Карвонсарой
Саломатлик

Хитой вакцинаси синовлари тўхтатилди: кўнгиллилардан бири қўл-оёқларини қимирлата олмай қолди

Карвонсарой ва AFP

image

Хитойнинг Sinopharm компанияси томонидан ишлаб чиқилган COVID-19 вакцинаси билан кўнгиллилардан бирини эмлашга ҳозирлик кўраётган тиббиёт ходими, 9 декабр, Лима, Перу. [ERNESTO BENAVIDES / AFP]

ЛИМА, Перу – Перуда Хитойнинг Sinopharm фармацевтик гиганти томонидан ишлаб чиқилган вакцина синовлари вақтинча тўхтатилди. Синовда иштирок этаётган кўнгиллиларнинг бирида неврологик муаммолар қайд этилган.

Кўнгиллилардан бири қўлини яхши қимирлата олмай қолгач, Перу соғлиқни сақлаш миллий институти жума (11 декабр) куни синовларни тўхтатиб туришга қарор қилган, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

«Биз бир неча кун аввал, талаб қилинганидек, синов иштирокчиларининг бирида Гийен-Барре синдроми деб аталадиган ҳолатга мос келиши мумкин бўлган неврологик аломатлар пайдо бўлгани ҳақида назоратчи органларга хабар бердик», деди бош тадқиқотчи Герман Малага ОАВ билан суҳбатда.

Гийен-Барре синдроми – бу кам учрайдиган, юқумсиз касаллик бўлиб, қўл-оёқлар ҳаракатига таъсир қилади. 2019 йилнинг июн ойида ушбу касаллик билан боғлиқ бир неча ҳолат қайд этилиши ортидан Перу ҳукумати беш вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилганди.

1970-йилларда америкаликларни ҳалокатли деб гумон қилинган чўчқа гриппи штаммига қарши эмлаш кампанияси тўхтатилган, бунга вакцина олганлардан 450 нафарида фалажланишга олиб келиши мумкин бўлган синдром кузатилгани сабаб бўлган.

Перуда Sinopharm вакцинасининг клиник синовлари шу ҳафтада, тахминан 12 минг киши синовдан ўтганидан сўнг якунланиши керак эди.

Қарийб бир миллион киши фавқулодда фойдаланиш учун Sinopharm вакцинасини олди, деган эди компания раиси ноябр ойида. Аммо у конкрет рақамларни ошкор қилмаган.

Компаниянинг кўплаб синовлари хорижий мамлакатларда, жумладан Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Баҳрайн, Миср, Покистон, Иордания, Перу ва Аргентинада ҳам олиб бориляпти.

Компания дунёда вакцина ишланмалари бўйича «барча жабҳаларда етакчи» эканлигини даъво қилса-да, олиб бораётган синовлари бўйича клиник маълумотларни ошкор қилмаган.

Хитойда эмланганларнинг аксарияти фармацевтик компания синовларининг расмий иштирокчилари эмас. Улар бу жараёнда ўз хоҳишига кўра қатнашмоқда.

Бироқ, кузатувчиларнинг таъкидлашича, COVID-19га қарши тасдиқланган вакцинани ишлаб чиқарган биринчи мамлакат бўлиш учун Пекин ўз фуқароларини бу синовларга турли йўллар билан жалб қилмоқда ёки мажбурламоқда.

Кучайиб бораётган шубҳалар

Хитой соғлиқни сақлаш мутасаддилари ва вакцина ишлаб чиқарувчиларининг шаффоф эмаслиги бутун дунёда Хитойнинг COVID-19га қарши номзод вакцинасига бўлган ишончга путур етказган.

Бу ҳолат, шунингдек пандемияга оид хабарларни бостириш билан дунёни фалокатга дучор қилган ва вакцинага зўр бериб ўз обрўсини тиклашга уринаётган Хитойнинг хатти-ҳаракатларини ҳам йўққа чиқармоқда.

Масалан, якшанба (13 декабр) куни Бразилияда ўтказилган сўровга кўра, респондентларнинг 50 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинани қабул қилмаслигини, 47 фоизи эса бунинг аксини айтган.

Хитой ихтиёрида жами тўртта вакцина (биттаси Sinopharm) бўлиб, улар ишлаб чиқишнинг сўнгги босқичида ва қатор мамлакатларда ўтказилган оммавий синовлар туфайли анча илгарилашга муваффақ бўлди.

Аммо Moderna, AstraZeneca ва Johnson & Johnson компаниялари томонидан ишлаб чиқилган вакциналардан фарқли ўлароқ, Хитой фармацевтик компаниялари ўз вакциналари хавфсизлиги ёки самарадорлиги ҳақида жуда кам маълумот берганлар.

Лондоннинг Airfinity консалтинг компанияси маълумотларига кўра, ноябр ойининг ўрталарида Хитойнинг «Sinovac» ва «Sinopharm» вакциналарига 500 миллиондан кам дозага аввалдан буюртма берилган (асосан – синовларда қатнашган мамлакатлар томонидан).

Британиянинг AstraZeneca компанияси эса 2,4 млрд, Pfizer ярим миллиард дозага яқин буюртма олган.

Ғарб вакциналарига буюртмалар ва ишонч ортиб борар экан, Хитой режими президент Владимир Путиннинг яқинда Россияга оид «Спутник V» экспериментал вакцинасини реклама қилишига ўхшаш тактикани қўллаб, ўзида ишлаб чиқарилган вакцинани ночор мамлакатларга таклиф қила бошлаган.

Аммо бундай сахийлик беғараз эмас, сабаби Пекин узоқ муддатли дипломатик алоқаларга умид қилмоқда.

«Шубҳа йўқки, ўзининг доғ тушган обрўини тиклаш учун Хитой вакцина дипломатиясини қўлламоқда», дейди АҚШ халқаро алоқалар кенгашининг глобал соғлиқни сақлаш бўлими катта илмий ходими Хуан Янчжун AFPга.

«Хитой буни ўз глобал таъсирини кучайтириш ва геосиёсий муаммоларини ҳал этиш воситасига айлантирган.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитой тиббиёти дунёдаги энг cифатли ва энг самаралиларидан биридир. Афсуски, вирус манбаи Сионизм империясидаги лабораториялардир. Шу сабабли, бу йўлдаги пойга инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади, вакциналар эса Ер сайёрасидаги барча одамларнинг 95 фоизини йўқ қилиш режасига ёрдам беради, холос.

Жавоб бериш