг дезинформация машинаси

Хитой компартияси бошқарувидаги «China Daily» инглиззабон нашри «тадқиқот вирус Хитойда аниқланишидан бир неча ой аввал Италияда мавжуд бўлганини кўрсатмоқда», деб хабар тарқатган.

Италияда олиб борилган сўнгги тадқиқотлар ҳақидаги саволга жавоб берган Хитой ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Чжао Лицзянь COVID-19 тарқалган жой ва вақтни шубҳа остига олувчи бошқа хабарлар ҳам борлигини айтган.

«Вирус чиққан жойни аниқлаш жуда мураккаб илмий масала эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди», деб айтган у сешанба (17 ноябрь) куни Пекиндаги брифинг чоғида.

Чжао аввал ҳам COVID-19 билан боғлиқ дезинфомацияга алоқадор бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) пандемия тарқаганини эълон қилганининг эртаси – 13 март куни у ўз Tвиттерида пандемия маркази бўлмиш «Уханга эпидемияни АҚШ ҳарбийлари олиб келгани» ҳақидаги асоссиз даъво билан чиққан эди.

Шунингдек, Чжао ўз Твиттерига коронавирус Хитойда эмас, Қўшма Штатларда пайдо бўлганини даъво қилган фитнали веб-сайт мақолаларини ҳам жойлаган.

Twitter бу твитлар ва унинг манбаларини зарарли, спамга ва зўравонликка оид ёки чалғитувчи деб топган.

«China Daily» чоп этган мақола Пекиннинг Хитой ташқарисидаги жамоатчилик фикрига таъсир қилиш чораси эканлиги аниқ эди. Нашрнинг халқаро адади 600 минг, маҳаллий адади эса 300 мингга яқинни ташкил қилади.

Шунингдек, мақолада Оксфорд университетининг Далилларга асосланган тиббиёт маркази доктори Том Жефферсон томонидан июл ойида эълон қилинган тадқиқот ҳам зикр қилинган.

Экспертлар томонидан тақриз берилмаган ушбу тадқиқотга кўра, COVID-19 намуналари Хитойда аниқланишидан аввал Испания, Италия ва Бразилиядаги оқова сувларда топилган.

«Буни фақат қуйидагича изоҳлаш мумкин: агентлар қаердандир келиб-кетаётгани йўқ», дейди у Daily Telegraph нашри билан суҳбатда. «Улар доим шу ерда бўлган. Уларни аҳоли зичлиги ёки атроф-муҳит каби шароитлар қўзғаши мумкин. Биз шуларга эътибор қаратишимиз керак.»

Яшириш

Хитой Ухан шаҳрида касаллик тарқагани ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига 2019 йил 31 декабрда хабар берди, аммо режим тарафидан белгиланган сана кўплаб саволларни келтириб чиқарган.

South China Morning Post (SCMP) газетасида чоп этилган Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, Хубей провинциясида яшовчи 55 яшар хитойлик 2019 йил 17 ноябрда COVID-19га чалинган илк одам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, январ ойида Хитой расмийларининг қарийб бир ҳафтага чўзилган сукути дунёни пандемияга илк босқичдаёқ барҳам бериш имкониятидан маҳрум қилди, деб хабар берган апрел ойида Associated Press (AP) агентлиги.

Хитой расмийлари ҳалокатли эпидемия тарқаганини зимдан англаган бўлсалар-да, вирус маркази бўлган Уханда бир неча ўн минглаб одамлар иштирокида катта зиёфат ўтказишга рухсат бериб, вируснинг ҳар томонга тарқалишига йўл қўйганлар.

Баёнот олти кунга (14 дан 19 январга қадар) кечикди. Ниҳоят, ХХР раиси Си Цзинпин 20 январ куни оммага огоҳлантириш билан чиқди. Бироқ, AP ихтиёрига келиб тушган ҳужжатлар ва экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу муддат ичида камида 3000 дан ортиқ одам касалланиб улгурган.

Олти кунлик кечикиш касалланишнинг иккинчи ҳафтаси ўрталаридан бошланган, 5-17 январ кунлари юзлаб одамлар COVID-19 вируси билан мамлакат касалхоналарига олиб келинган бўлса-да, бу вақт ичида Хитой касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази (CDC) расман касалланиш ҳолатларини рўйхатга олмаган.

Хитой расмийлари 13 январ куни касаллик илк марта Хитойдан ташқарида – Таиландда аниқланганидан кейингина чора кўришни бошлаганлар.

ЖССТ май ойида эпидемиянинг келиб чиқиши ва бошланиш санасини аниқлаш бўйича иккита суриштирув бошлаган.

Хитой бу тадқиқотларга кўмаклашишга ваъда берди ва хитойлик олимлар ЖССТ бошчилигидаги иккала жамоада ҳам иштирок этмоқда, деб хабар берди SCMP 13 ноябр куни.

Бироқ, сўровларнинг муваффақияти ва аниқлиги жамоаларнинг Хитой ичкарисидан олиши мумкин бўлган маълумотларга боғлиқ бўлади, деб огоҳлантирган экспертлар.

«Маълумотларни бирламчи манбалардан олишга изн бериладими ёки уларни олишга тўсиқ қўйиладими, масала шунда», дейди соғлиқни сақлаш хавфсизлиги ва бошқарув соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланувчи Ҳонконг шаҳар университети доценти Николас Томас SCMP билан суҳбатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500