МОСКВА – Россияда 400 мингдан зиёд ҳарбий хизматчини COVID-19га қарши самараси исботланмаган «Спутник V» вакцинаси билан эмлаш кампанияси бошланди.
2500 дан ортиқ аскар эмлаб бўлинган, йил охирига қадар яна 80 минг нафари эмланиши кутилмоқда, деди мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтган жума (27 ноябр) куни.
Россия қуролли кучларининг 400 мингдан ортиқ аскари президент Владимир Путиннинг буйруғига биноан COVID-19га қарши эмланади, деди у.
Вакцинация аксари мажбурий ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар учун ихтиёрий бўладими-йўқми, вазир аниқлик киритмади.
Полшадаги тадқиқот маркази бўлмиш Варшава институти маълумотларига кўра, 2019 йилда Россия армиясида 260 минг нафар чақирилувчи ва 370 минг шартнома асосида хизмат қилувчи аскар бўлган.
«Оғир касалланиш ҳолатларида ўз самарадорлигини» исботлаган плазма даволаш тадқиқотларида эмланган ва юқори даражадаги антитаначаларга эга 500 га яқин ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда.
«Спутник V» бўйича ишланмаларнинг дастлабки босқичларида Россия мудофаа вазирлиги ҳам қатнашган, унинг ҳарбий хизматчилари дастлабки босқич синовларида илк кўнгиллилар қаторида эмланган эди.
65 ёшли Шойгу бу вакцинани қабул қилган россиялик амалдорлардан бири бўлди, аммо бундай юқори лавозимли амалдорлар, жумладан Путиннинг қизи ҳам уни қабул қилгани юзасидан шубҳалар ортган.
Самараси исботланмаган вакцина
Россиянинг аниқ ва текширилган маълумотлар тақдим этмай, «Спутник V» вакцинасини халқаро муқобиллар билан бир хил даражада ёки ундан ҳам фаолроқ реклама қилишга уриниши жамоатчиликнинг номзод-вакцинага бўлган ишончига путур етказган.
24 ноябр куни Россия режими коронавирусга қарши «Спутник V» номзод-вакцинасининг 95 фоизга самарали эканини эълон қилар экан, Москва вакцина ишлаб чиқаётган жаҳоннинг бошқа компаниялари баёнотларидан сўнг, рақамларга шунчаки фоиз қўшиб эълон қилиш амалиётини давом эттирди.
Pfizer ва BioNTech компанияларининг вакциналари 90 фоиз самарадорликка эга экани эълон қилинганидан икки кун ўтиб, 11 ноябр куни Кремл «Спутник V» вакцинаси 92 фоизга самарадор эканини иддао қилар экан, дунё олимлари ва кузатувчилар ҳайратдан бошларини сарак-сарак қилган эдилар.
Орадан бир ҳафта ўтмай, АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг хабар беришича, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатган.
Руслар ҳаммадан ўзиб кетган кўринади – улар «Спутник V» самадорлигини 95 фоизга «кўтаришган».
Хорижлик олимлар Кремлнинг даъволари юзасидан ўз хавотирларини билдирмоқда.
Даъво қилинишича, вакцина биринчи дозадан 28 кун ўтиб, 91,4 фоизга самарадорлигини кўрсатган, 42 кундан сўнг – иккинчи дозадан кейинги натижалар эса «самарадорлик 95% дан юқори» эканини кўрсатган.
Филаделфиядаги Темпл университети биологи Энрико Буччи 91,4 фоизлик кўрсаткичга эътироз билдирди.
«Бу рақам бирор самарадорлик кўрсаткичини даъво қилиш учун жуда паст», деди Буччи Канаданинг CBC News телеканалига берган интервьюсида. У 91,4 фоизлик кўрсаткич COVID-19 билан касалланган 18000 киши орасидан танланган 39 ҳолатга асосланганини таъкидлади.
Унинг айтишича, руслар бу 39 кишининг жуғрофий келиб чиқиши ёки ёшига ойдинлик киритмаган ва бир нечта мамлакатлардаги синовлар натижалари аралаштирилганми-йўқми, тушунтириш бермаган.
БРИКС аъзоларига босим ўтказиш
Кремлнинг вакцинани халқаро бозорда сотишга қаратилган тинимсиз уринишлари ҳам унинг ишончлилигига шубҳа уйғотмоқда.
Яқинда қўлга киритилган ютуқлардан сўнг, Европа ва АҚШда COVID-19га қарши эмлаш дастурлари режалаштирилар экан, Россия президенти Владимир Путин йирик ривожланаётган мамлакатлар иттифоқи – БРИКС аъзоларини Россиянинг коронавирусга қарши вакциналарни оммавий ишлаб чиқаришга ундаган.
БРИКС Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикасидан таркиб топган.
27 ноябр куни Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқувчилардан бири Ҳиндистоннинг «Hetero» фармацевтик компанияси уни 100 миллион дозадан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқаришини эълон қилди.
Россиянинг бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) ва Ҳиндистоннинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири Hetero Ҳиндистонда йилига 100 миллион дозадан ортиқ коронавирусга қарши дунёдаги илк рўйхатдан ўтган вакцина – «Спутник V» ишлаб чиқаришга келишиб олдилар, дейилади РБИЖ баёнотида. Вакцинани ишлаб чиқариш 2021 йил аввалида бошланиши маълум қилинган.
Қанча кўп рус босқинчилари ва жазо отрядлари «икки юзинчи юк»ка айланса, шунча яхши)) [200-юк бу уруш майдонидан уйга олиб кетилаётган аскарлар жасадини англатувчи Россия ҳарбий коди]
Жавоб беришФикрлар 1