Карвонсарой
Хавфсизлик

БМТ Россиянинг Қримдаги оккупациясини тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди

Карвонсарой ва AFP

Россия қўшинлари Севастополдаги Фиолент бурнида жойлашган Украинанинг зенит-ракета ҳарбий бўлинмасига кириш йўлини тўсмоқда, 2014 йил, 7 март. [ФОТО AFP/ ВИКТОР ДРАЧЕВ / AFP]

Россия қўшинлари Севастополдаги Фиолент бурнида жойлашган Украинанинг зенит-ракета ҳарбий бўлинмасига кириш йўлини тўсмоқда, 2014 йил, 7 март. [ФОТО AFP/ ВИКТОР ДРАЧЕВ / AFP]

Нью-Йорк – Душанба (7 декабр) куни БМТ Бош ассамблеяси 2014 йилда Қримни ноқонуний равишда эгаллаб олган Россиянинг «вақтинча оккупациясини» тўхтатишни талаб қилувчи резолюция маъқуллади.

Қрим ярим ороли, Севастопол бандаргоҳи ҳамда Қора ва Азов денгизларининг бир қисмини милитаризация қилишга оид резолюция 63 мамлакат томонидан маъқулланди, 17 таси қарши овоз берди ва 62 таси бетараф қолди.

Резолюция мажбурий эмас, аммо сиёсий аҳамиятга эга. У Британия, Франция, Германия, Болтиқбўйи давлатлари, АҚШ, Австралия, Канада ва Туркия каби 40 мамлакат томонидан илгари сурилган.

Россия, Арманистон, Белорусия, Камбоджа, Хитой, Куба, Шимолий Корея, Эрон, Қирғизистон, Лаос, Мянма, Никарагуа, Сербия, Судан, Сурия, Венесуела ва Зимбабве дохил 17 мамлакат қарши овоз берган.

Ҳужжат «Россия Федерациясини истилочи давлат сифатида ўз ҳарбий кучларини зудлик билан, тўлиқ ва ҳеч қандай шартларсиз Қримдан олиб чиқиб кетишга ва Украина ҳудудининг муваққат оккупациясини кечиктирмай тўхтатишга ундайди».

Резолюция «Россия Федерацияси томонидан Украина ҳудудига илғор қуролли тизимлар, жумладан, ядровий қуролга эга самолётлар ва ракеталар, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва ҳарбий хизматчилар» юбориб туриши туфайли Қримдаги вазият беқарор қолаётгани»ни инобатга олиб, Россияни бундай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақиради.

Украина ҳарбийлари ва Кремл қўлловидаги кучлар ўртасидаги жанговар ҳаракатлар 2014 йилдан – Россия Қримни аннекция қилгани ва Украина шарқидаги россияпараст кучлар Киевга қарши исён кўтарганидан бери 13000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган.

Россиянинг «Вагнер гуруҳи» ёлланма кучлари Россия ҳарбийлари билан мувофиқлашган ҳолда Шарқий Украинада фуқаролар уруши олиб борди ва Москванинг Қримни ноқонуний равишда эгаллаб олишида муҳим рол ўйнади.

БМТдаги овоз бериш жараёни яқинда Молдова президенти этиб cайланган Майя Сандунинг Россия қўшинларини Украина билан чегарадаги Днестрбўйи ҳудудидан олиб чиқиш чақириғидан сўнг ўтказилган.

Бу икки воқеа ўз ҳудудида Россия қўшинларини жойлаштирган ёки Кремлнинг рус миллатига мансуб озчиликлар билан ўйинларидан хавотирда бўлган бир қатор постсовет мамлакатларнинг эътиборини тортиши тайин.

Бостириб кириш учун баҳона

Ўтмишда Кремль Украинада бўлгани каби, хориждаги этник руслардан иборат озчиликларни ҳимоя қилишни ҳудудга бостириб кириш учун баҳона сифатида қўллаган.

Ўз навбатида Нур-Султон Қозоғистон шимолида этник русийзабон аҳоли зичлигини камайтириш бўйича чоралар кўрди. Этник қозоқларни мамлакат жанубидан шимолига ихтиёрий равишда кўчириш амалиёти шулар жумласидандир.

Тожикистон ҳам Москванинг ҳарбий қудрати олдида ҳимоясиз бўлиб чиқди. Бу ерда Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси – 201-ҳарбий база жойлашган.

Кремлнинг катта сондаги қўшинлари қўшни Афғонистонни баҳона қилиб Тожикистонда бўлиб турибди. Москва Афғонистондаги 10 минг жангарининг Марказий Осиёга бостириб кириш хавфи бор, деган тахминни тез-тез тилга олиб туради, гарчи афғон расмийлари бу рақамни рад этишса ҳам.

Июл ойи ўрталарида Россия ва Тожикистон Афғонистон тарафидан жангарилар ҳужумига тайёргарлик ўлароқ иддао қилинган қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказган, бироқ, кузатувчиларга кўра, бунинг асосий сабаби – Россиянинг ўз «орқа ҳовлиси»га бошқалар, жумладан Хитойни киритишни истамаётганидир.

Россия қўшинлари, шунингдек, Қирғизистонда ҳам жойлаштирилган бўлиб, бу ерда Кремл яқинда бўлиб ўтган президент сайловларидан сўнг ўзининг йўқолиб бораётган таъсирини тиклашга уринмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бизда Россияда ҳаммангизни қўшиб ҳисоблагандан кўра кўпроқ ҳақиқий мусулмонлар бор. Бизнинг подшоҳни мусулмонларга қарши кайфиятда айбламанг. Бунинг учун Россия жиноят кодексида модда бор. «Митти» дейсизми? Бизда эса «озгинаю созгина, ўзи бир мисқолу, қадри баланд» дейишади. Ўзимизга тегишли нарсани эртами-кечми олиб кетамиз. Халқаро ҳамжамиятингизга тупуриб қўйганимиз бор (дарвоқе, сиз унга кирмайсиз ҳам).

Жавоб бериш

Ўзбекистон қандай овоз бергани қизиқ. Нима, бу Ш. М. [Шавкат Мирзиёев] Путиндан шунчалик қўрқадими ?! ИАК [Ислом Каримов], ҳеч бўлмаганда, Путин каби мусулмонлардан нафратланса ҳам, миттига бош эгмаганди.

Жавоб бериш

Халқаро ҳамжамият руслар тарафдан Қримнинг ўғирланишини ва босиб олинишини тан олмади. Чунки Қрим Украинага тегишли.

Жавоб бериш