Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг хусусий ҳарбий пудратчиларга таяниши бутун дунёда хавотирга сабаб бўлмоқда

Канат Алтинбаев

«Вега» йўриқчилари Суриядаги «Лива ал-Қудс» (Қуддус бўлинмаси) жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда, 2019 йил январ ойида олинган сурат. [VKontakte / Олег Блохин]

«Вега» йўриқчилари Суриядаги «Лива ал-Қудс» (Қуддус бўлинмаси) жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда, 2019 йил январ ойида олинган сурат. [VKontakte / Олег Блохин]

ОЛМАТА – Геосиёсий манфаати мавжуд мамлакатлардаги стратегик муаммоларни ҳал қилишда Россиянинг тобора кўпроқ норасмий ҳарбий тузилмаларга таянаётгани билан боғлиқ далиллар дунё миқёсида хавотир уйғотмоқда.

Украина шарқида, Сурия, Ливия, Судан, Венесуела, Мадагаскар ва бошқа мамлакатлардаги урушларда иштирок этиб танилган ва Россия президенти Владимир Путиннинг яқин сафдошлари томонидан тузилган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) қаторида янги «Вега» ХҲК ҳам аста-секин бўй кўрсатмоқда.

Россия режими бундай пудратчилар ёрдамида кимгадир зарар бериши ёки қурбонларга сабаб бўлиши мумкин, бироқ бу хунрезликлар Кремлнинг китобларида акс этмайди.

2019 йил март ойида очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда урушларни ўрганувчи мустақил рус блогерлари гуруҳи – Conflict Intelligence Team (CIT) «Вега» ёлланма аскарлари Вагнер гуруҳидаги ҳамкасблари қатори президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун Сурияда 2018 йилдан бери фаолият юритаётганини кўрсатувчи маълумотларни эълон қилди.

«Вега» йўриқчилари Суриядаги «Лива ал-Қудс» (Қуддус бўлинмаси) жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда, 2019 йил январ ойида олинган сурат. [VKontakte / Олег Блохин]

«Вега» йўриқчилари Суриядаги «Лива ал-Қудс» (Қуддус бўлинмаси) жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда, 2019 йил январ ойида олинган сурат. [VKontakte / Олег Блохин]

«Вега» йўриқчилари Суриядаги «Лива ал-Қудс» (Қуддус бўлинмаси) жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда, 2019 йил январ ойида олинган сурат. [VKontakte / Олег Блохин]

«Вега» йўриқчилари Суриядаги «Лива ал-Қудс» (Қуддус бўлинмаси) жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда, 2019 йил январ ойида олинган сурат. [VKontakte / Олег Блохин]

Суриядаги «Лива ал-Қудс» жангариларини қўллаб-қувватлаш

«Вега» аввалига хавфли ҳудудларда хусусий шахслар, шунингдек, турли компанияларни, банклар ва кемаларни қўриқлаш билан шуғулланган.

Аммо у сўнгги йилларда хавфсизлик соҳасидаги фаолиятини кенгайтириб, Россия номидан жангарилар тайёрлашни бошлаган.

«Вега» Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлайдиган Ҳалабдаги энг йирик жанговар тузилма – асосан фаластинлик жангарилардан таркиб топган «Лива ал-Қудс» (Қуддус бригадаси) номи билан машҳур жангчиларни тайёрлаш билан шуғулланмоқда.

CIT мутахассислари Сурияда Anna News ва «Русская весна» («Рус баҳори») кремлпараст интернет нашрлари учун лавҳалар тайёрлайдиган журналист Олег Блохиннинг фотосуратларини ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келишган.

Расмларда «Vega Strategic Services» белгиси туширилган кийимлардаги аскарлар акс этган.

Текширувлардан маълум бўлишича, «Vega Strategic Services» 2011 йилда Украинада Россия ва Украина махсус кучлари фахрийлари томонидан ташкил этилган. 2012 йилда компания асосчиси, Украина фуқароси Анатолий Смолин ўз бош қароргоҳини Кипрга кўчирар экан, компания номи «Vegacy Strategic Services» деб ўзгартирилган.

Ўтмишда Совет Иттифоқи ҳарбий-денгиз флоти ва КГБ, сўнгра Украина ички ишлар вазирлиги (МВД) бўлинмаларида хизмат қилган Смолин 2019 йил март ойида Би-би-сига берган интервьюсида хусусий ҳарбий компаниялар фаолияти учун қонунчилик муҳити қулай бўлгани сабабли, Кипрга кўчиб ўтганини айтган.

Компания бош офиси Кипрда, бўлинмалари эса Украина, Россия, Сурия, Шри-Ланка ва Мисрда жойлашган.

«Deutsche Welle»нинг 2019 йил март ойида Ливаннинг Al-Modon онлайн-нашрига таяниб хабар беришича, Россия 2019 йилдан бери «Лива ал-Қудс»ни қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада кучайтирган. Хабар қилинишича, фаластинликлардан иборат гуруҳ таркибига юзлаб янги аъзолар, жумладан вояга етмаганлар ҳам қўшилган.

2019 йил январ ойидаги ҳисоботлардан «Вега» ортида Россия тургани маълум бўлган.

CIT маълумотларига кўра, Суриядаги «Лива ал-Қудс» жангчиларининг ҳарбий машғулотларида шахсан Смолиннинг ўзи иштирок этган. Фотосуратларда унга ўхшаш киши акс этгани айтилади.

Яқин Шарқдаги яширин фаолият

Марказий Осиёлик кузатувчилар Россия ХҲКларини минтақа мамлакатлари хавфсизлигига кўп томонлама таҳдид деб биладилар.

Вагнер гуруҳи каби ХҲКлар Москва расман шуғуллана олмайдиган разведка ва ҳарбий топшириқларни бажаради, дейди бишкеклик сиёсатшунос ва халқаро алоқалар бўйича мутахассис Эдил Осмонбетов.

«Булар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган мунтазам қуролли кучлар эмас, уларни мувофиқлаштирувчи давлатлар эса ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб бермайди», деди у.

«Вега» – Кремлнинг кўрсатмаси билан тузилган хусусий ҳарбий компанияларнинг биттаси холос, дейди Қозоғистон армиясининг истеъфодаги майори, Олмаота вилояти гарнизонининг собиқ офицери Даурен Оспанов.

У Россияда расман мавжуд бўлмаган, аммо Яқин Шарқда хавфли миссияларни бажариш учун ёшларни ўз сафига жалб қиладиган бошқа ХҲКлар – «Щит» (Қалқон) ва «Патриот» номларини ҳам тилга олди.

«Вагнер гуруҳидан фарқли ўлароқ, «Вега» ва Россиянинг бошқа ХҲКлари ҳарбий техника, зирҳли машиналар ёки артиллерияга эга эмас ва одатда жангларда кўринмайди», деди Оспанов. «Улар яширин тарзда, қўриқлаш ва жангчиларни тайёрлаш билан шуғулланади, аммо бу ҳарбий жиноятларни яшириш учун қалқон бўлиши мумкин».

Марказий Осиёдан жангарилар ёллаш

Россия ХҲКлари бундай яширин топшириқлар билан чекланмай, бузғунчилик фаолияти билан ҳам шуғулланади, деди Оспанов. Улар ночор оилалардан чиққан, асосан Россияда яшовчи ёшларни ўз сафига ёллайди ва уларга Сурияда жанг қилиш учун катта маош таклиф қилади.

«Ёлланма жангариларнинг кўпи ўлдирилган, аммо бунинг учун ҳеч ким жавобгар бўлмайди», деди у.

Ёллаш ишлари Марказий Осиё давлатларида ҳам олиб борилмоқда.

Августда Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) мамлакатда россияпараст айирмачилар сафида жанг қилган 15 нафар Вагнер гуруҳи аъзоси, жумладан 3 қирғиз фуқаросига қарши жиноий иш очгани маълум бўлди.

Икки йил аввал Қозоғистоннинг «Караван» нашри УХХга асосланиб, Суриядаги Россия хусусий ҳарбий компанияси сафида беларуслар, молдованлар ва қозоқлар жанг қилаётгани ҳақида хабар берган.

Россия ХҲКлари Россияга «шикоят камроқ бўлиши учун» хорижликларни ҳам ёллашади, деди Карвонсарой билан суҳбатда бўлган киевлик сиёсатшунос Андрей Бузаров шикоятлар кимдан бўлишини очиқламай.

Ёлланма жангчилар молиявий сабабларга кўра ХҲКлар сафида ишлашга рози бўлишади, деди у.

Кремль қўлловидаги «қотил машиналар»

Оспанов «Вега»нинг Кремлга алоқадор эканига шубҳа қилмаяпти, чунки улар Россия қўллаб-қувватлаган гуруҳни тайёрламоқда.

«Вега жанговар ҳаракатлардан четда туради ва ХҲКнинг халқаро қоидаларига амал қилади, деб ўйламаслик керак», дейди у. «Керак пайтда Вега каби хусусий ҳарбий компаниялар худди Украинада бўлгани каби исталган шаклда гибрид урушга сафарбар этилиши ва Кремлнинг жанговар миссияларини бажариши мумкин.»

Россиянинг гибрид уруш бошлаши билан боғлиқ таҳдид Марказий Осиё, хусусан Қозоғистон учун ҳам долзарбдир, дейди Хавфларни баҳолаш тадқиқот гуруҳи раҳбари, олмаоталик сиёсий таҳлилчи Досим Сатпаев.

Қозоғистонда ички муаммолар кўпаймоқда, Москва эса бундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкин, деди у.

«Қозоғистонда хорижий ХҲКнинг пайдо бўлиши мамлакатимиз учун жиддий хавф туғдиради, чунки сиёсий вазият ўзгарган вақтда улар қўпорувчилик билан шуғулланиши мумкин», дейди Сатпаев.

Ўз навбатида Қозоғистон ҳукумати ХҲК ғоясини ёқламайди ва Қозоғистонда бундай муассасаларнинг фаолият юритишига йўл қўймайди.

2018 йил март ойида ўша вақтда сенатор бўлган собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева Қозоғистонда ХҲК тузиш ғоясини рад этган эди.

«Мен бу фикрни қўллаб-қувватламайман. Бу том маънода хусусий қотиллик машинасидир», деган эди у. «Бундай ташкилотларга ўрин йўқ.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Одамлар пул қилаётганига нега бунчалик ҳайрон бўласиз? Гапнинг очиғи, Қозоғистон катта акасига ёрдам беришга мажбур бўляпти; бу бизнинг тарихимиз. Уни исталганча яшириш ва миллийлаштириш мумкин, аммо у барибир тарих бўлиб қолади. Алоҳида мавжуд бўлолмайди. Ҳаммага хайрли кун.

Жавоб бериш

ХҲК етмай турувди бизга. Дунёда шунча жангарилар ва қуролли одамлар турганида уларнинг нима кераги бор? Халқимиз тинчликсевар ва тарбияли!

Жавоб бериш

Бунга ўхшаган ХҲКлар кўп мамлакатларда бор (АҚШ, Буюк Британия, Франция ва ҳ.к.). Россиянинг улардан нимаси кам? Бу ХҲКлар халқаро ҳамжамиятда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга. Россияда бу каби ХҲКлар аввалдан бор экан, нега улар бирдан Марказий Осиё, жумладан Қозоғистон учун хавфли бўлиб қолди? Балки бу русофобиядир? Жаноб Сатпаев шунчаки кимнингдир тегирмонига сув қуймоқдами (буюрмани бажаряптими)? Назарбоевлар оиласининг баёнотларига ким эътибор қаратади? Савол: Америка ХҲКлари ҳам сиз учун террорчиларми? Ёки улар қўли Ироқ, Афғонистон, Сурия, Ливия, Африка мамлакатлари ва ҳ.к.лардаги тинч аҳолининг қонига ботмаган, тўғри (демократик) ХҲКларми?

Жавоб бериш

Россиялик бу ёлланма жангчилар аслида ҳукумат қўлловидаги террорчилардир.

Жавоб бериш