МОСКВА – Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) кимёвий қуроллар бўйича мутахассислари гуруҳи Кремл танқидчиси Алексей Навалнийни бир неча йиллар давомида, жумладан у заҳарланган куни ҳам таъқиб қилишган. Бир қатор ОАВ билан ҳамкорликда ўтказган текширув шундан далолат бермоқда.
44 яшар Навалний август ойида Сибирдан Москвага учаётган самолётда ҳушини йўқотганидан сўнг Россиянинг Омск шаҳридаги касалхонага ётқизилган, кейинроқ тиббий самолётда Берлинга олиб кетилган эди.
Германия пойтахтидаги ғарб мутахассислари Навалний Совет Иттифоқи даврида ишлаб чиқилган асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланган, деган хулосага келишди. Бу даъволар Россия расмийлари томонидан бир неча бор рад этилган.
Душанба (14 декабр) куни Bellingcat тергов гуруҳи АҚШнинг CNN тармоғи, Россиянинг The Insider ва Германиянинг Der Spiegel нашрлари билан ҳамкорликдаги қўшма ҳисоботини эълон қилди. Унда «Новичок» каби асабни фалажловчи ва заҳарли моддалар билан ишлашга ихтисослашган шахсларнинг исмлари ва фотосуратлари эълон қилинган.
Бу одамлар Навалнийни 2017 йилдан бери доимий кузатиб келишган. Bellingcat «катта ҳажмдаги маълумотлар», жумладан телефон қайдлари ва сафарларга оид маълумотларга асосланиб шундай хулосага келган.
Bellingcat гуруҳининг маълум қилишича, «ушбу оператив ходимлар мухолифатчи ҳарбий даражадаги кимёвий қурол билан заҳарланган кун ва соатларда унинг яқинида бўлишган». Гуруҳ 2017 йилдан бери амалга оширилган 37 та сафарни таҳлил қилиб, Навалнийнинг ортидан бир ёки бир неча киши кузатганини аниқлаган.
«Бундай ақл бовар қилмас тасодифлар инобатга олинса, бегуноҳликни исботлаш масъулияти тўлалигича Россия давлати зиммасида қолаётган кўринади», деб қўшимча қилади Bellingcat ФСБ ёки Кремлга изоҳ учун мурожаат қилганини очиқламай.
CNNга кўра, Кремл буни изоҳлашдан бош тортган, ФСБ эса унинг сўровига жавоб бермаган.
«Мени ким ўлдирмоқчи бўлганини биламан», деди Навальний 14 декабр кунги видеомурожаатида тергов тафсилотларини очиқлаб. «Улар қаерда яшашини биламан. Қаерда ишлашини биламан. Асл исмларини биламан. Сохта исмларини биламан. Менда уларнинг фотосуратлари бор».
Германия, Франция ва Буюк Британия Россия ҳукуматини Навалнийнинг заҳарланишига «алоқадорлик ва жавобгарлик»да айблаб чиққан.
Аммо Россия президенти Владимир Путин Навалнийни ҳалок қилаёзган заҳарланиш ҳолати жиноий иш очиш учун сабаб бўлмаслини таъкидлаган.
«Кимдир ўлай деган бўлса, бу имкон топилиши билан жиноий иш қўзғаш керак дегани эмас», деди Путин, Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича президент кенгашининг (маслаҳат органи) мажлисида. Бу ҳақда Кремлнинг 11 декабр кунги стенограммасида баён қилинган.
«Лекин бу одамнинг ўлишига оз қолди-ку» деди Путин билан учрашувда бу саволни кўтарган журналист Николай Сванидзе.
«Тушунаман», деб жавоб берди Путин.
Путин қонунни четлаб ўтмоқда
Сўнгги йилларда, Bellingcat бир неча бор интернетда тўпланган маълумотлар ёрдамида Россия махсус хизматлари жосусларини аниқлаган аммо бу иддаолар ҳар сафар Москва томонидан рад этилган.
Веб-сайт Россия ҳарбий разведка идораси (ГРУ) агентларининг исмларини ошкор қилган. Bellingcat маълумотларига кўра, улар 2018 йилда Британиянинг Солсбери шаҳрида Россиянинг собиқ икки тарафлама жосуси Сергей Скрипал ва қизининг «Новичок» билан заҳарланишида айбдор деб кўрилади.
Россия ёки хорижда сирли равишда ўлган Путин танқидчиларининг сони йил сайин ортиб бормоқда.
Улар орасида 2006 йилда Англияда полоний билан заҳарланиш туфайли вафот этган Александр Литвиненко ва 2015 йилда Кремл яқинида отиб кетилган собиқ бош вазир ўринбосари Борис Немцов ҳам бор. Бу ҳолатларнинг барчасида Кремл гумондорларни топширишдан бош тортган ёки суиқасд ташкилотчиларини ошкор қилмай ҳибсга олган.
Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Россия парлементида тасдиқдан ўтаётган қонун лойиҳаси президент Владимир Путинни 20 йиллик ҳукмронлик даврида ўз мамлакати ва хорижда амалга оширган жиноятлари учун жавобгарликдан ҳимоялашга қаратилган.
Қонун тасдиқланган тақдирда собиқ президент ва унинг оила аъзоларига ҳаётлари давомида содир этилган ҳар қандай жиноятлари учун жавобгарликка тортилмаслик дахлсизлигини беради. Шунингдек, улар ҳибсга олинмайди, тинтув ва сўроқ қилинмайди.
«Бундай қонунни қабул қилиш ўзини жиноятчи деб тан олишга тенг», дейди «ASIA-Plus» ва «Deutsche Welle» нашрларида ишлаган, ҳозирда Европада яшаётган тожикистонлик журналист Хайрулло Мирсаидов.
«Путин жуда кўп жиноятлар содир этган, сиёсий қонунбузарликлар тилга олинмаган тақдирда ҳам, бу мисли кўрилмаган миқёсдаги коррупциядир», деди у. «Эртами-кечми, у қонун олдида жавоб бериши керак. Шу сабабли ҳам у шундай қонунни жорий этмоқчи.»
Россия террорчи мамлакат бўлиб қолди
Жавоб беришФикрлар 6
Новичок кучли заҳар, ҳақиқатдан ҳам заҳарлашганида у ўларди. Бу фитна менимча
Жавоб беришФикрлар 6
Навальний ҳамма тешик ФСБ, ГРУ ходимларидан кучли Суперменга ўхшайди.
Жавоб беришФикрлар 6
Бундай иш учун Россияни йўқ қилиш керак. Аллақачон шундай бўлиши керак эди.
Жавоб беришФикрлар 6
Янги асосланган давлатлардан фарқли ўлароқ, Россия минг йиллик давлатчиликка эга. Россия ўз юртини вахшийлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Жавоб беришФикрлар 6
Бу Россия деган мамлакат йўқ дегани. Россия ИШИДи номли террорчилик ташкилоти бор холос.
Жавоб беришФикрлар 6