Электроника маҳсулотларнини импорт ва экспорт қилиш Хитой Миллий Корпорацияси (CEIEC) Пекиннинг дунё бўйлаб бошқа режимларга интернетдаги сўз эркинлиги ва ўзгача сиёсий қарашларни бостиришга кўмаклашиши билан боғлиқ можаро марказидан ўрин олди. Бу, айниқса Хитой таъсири олдида заиф бўлган мамлакатларда хавотирни кучайтирмоқда.
Сўнгги мисолларнинг бирида CEIEC Венесуэланинг давлат телекоммуникация компаниясига экспертлик хизматлари кўрсатгани маълум бўлди. Бу компания мустақил оммавий ахборот воситаларини, 50 мамлакат муваққат президент деб тан олган мухолифат етакчиси Хуан Гуайдонинг бевосита эфирини блоклаган.
Президент Николас Мадуро якшанба (6 декабрь) куни қонунчилик органларига сайловларда ғалаба қозонди. Бу сайловлар мухолифат партиялари томонидан бойкот қилинган ва дунё етакчилари томонидан фирибгарлик деб қораланган.
«Халқаро ҳамжамият 2018 йилги сайловларда ноқонуний тарзда ғолибликни қўлга киритган Мадурога иккинчи марта ғолиб бўлишга йўл қўя олмайди», деб айтган АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўз баёнотида.
Ўтган ҳафта Помпео CEIEC «2017 йилдан бери Мадуро режимининг ўзгача сиёсий қарашлар ва демократик жараёнларни бостиришини қўллаб-қувватлаб келганини» айтиб ўтган.
Интернетдаги эркинликка тажовуз
30 ноябрь куни Қўшма Штатлар CEIECга қарши санкциялар қабул қилишини ва 50 фоиздан ортиқ акцияси унга тегишли бўлган ҳар қандай компаниянинг активларини музлатиши ҳақида эълон қилган.
«Қўшма Штатлар венесуэлаликлар ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги одамларнинг демократик иродасини бостиришга ёрдам берадиганларни нишонга олади», деди АҚШ молия вазири Стивен Мнучин.
АҚШ молия вазирлиги CEIEC оддий фойдаланувчиларнинг интернетдаги нозик сиёсий материалларга киришини чеклайдиган «Буюк Файрвол»нинг тижорий версиясиясини таклиф қилаётганини айтиб ўтган.
Ўз веб-сайтида CEIEC ўзини дунёнинг 160 мамлакати ва ҳудудида фаолият юритувчи, 24 та асосий шўъбасига эга «Хитой марказий ҳукумати бошқарувидаги давлат ташкилоти» дея таърифлайди.
CEIEC «ҳар бир фуқаронинг энг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ечимлар»ни сотишини таъкидлаган.
CEIEC Эрон ва Сурияга ёки ушбу мамлакатлардан ташқарига қурол ташишда ёрдам беришни тақиқловчи қонунга кўра, 2006-2008 йиллар давомида АҚШ санкцияси остида бўлган.
6 декабрь куни Мадуронинг «ғалабаси» эълон қилиниши ортидан Бразилия ташқи ишлар вазири Эрнесто Араужо ўз Twitter саҳифасида сайловлар «майнавозчилик» экани ва Мадуро «диктатураси» ўз ҳокимиятини легитимлаштиришга уринаётганини ёзган.
Америка давлатлари ташкилоти ва Канада сайлов натижаларни тан олишдан бош тортган.
Помпео сайловларни «фирибгарлик ва ёлғон» деб атади.
Хитой нефть ишлаб чиқарувчи Венесуэланинг энг асосий қўллаб-қувватловчиси ва тижорий ҳамкори ҳисобланади.
Иккиюзламачилик ва ёлғон
Янги санкциялар ва CEIECнинг «нолегитим Мадуро режимини» қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги саволга жавоб берган Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чунин корпорациянинг бунга алоқадорлигини рад этган.
«Хитой суверен тенгликни таъминлаш ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик – БМТ низомининг муҳим тамойили деб ҳисоблайди», деди у 1 декабр кунги матбуот анжуманида.
«Хитой киберхавфсизликнинг қатъий ҳимоячиси, ахборот ва коммуникация технологиялари ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ва одамларнинг турмуш тарзини яхшилашга ишонади», деб қўшимча қилди у.
Буларнинг зидди ўлароқ, икки нафар хитойликнинг COVID-19 вакцинасига оид тадқиқот маълумотларини ўғирлаши ва дунё бўйлаб юзлаб компанияларга хакерлик ҳужуми уюштирганликда айбланиши ортидан, Хитой кибержиноятчилар учун «хавфсиз бошпана» деб тан олинган.
«Хитой кибержиноятчиларга бошпана тақдим қилувчи шармандали давлатлар клуби сафидаги Россия, Эрон ва Шимолий Корея қаторидан жой олди», деган эди АҚШ бош прокурори ёрдамчиси Жон Демерс июль ойида АҚШ адлия вазирлигининг баёнотида.
Бу орада Хитой режими ахборот урушини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бунинг учун у Кремль қўллаб келган ишончли тактикалардан фойдаланмоқда ва унга ўзининг янги ҳийлаларини қўшиб, фитна назарияларини тарқатиш ҳамда бир қатор баҳсли мавзуларда айбни ўзидан соқит қилмоқда.
Хитой кўп йиллар давомида бир қатор давлатлар учун стратегик таҳдид ўлароқ баҳолаб келинди, аммо сўнгги вақтларда Пекиннинг дунё бўйлаб ҳатти-ҳаракатлари оқибатида хавотир даражаси кучайган.
Хитой режими олис Ҳимолай водийларидан тортиб кичик тропик оролларда ҳар қачонгидан ҳам қатъийроқ тарзда зиддиятларни авж олдирмоқда.
ХХР раиси Си Цзинпин ўз чиқишларида тобора кўпроқ шовинистик риторикага урғу берар экан, борган сари тажовузкор бўлиб бораётган хитойлик ҳарбийлар бошқа суверен давлатлар ҳудудига дахл қилмоқдалар.
Пекиннинг Гонконгдаги ўзгача фикрни бўғиши, жумладан яқинда бир нечта демократпараст фаолларнинг қамоққа ташланиши «Хитой Коммунистик партияси ўз халқининг сўз ва фикр эркинлигидан қўрқишини яна бир бор исботлади», деди Помпео 3 декабр кунги баёнотида.
Мафкуравий лагерларга алоқадорлик
Венесуэла CEIECнинг ягона мақсади эмас, деб огоҳлантиради кузатувчилар.
«Хитой Марказий Осиёга ўзининг инвазив, кенг қамровли кузатув моделини экспорт қилмоқда», деб ёзган эди 2019 йил сентябрда Eurasianet нашри.
CEIEC Қирғизистонга илғор юзни таниш технологиясини тақдим этмоқда, Хитой ҳукумати Шинжон минтақасини бўйсундиришда худди шу технологияни қўллаган.
«Хитой раҳбарлари шахс ҳуқуқларини Коммунистик партия иродасига бўйсундиришга уринмоқда», деб ёзган эди АҚШ Миллий разведка директори Жон Ратклифф 3 декабр куни Wall Street Journal нашридаги мақоласида. У Иккинчи Жаҳон уруши даврларидан бери «Хитой бутун дунёдаги демократия ва озодлик учун энг катта таҳдид» эканлигини таъкидлаган.
Бу чораларнинг яққол намунаси Хитойнинг Шинжон вилояти бўлиб, бу ердаги лагерларда бир миллиондан ортиқ мусулмонлар азоб чекаётган бир пайтда Пекин уларни ўз жамиятига мажбуран мослаштириш ва исломий меросни таг-туги билан йўқотишга уринмоқда.
Cентябр ойида чиқарилган журналистик текширувга кўра, Хитой ҳукумати сўнгги йилларда бу чоралар доирасида Шинжонда қарийб 16 минг масжидни бузиб ташлаган.
27 октябр куни АҚШ сенаторлари Хитой режимининг уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларга қарши геноцид сиёсатини қўллаётгани ҳақидаги резолюция билан чиққанлар.
Хитойнинг хориждаги сайловларга аралашуви ҳақидаги янгиликлар Хитой таъсири олдида заиф бўлган кўплаб мамлакатлар учун ёқимсиз бўлиши тайин.
Ўтган ой хабар қилинганидек, ҳокимият алмашувини январ ойига белгиланган сайловлар орқали қонуний равишда амалга оширишга уринаётган Қирғизистон Пекиннинг босимига қарши курашга мажбур бўлмоқда.
Иқтисодий муаммолар ва сиёсий нотинчлик мамлакатда январ ойи ва ундан кейин бўладиган воқеаларда Пекин учун таъсир воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин, дейди кузатувчилар.
Бугунги АҚШ 1930 йиллардаги фашист Германиясига ўхшайди. Дунё 1940 йилларда Гитлерга қарши бирлашганидек Америка фашизмига қарши бирлашиши керак.
Жавоб беришФикрлар 4
Баракалла, Самовий империя! Нималар деяпсиз, дунё фашист Германиясига қарши бирлашди эмиш, 1944 йилгача Ғарбнинг энг йирик банклари бу режимга хизмат қилган. Баракалла, Самовий империя!
Жавоб беришФикрлар 4
Бугунги Хитой 30-йиллардаги фашист Германиясига ўхшайди. Дунё 40-йилларда Гитлерга қарши қандай бирлашган бўлса, Хитой фашизмига қарши шундай бирлашиши керак.
Жавоб беришФикрлар 4
Террорчиларга қарши курашиб, ўз бурчини адо этиш учун жонини берган хитойлик аскарлар хотирасини ёдга олайлик. Террорчилар қўлида ҳалок бўлган ҳамма Хитой фуқароларининг хотирасини ёдга олайлик. Хитой террорга қарши уруш майдонининг энг олдинги сафида, бутун дунё цивилизациясининг келажаги йўлида.
Жавоб беришФикрлар 4