Карвонсарой
Терроризм

Туркиядаги меҳнат мигрантларини жангариликка ёллаш кучаймоқда

Жумагули Аннаев

Туркия полицияси дам олиш кунлари COVID-19 коронавируси тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий этилган комендантлик соатида Истанбулдаги Истиқлол шоҳкўчасида сайёҳларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини текширмоқда, 5 декабр. Туркиядаги кўплаб туркман меҳнат мигрантлари ишсиз қолган ва уйларига қайта олмаяпти. [Озан Косе / AFP]

Туркия полицияси дам олиш кунлари COVID-19 коронавируси тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий этилган комендантлик соатида Истанбулдаги Истиқлол шоҳкўчасида сайёҳларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини текширмоқда, 5 декабр. Туркиядаги кўплаб туркман меҳнат мигрантлари ишсиз қолган ва уйларига қайта олмаяпти. [Озан Косе / AFP]

АШХОБОД – Туркманистон ҳукумати, жумладан унинг махсус хизматлари иш излаб Туркияга кетган, аммо коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий инқироз туфайли оғир кунларни бошдан кечираётган минглаб туркман фуқароларининг тақдиридан хавотирга тушган.

Бу туркманлар террорчиликка ёлловчи гуруҳлар учун тайёр нишонга айланмоқда, дейди расмийлар ва кузатувчилар.

Туркиядаги аксар туркманлар ишидан айрилиб, пулсиз қолган, паспорт ва виза муддатлари тугаган, дейди Миллий хавфсизлик вазирлигининг (МХВ) истеъфодаги подполковниги, ашхободлик А. Раҳмон.

«Ҳозирда айниқса «Ислом давлати» (ИД) ёлловчилари бу одамларга яхши ҳаёт ва мўмай пул ваъда қилиб турганида, уларнинг васвасаларга қарши туриши жуда мушкул», деди у.

Истанбул полицияси 2016 йил июн ойида ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган туркманистонлик мигрантни ҳибсга олган. [Файл]

Истанбул полицияси 2016 йил июн ойида ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган туркманистонлик мигрантни ҳибсга олган. [Файл]

«Қийин аҳволда қолганлар осон ўлжага айланиши мумкин.»

А. Раҳмоннинг айтишича, «Туркманистон фуқаролари нафақат ўзлари, балки ўз мамлакатларини ҳам хавф остига қўяётганини мамлакат раҳбарияти ва МХВ яхши тушуниб турган бўлса-да, ҳукумат даражасида аниқ чоралар кўрилаётгани йўқ».

Унинг айтишича, туркманистонлик мигрантлар орасида профилактика ёки оператив чораларни амалга ошириш, шунингдек, хорижда қолиб кетган туркманлар учун эвакуация парвозларини ташкил қилиш учун Туркманистон ҳуқуқ-тартибот ва разведка идоралари ходимларининг Туркияга сафари шулар жумласидандир.

«Ҳозирда Ашхободдан Анқара ёки Истанбулга мунтазам рейслар йўқ, баҳоргача ҳеч қандай парвозлар кутилмаяпти, шу сабабли Туркманистон элчихонаси ходимларининг чоралари билан чекланишга мажбурмиз, аммо бу этарли эмас», деди у.

Ёлловчилар нишонида – аёллар

Туркманистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат мигрантларини жангариликка ёллаш тобора кучайиб бораётганлигини Туркия матбуотида чоп этилаётган хабарлар ҳам тасдиқламоқда.

Жумладан, 3 ноябр куни Duvar газетаси суриялик экстремистларнинг тўрт нафар туркман аёлини ёллагани ҳақида ёзган. Улар Дамашқдаги бой оилаларнинг уйида яхши маошли иш ҳақидаги ёлғон ваъдалар билан Анкарадан олиб чиқиб кетилган.

23-32 ёш орасидаги аёллар «эпидемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларидан жабр кўриб, ёлловчилар билан бир неча ой мулоқот қилганларидан сўнг, июл ойининг илк ҳафтасида ноқонуний тарзда Сурияга ўтганлар», деб ёзади газета.

Газета аёлларнинг иккитасидан интернет орқали интервью олишга муваффақ бўлди.

Аёллардан бири ҳафсаласи пир бўлиб, Туркияга қайтиб келган.

Газетада A.K. номи билан тилга олинган аёлнинг икки қизи бувиси билан Туркманистонда қолган, ўзи эса Туркияга иш излаб келган.

A.K. иш берувчининг уйида яшаш шарти билан кекса турк аёлига қараган, кампир йил бошида ўлган. Ундан кейин пандемия бошланиб, A.K. ишсиз, бошпанасиз ва пулсиз қолиб кетган.

A.K. интернетда жуда кўп вақт ўтказгани ва аёлнинг оғир ҳолатини тушуниб, унга ҳамдард бўлган йигит билан танишиб қолгани ҳақида батафсил сўзлаб берган.

«У менга таскин-тасалли берар, исломдаги бирдамлик, араб тили ва диний китобларни ўрганиш муҳимлигини айтар эди. Туркияда йўқотган ишимга ўхшаган иш ҳам таклиф қилди», деди A.K.

A.K. уни нотаниш кимса билан онлайн ёзишмалар ҳақида билиб қолган акаси қутқариб қолганини айтган. Акаси уни нотаниш кимсанинг алдов ва ёлғон ваъдаларига учмасликка чақирган.

«У бунинг тузоқ эканлиги, бу одамлар террорчилар экани ва мен улардан узоқроқ юришим кераклигини қайта-қайта эслатиб турди», дейди А. К. «У қаттиқ хавотирда эди. Мен қўрқдим. Ҳамма хабарларни ўчириб ташлаб, у йигит билан барча алоқаларни уздим.»

А. К. кўрган-кечирганлари дарс бўлиши учун дўстларига юз берган ҳодисаларни сўзлаб берган.

Юзларча ўхшаш ҳолатлар

Террорчи ёки ҳатто жиноий гуруҳ ёлловчиларининг туркманларни ўз тузоғига илинтиргани билан боғлиқ юзлаб, ҳатто минглаб ҳолатлар бор, дейди 20 йилдан бери Истанбулда яшаб келаётган туркманистонлик Гулшат Эсен қизи.

«Мен бу ерда анчадан бери яшайман ва бу ҳақда кўп нарса биламан. Бу ердаги ҳолатдан бехабар танишларим ва ҳамқишлоқларим билан гаплашар эканман, уларга «Эҳтиёт бўл, танимаган одаминг билан мулоқот қилишдан аввал юз марта ўйлаб кўр», деб айтаман», дейди Facebook Messenger орқали Карвонсарой билан суҳбатлашган Эсен қизи.

Гулшат танишлари орасида ҳеч ким ёлловчилар қармоғига илинмаганига шукр қилишини айтади.

«Бу ерда ишлаётганлар, жумладан қирғиз ва ўзбек мигрантларидан эшитишимга қараганда, улар билан интернет орқали боғланишган ва Сурияда яхши маошли иш таклиф қилишган», дейди у.

Бошқалар билан гаплашиб шуни билдимки, жангарилар ёлланган аёлларни жинсий қулликка, эркакларни эса ўз сафларида жанг қилишга мажбурлайдилар, дейди Эсен қизи.

Қулай шароитлар

Пандемия ва карантин чоралари террорчиларга мигрант аёлларни жанговар бўлмаган ишларга (мажбурий жинсий алоқадан ташқари), ишсиз қолган Марказий Осиёлик эркакларни эса cийраклашган жангарилар сафига ёллаш учун жуда қўл келди, дейди истеъфодаги МХБ подполковниги Раҳмон А.

«Аввалги ишимдан шуни биламанки, икки йил олдин Туркия университетларида 17 минг нафар туркманистонлик талаба таълим олган ва 2018 йилнинг ўзида 50 минг туркман Туркияга ишлагани келган», деди у.

А. Раҳмон талабалардан кўнгли тўқ эканлигини айтган. Уларга коронавирус ва карантин чоралари у қадар таъсир қилмаган. У уйларда бола ва касалларга қаровчи, бар, бозор ва бошқа савдо расталари ишчилари, кичик, яширин корхоналардаги ҳужжатсиз ишчилардан хавотирда эканлигини айтади.

«Уларнинг аксари бар ёки ресторанларнинг ёпилиши ортидан турклар уларни кўчага ҳайдаб чиқарганидан сўнг ишсиз қолишган», дейди у. «Туркманистон чегараларининг ёпиқлиги ва рейсларнинг йўқлиги сабаб улар уйларига ҳам қайта олмайдилар.»

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат Туркияда оғир аҳволда қолган туркманистонлик мигрантлар муаммосини зудлик билан ҳал қилиши керак.

«Акс ҳолда улар ўз ҳукуматларидан норози бўлиб, ёлловчиларга алданиб қоладилар», дейди А. Раҳмон.

«Ўз ҳолига ташлаб қўйилганлар»

Ҳар йили Туркманистондаги қариндошларига юз минглаб доллар пул юборадиган ва шу йўл билан ўз мамлакати иқтисодига ёрдам бераётган Туркиядаги меҳнат мигрантлари «тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган», дейди Эсен қизи.

Вазият шу қадар оғирки, Истанбулда ишсиз қолган кўплаб туркманистонлик мигрантлар «кўприк остида ва масжидлар ҳовлисида» тунамоқда, деб хабар берган Озод Европа/Озодлик радиосининг туркман хизмати.

«Умидсизликка тушиб, иложсиз қолган одамни ўйламай иш қилишга осонликча кўндириш мумкин», дейди Раҳмон А.

Туркияда 6000 дан ортиқ туркманистонлик ўз ватанига қайтиш учун навбатда турибди, аммо ҳозирга қадар улар учун фақат бир марта, сентябр ойида биттагина самолёт юборилган, деб ёзади Нидерландиядаги Turkmen.news сайти.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500