Карвонсарой
Саломатлик

Россия COVID-19 вакцинасининг самарадорлиги ҳақида яна бонг урмоқда

Карвонсарой ва AFP

10 сентябрь куни Москвада Россиянинг коронавирусга қарши янги вакцинаси билан кўнгиллилардан бирини эмлашга ҳозирлик кўраётган ҳамшира. [Наталья КОЛЕСНИКОВА / AFP]

10 сентябрь куни Москвада Россиянинг коронавирусга қарши янги вакцинаси билан кўнгиллилардан бирини эмлашга ҳозирлик кўраётган ҳамшира. [Наталья КОЛЕСНИКОВА / AFP]

МОСКВА – Cешанба (24 ноябр) куни Россия режими ўзининг «Спутник V» коронавирусга қарши номзод-вакцинаси 95 фоизга самарали эканлигини эълон қилди. Кузатувчиларга кўра, Москва халқаро миқёсдаги бошқа рақобатчи вакцина ишлаб чиқарувчиларининг баёнотлари ортидан ўз рақамларига шунчаки бир неча фоиз қўшиб эълон қилмоқда.

Pfizer ва BioNTech компанияларининг вакциналари 90 фоиз самарадорликка эга экани эълон қилинганидан икки кун ўтиб, 11 ноябр куни Кремл «Спутник V» вакцинаси 92 фоизга самарадор эканини иддао қилар экан, дунё олимлари ва кузатувчилар ҳайрат билан бошларини сарак-сарак қилган эдилар.

Орадан бир ҳафта ўтмай, АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг хабар беришича, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатган.

Энди руслар «Спутник V» вакцинаси самадорлигини 95 фоизга ўзгартиришган.

Россия режими унинг вакцинаси Цельсий бўйича 2-8 даража илиқда сақланиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилган. Бошқа вакциналар эса нолдан паст ҳароратда сақланиши талаб қилинади.

Унинг самарадорлиги биринчи дозадан 42 кун ўтиб олинган дастлабки натижалар асосида ҳисобланган, дейилади Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Гамалея» давлат тадқиқот маркази ва Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) баёнотида.

Баёнотда айтилишича, вакцина биринчи дозадан 28 кун ўтиб, 91,4 фоизга самарадорлигини кўрсатган – бу атиги 39 ҳолатга асосланган рақам.

42 кундан сўнг – иккинчи дозадан кейинги натижалар «вакцинанинг самарадорлиги 95% дан юқори» эканини кўрсатган.

Бироқ, унда якуний ҳисоб-китоблар учун ишлатилган коронавирусга чалиниш ҳолатларининг сони очиқланмаган.

РБИЖ хабарига кўра, 22000 дан ортиқ кўнгилли битта доза ва 19000 дан ортиғи икки доза билан эмланган.

Элементар текширувдан ўтолмайди

Россиянинг даъволари элементар текширувдан ҳам ўтолмайди, деган эди вакциналар келажагини такомиллаштиришга хизмат қилувчи «Human Vaccines Project» нотижорат ташкилоти раҳбари Уэйн Кофф «Спутник V»нинг самарадорлиги ҳақида бонг ураётган Кремлнинг илк баёноти ортидан.

«Қўрқаманки, улар Pfizer натижаларини кўриб, унга шунчаки 2 фоиз қўшиб қўйишган бўлиши мумкин», деди Россиянинг Клиник синовлар ташкилотлари уюшмасини бошқарадиган ва мамлакатда COVID-19 вакцинаси бўйича олиб борилган тадқиқотлар ва ишланмаларни диққат билан кузатиб бораётган москвалик ҳуқуқшунос Светлана Завидова Science нашри билан суҳбатда.

Яқинда эришилган ютуқлардан сўнг, Европа ва Қўшма Штатларда COVID-19га қарши эмлаш дастурлари билан боғлиқ режалар тузилар экан, Россия президенти Владимир Путин йирик ривожланаётган мамлакатлар иттифоқи – БРИКС аъзоларини Россиянинг коронавирусга қарши вакциналарни оммавий ишлаб чиқаришга чорламоқда.

БРИКС Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикасидан таркиб топган.

Аксар таҳлилчилар Кремлнинг биринчи бўлиб вакцина ишлаб чиқиш «иштиёқи» унинг самарадорлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда.

«Спутник V» вакцинасининг хавфсизлиги атрофидаги шубҳалар ортгани сайин Кремл унинг рекламасини кучайтирмоқда.

Москванинг вакцинани тарғиб қилиш кампанияси ватанпарварлик баёнотлари билан тўлган бўлиб, ҳеч қандай танқидни кўтармайди – айниқса, «Кремл хавфсизликни ўйламаяпти» деган даъволар Россияга қарши бўҳтон сифатида рад этилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500