Карвонсарой
Саломатлик

Россияликларнинг 59 фоизи Кремлнинг COVID-19 вакцинасига ишонмаслигини айтди

Карвонсарой ва AFP

image

Самараси исботланмаган «Спутник V» вакцинаси билан эмлашга ҳозирлик кўраётган ҳамшира, Москва, 5 декабр. [Кирилл Кудрявцев / AFP]

МОСКВА – Шу ҳафтада Россияда аҳолини COVID-19га қарши кенг қамровли эмлаш бошланди. Лекин, Кремл муаммо билан тўқнаш келмоқда, россияликларнинг аксари бу вакцинага унчалик ишонмаяпти.

5 декабр куни соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг маълум қилишича, Москвада 70 та коронавирусга қарши эмлаш марказлари очилган бўлиб, улар энг аввало коронавирус билан касалланиш хавфи юқори бўлган ишчилар, шу жумладан соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳа ходимларини эмлаш билан шуғулланади.

Бироқ, дастлабки босқичда 60 ёшдан ошган ишчилар, сурункали касалликларга чалинган ва ҳомиладор ёки эмизикли аёллар вакцинация қилинмайди.

Соғлиқни сақлаш мутасаддилари вакцинанинг қачон кенг омма учун тақдим этилишини очиқламаган.

image

Суратда: Санкт-Петербург яқинидаги корхонада Россиянинг COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқариш жараёни, 4 декабр. [Ольга Малцева / AFP]

Ноябр ойи охирида Россияда 400 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчини «Спутник V» вакцинаси билан оммавий эмлаш кампанияси бошланган эди.

Мудофаа вазири Сергей Шойгу вакцинация аксари мажбурий ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар учун ихтиёрий бўладими-йўқми, бу ҳақда маълумот бермаган.

Ишончсизлик

Оммавий вакцинация COVID-19 юқтириш хавфи ва Кремлдан чиққан маълумотларга нисбатан ишончсизлик кучайиши фонида Россияда коронавирус билан касалланиш рекорд даража етганидан сўнг бошланган.

Чоршанба (9 декабр) куни Россияда 26190 та коронавирусга чалиниш ва 559 та ўлим ҳолати тасдиқланди, шу тариқа мамлакатда COVID-19 билан касалланганларнинг умумий сони 2,5 миллиондан ошган, деб ёзади The Moscow Times нашри.

Москвадаги «Левада» маркази томонидан октябр ойи охирида ўтказилган сўровлардан русларнинг атиги 27 фоизи коронавирус ҳақидаги расмий маълумотларга ишониши маълум бўлган.

Сўровда қатнашганларнинг 61 фоизи Кремл маълумотларига ишонмаслигини айтган, уларнинг 28 фоизи рақамларни ўта юқори, 33 фоизи эса ўта паст деб ҳисоблайди.

Бундай ишончсизлик русларнинг кўп йиллик иқтисодий турғунликдан сўнг президент Владимир Путиндан ҳафсаласи пир бўлгани билан мос келади, дейди «Левада маркази» директорининг ўринбосари Денис Волков.

«Расмий маълумотларга сукут бўйича ишончсизлик мавжуд», деди у The New York Times билан суҳбатда.

Кремлнинг «Спутник V» вакцинасини россияликлар ва дунё лидерларига сотиш учун Кремл томонидан олиб борилган кенг қамровли ташвиқот кампаниясига қарамай, сўровда қатнашган россияликларнинг аксари вакцина бепул ва ихтиёрий бўлса, уни қабул қилмаслигини айтган.

Август ойида ҳали клиник синовлар ўз ниҳоясига етмай туриб, Путин катта шов-шув билан Россиянинг «биринчи бўлиб» COVID-19 вакцинаси ишлаб чиққанини эълон қилар экан, ижтимоий сўровда қатнашган россияликларнинг 38 фоизи вакцинани олишини, 54 фоизи эса олмаслигини айтган.

Орадан уч ой ўтиб, «Спутник V»га бўлган ишончни ошиш ўрнига пасайди – «Левада-Центр» сўрови 36 га 59 фоиз нисбатни кўрсатди.

«Спутник V»га россиялик тиббиёт ходимлари ҳам ишонмаяпти: уларнинг 50 фоиздан кўпроғи коронавирусга қарши эмланиш ниятида эмаслигини айтган, дейилади Россия Федерацияси тиббиётчилар тармоғининг душанба (5 декабр) куни VTimes томонидан нашр этилган сўровида.

Бундан ташқари, респондентларнинг 21 фоиздан ортиғи Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган вакцина ўрнига хорижда ишлаб чиқарилганини афзал кўришини айтган.

Ажиб рақамлар

Россиянинг аниқ ва текширилган маълумотлар тақдим этмай, «Спутник V» вакцинасини халқаро муқобиллар билан бир хил ёки ундан яхшироқ деб реклама қилишга уриниши жамоатчиликнинг номзод-вакцинага бўлган ишончига путур етказган.

Pfizer ва BioNTech компанияларининг вакциналари 90 фоиз самарадорликка эга экани эълон қилинганидан икки кун ўтиб, 11 ноябр куни Кремл «Спутник V» вакцинаси 92 фоизга самарадор эканини иддао қилар экан, дунё олимлари ва кузатувчилар ҳайратдан бошларини сарак-сарак қилган эдилар.

Орадан бир ҳафта ўтмай, АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг хабар беришича, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатган.

Ўзларини ҳаммадан олдинда қилиб кўрсатиш учун руслар «Спутник V» самадорлигини 95 фоизга «кўтаришган».

Хорижлик олимлар Кремлнинг даъволари юзасидан ўз хавотирларини билдирганлар.

Даъво қилинишича, вакцина биринчи дозадан 28 кун ўтиб, 91,4 фоизга самарадорлигини кўрсатган, 42 кундан сўнг – иккинчи дозадан кейинги натижалар эса «самарадорлик 95% дан юқори» эканини кўрсатган.

«Бу рақам бирор самарадорлик кўрсаткичини даъво қилиш учун жуда паст», деди Филаделфиядаги Темпл университети биологи Энрико Буччи Канаданинг CBC News телеканалига берган интервьюсида. У 91,4 фоизлик кўрсаткич COVID-19 билан касалланган 18000 киши орасидан танланган 39 ҳолатга асосланганини таъкидлади.

Унинг айтишича, руслар бу 39 кишининг жуғрофий келиб чиқиши ёки ёшига ойдинлик киритмаган ва бир нечта мамлакатлардаги синовлар натижалари умумлаштирилганми-йўқми, тушунтириш бермаган.

Россиянинг даъволари элементар текширувдан ҳам ўтолмайди, деган эди вакциналар келажагини такомиллаштиришга хизмат қилувчи «Human Vaccines Project» нотижорат ташкилоти раҳбари Уэйн Кофф.

Ишлаб чиқаришдаги тўсиқлар

Кремлнинг шу ой бошида маълум қилишича, бутун дунё бўйлаб 1,2 миллиард доза «Sputnik V» вакцинасига олдиндан буюртма берилган.

Аммо расмийлар 2020 йил охирига қадар мамлакатда фақат икки миллион доза вакцина ишлаб чиқарилишини айтганлар. Бир киши учун иккита доза кераклиги инобатга олинса, бу рақам 145 миллион россияликни ҳимоя қилиш учун зарур бўлганидан анча кам.

Путин октябр ойи охирида Россия ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганини тан олиб, мамлакат «чет эллик шериклари билан ишлашга тайёр» эканлигини айтди.

Россияга алоқадор хакерларнинг вакцинага оид тадқиқотларни нишонга олгани ҳақидаги Британиянинг айбловларини инкор этган Москва Ғарб давлатлари билан ҳамкорликка очиқ эканлигини айтиб, ўз вакциналарини ишлаб чиққан AstraZeneca британ компанияси ва Оксфорд университетига шерикликда ишлашни таклиф қилган.

Аммо вакцинани чиқариш йўлида Москвага ҳозирча асосан иттифоқчиларгина кўмаклашиш истагини билдирган.

«Спутник V» вакцинасининг хавфсизлиги билан боғлиқ шубҳалар кучайиб борар экан, Кремл ўз маҳсулотини реклама қилишни кучайтирган.

Москванинг Спутник V» вакцинасини реклама қилиш кампанияси ватанпарварлик руҳи билан суғорилган ва танқидни кўтармайди – «Кремл хавфсизликни ўйламаяпти» деган даъволар Россияга қарши бўҳтон сифатида қабул қилинади.

17 ноябр куни Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка республикасидан иборат БРИКС альянсининг онлайн саммитида нутқ сўзлаган Путин иттифоқнинг қолган тўрт аъзосини Россиянинг коронавирусга қарши вакциналарни кенг миқёсда ишлаб чиқариш ва тарқатишга ундади.

22 сентябр куни Путин БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқидан вакцинани сотиш ва давлатга алоқадор ташкилотларга миллиардлаб даромад келтириш учун имконият сифатида фойдаланган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

50% шифокорлар Спутникка (Россия вакцинасига) ишонмайди, деб кўзбўямачилик қиляпсизлар, сўровга кўра, улар ҳеч қайси вакцина билан эмланишни истамайди. Расво ишлаяпсизлар

Жавоб бериш

Тавба, қандай сафсата бўлди бу? Вабо бошланганида вакцина олишни хоҳламаган эдилар, хўш нима бўлди? Пашшадек қирилиб кетишди. Хоҳишга кўра; ҳеч ким зўрлаётгани йўқ. Аммо биз жамиятнинг бир қисмимиз, кўпчилик "бўлади ёки бўлмайди", дейди. Қаердан 59 фоиз келибди - сўровномани ким ўтказди? Трамп айтмоқчи, «фейк хабар» булар.

Жавоб бериш

Албатта, эмланиш зарур. Хонаки вакцина билан эмас, Ғарбнинг нормал вакцинаси билан.

Жавоб бериш