Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари давом этар экан, фаоллар соғлиқни сақлаш инқирози ҳақида огоҳлантирмоқда

Волид Абу Ал-Хайр

image

Идлибдан шимолда жойлашган Хазано шаҳарчаси яқинидаги суриялик қочқинлар жамлоғида юрган қизалоқ қўл силкимоқда, 2020 йил 3 ноябр. [AAREF WATAD / AFP]

Идлиб минтақасидаги фаоллар ва қутқарувчиларнинг огоҳлантиришича, Сурия ва Россия кучларининг минтақага давомли зарбалари туфайли соғлиқни сақлаш соҳасида фалокат юз бериши муқаррар.

Сурия мухолифатининг назоратидаги сўнгги ҳудудда COVID-19 инфекцияси тез суръатларда тарқалиб бормоқда.

Бу ҳудудда қарийб 4 миллион одам яшайди, уларнинг аксарияти қочқинлар бўлиб, жамлоқлар ёки қурилиши битмаган уйларда кун кечирмоқда.

Россия авиазарбалари ва Сурия режимининг ҳужумлари яқинда ўз уйларига қайтиб келган оилаларни қочқинлар жамлоқларига қайтишга мажбур қилган, дейди Сурия фуқаролик мудофааси («Оқ дубулғалилар») аъзоси Холид Ал-Хатиб.

Идлибда март ойида Россия томонидан эълон қилинган оташкесимга қарамай, 15 октябр куни Россия ҳарбий самолётлари Идлиб ғарбида жойлашган Жиср аш-Шуғур яқинидаги ал-Ҳамама шаҳарчасига кетма-кет саккизта авиазарба бериб, икки тинч фуқарони ҳалок қилди ва 10 дан ортиғини яралади.

4 ноябр куни Сурия режимининг вилоятдаги бомба ҳужумлари натижасида 7 киши ҳаётдан кўз юмган, улардан 4 нафари ёш болалар бўлган.

«Одамларнинг кўчиб келиб, аралашиб кетиши натижасида шундоқ ҳам лиқ тўла жамлоқларда сўнгги ҳафталар давомида COVID-19 ҳолатлари кескин кўпайган», деди Ал-Хатиб.

Унинг айтишича, касалланиш ва ўлим ҳолатларининг аниқ сонини билиш мушкул бўлса-да, тахминан 10 минг кишида вирус аниқланган, улардан 100 нафари вафот этган.

Минтақада COVID-19 тест тўпламлари етишмаяпти. Бу ҳам етмагандек, коронавирус симптомларини бошдан кечираётганларнинг аксарияти тест ёки ташхис учун тиббий муассасаларга бормаяпти, деб қўшимча қилди у.

«Шимоли-ғарбий ҳудудда ўтган ой ичида тасдиқланган касалланишлар сони олти мартага кўпайган, қочқинлар жамлоқлари ва аҳоли пунктларида ҳам беморлар сони ортиб бормоқда», деб хабар берган эди БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок ўтган ой охирида.

«Ижтимоий масофа сақлаш имконсиз»

Ал-Хатибнинг айтишича, «Оқ дубулғалилар» бошқа гуманитар ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда вирусга чалинганларни карантинга олиш ва даволаш учун бир нечта тиббиёт муассасаларини ташкил қилган.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, Идлиб минтақасида қиш мавсумида соғлиқни сақлаш соҳасида фалокат юз бериш хавфи сақланиб қолмоқда.

«Тиббий ва гуманитар ташкилотлар ижтимоий масофа сақлаш амалиётини имкон қадар тарғиб қилишга уринмоқда, аммо одамлар билан тўлган жамлоқларда, айниқса қиш ойларида, бу жуда мушкул иш», дейди идлиблик фаоллардан бири Мусъаб Ассаф.

Қочқинлар жамлоқларига олиб борувчи йўлларнинг аксари, шунингдек, жамлоқларнинг ўзини ҳам сув босган, бу эса гуманитар ёрдам етказишни қийинлаштирмоқда, деди у, тиббиёт соҳаси етарлича молиялаштирилмаётгани сабабли муаммо янада оғирроқ тус олаётганини таъкидлаб.

Сурия режимининг ҳужумлари натижасида ўлган ва жароҳатланганлар сони Идлиб шаҳри, шунингдек, Ариҳа, Шаннан, Эҳсим, Саржа, Кансафра, Мараян, Балун, ал-Бара, Идлибнинг қишлоқ ҳудудлари ва Кафрая сингари шимолий Идлибдаги бошқа кўплаб шаҳарларда ҳам кўпаймоқда.

Ассафнинг айтишича, бу шаҳарлар аҳолиси кетишга мажбур бўлмоқда ва ёрдам ташкилотлари уларга Туркия чегараси яқинидаги қишлоқлар ва жамлоқлардаги нисбатан хавфсиз жойларга етиб олишга кўмаклашмоқда.

Илгари Мааррат ан-Нуъмон шаҳрида яшаган, яқинда ўз оиласи билан Туркия чегараси яқинидаги шаҳарчага кўчиб келган Ҳани ан-Нуъмоннинг айтишича, битта уйда юзлаб оилалар яшашга мажбур бўлмоқда, чунки қочқинлар учун уйлар етишмаяпти, жамлоқлар эса тўлиб бўлган.

«Бир нечта аҳоли пунктларининг ҳаводан ўққа тутилаётгани вазиятни мураккаблаштирмоқда, бунинг натижасида Идлиб минтақасидаги одамларнинг яшаш шароитлари янада оғирлашмоқда», деди у.

Ёқилғи ва ўтин нархларининг юқорилиги боис, кўплаб оилалар совуқда уйини исита олмаяпти, «шу сабабли уларнинг аксари уйни иситишга ёрдам берадиган ёнувчи материал излаш билан овора», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия жазо отрядлари қачонгача сурияликларни ўлдиради?

Жавоб бериш

Бу дегани Россияга зарба бериш керак.

Жавоб бериш

Нима билан? Кетмон биланми?

Жавоб бериш

Ҳар ҳолда лапти ва балалайкалар билан эмас.

Жавоб бериш