Карвонсарой
Саломатлик

Қозоғистонликлар аҳолини «Спутник V» вакцинаси билан оммавий иммунизация қилиш режаларидан хавотирда

Канат Алтинбаев

5 декабр куни Москвада аёлга COVIDга қарши «Спутник V» вакцинасини бераётган ҳамшира. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

5 декабр куни Москвада аёлга COVIDга қарши «Спутник V» вакцинасини бераётган ҳамшира. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистонда Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқарувчи завод қуриш ва ундан аҳолини COVID-19га қарши иммунизация қилиш учун фойдаланишга оид ҳукумат режаси кенг жамоатчиликнинг танқидига учради.

22 декабр куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва унинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин Қозоғистонда Россия вакцинаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Бу ҳақда Тўқаевнинг ўзи 4 декабр куни Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан учрашувида маълум қилган.

Тўқаевга кўра, Қозоғистонда аҳолини ихтиёрий эмлаш 2021 йил аввалидан бошланади. Илк босқичда касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, жумладан шифокорлар, ўқитувчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари вакцинация қилинади.

«Спутник V» Қарағанда вилоятидаги корхонада ишлаб чиқарилади, деб хабар берди 10 декабр куни «Курсив» бизнес нашри Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсининг сўзларига таяниб.

COVIDга қарши «Спутник V» вакцинаси шишасини ушлаб турган ҳамшира, 5 декабр, Москвада. Қозоғистонлик шифокорлар «Спутник V»нинг ишончлилиги ва самарадорлигига шубҳа билдирмоқдалар. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

COVIDга қарши «Спутник V» вакцинаси шишасини ушлаб турган ҳамшира, 5 декабр, Москвада. Қозоғистонлик шифокорлар «Спутник V»нинг ишончлилиги ва самарадорлигига шубҳа билдирмоқдалар. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Россия вакцинасининг икки дозаси қозоғистонликларга 11000 тенгедан (27 доллар) кўпроққа тушади, деб хабар беради «Курсив». Бу «Спутник V» веб-сайтида 24 ноябр кунги баёнотда келтирилган ташқи бозорлар учун мўлжаллаган битта вакцина нархидан 10 долларга (4198 тенге) қимматроқ.

Эмланувчилар иккита вакцина қабул қилишлари лозим.

«Ишонч йўқ»

Халқаро кузатувчилар август ойида эълон қилинганидан бери Россия вакцинаси борасида ўз шубҳаларини изҳор қилиб, Кремлнинг вакцина ишлаб чиқариш «пойгасида» биринчи бўлишга уриниши унинг самарадорлиги ва хавфсизлигига таъсир қилишидан хавотир билдирганлар.

Россиянинг аниқ ва текширилган маълумотлар тақдим этмай, «Спутник V» вакцинасини халқаро муқобиллар билан бир хил даражада ёки ундан ҳам фаолроқ реклама қилишга уриниши жамоатчиликнинг номзод-вакцинага бўлган ишончига путур етказган.

«Pfizer» ва «BioNTech» ўз вакциналарининг самарадорлигини 90 фоиздан юқори деб эълон қилганларидан икки кун ўтиб, 11 ноябр куни Кремль «Спутник V» 92 фоиз самарали эканлигини таъкидлашига дунё олимлари ва кузатувчилари эътироз билдирганлар.

Орадан бир ҳафта ўтмай, АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг хабар беришича, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатган.

Кимўзарга ҳаракат қилаётган россияликлар 24 ноябрь куни «Спутник V» вакцинаси самадорлигини 95 фоизга ўзгартиришган.

Кўпчилик қозоғистонликларнинг Россия вакцинаси борасидаги фикрлари бир-бирига ўхшаш.

«Россия вакцинасига ишонч йўқ», дейди «Tengrinews.kz» веб-сайтининг Т. Султон исмли муштарийси. У россиялик интернет-троллар танқидий комментларга «салбий» баҳо бераётганини қўшимча қилган.

«Қозоғистон Россиядан вакцина олишдан тийилиши керак, чунки россиялик шифокорлар эмланишдан кейин ҳам вирус юқтириб олишган. Биз яна ўша хатони такрорламаслик учун шошилинч хулосалар қилмаслигимиз керак», деди Хювей исмли ўқувчи қайта касалланган шифокорлар ҳақидаги хабарга манба келтирмай.

«Ўзимизнинг вакцина қани? Россия маҳсулоти бизга нимага керак? Қозоқларнинг ўзи вакцина ишлаб чиқаришини кутайлик», деб ёзган Назгул.

Тадқиқотчилар вирусни тўлиқ ўрганмагани ёки Россия вакцинаси барча синовлардан ўтмаганига қарамай, Россия ҳукумати уни дарҳол «дунёдаги биринчи» вакцина деб рўйхатдан ўтказди, дея таъкидлаган Амрис.

«Бу кимга ва нима учун керак?» дея савол беради Амрис ва ўзи бу саволга жавоб беришга уринади: «Бу... жуда катта пул».

«Демак, вакцинани Россия президентида синаб бўлмайди, лекин Қозоғистон фуқароларида синаб кўрса бўлади, шундайми?» дея эътироз билдирган «Серый» тахаллусли ташрифчи «Спутник V» билан ўзи эмланмай, уни бутун дунёга COVID-19га қарши ишончли ва самарали восита деб сотаётган Путинни назарда тутиб.

Россия тафсилотларни яширмоқда

Қозоғистондаги кўплаб шифокорлар ҳам Россия вакцинасига шубҳа билан қарамоқда.

«Спутник V самарадорлиги шубҳали махфийлик пардаси билан ўралган», дейди Олмаотадаги бирламчи тиббий ёрдам шифокори Айгерим Жакашева.

«Россия «Спутник V» синови билан боғлиқ тафсилотларни ошкор қилмаяпти», деди Жакашева. «У клиник протокол билан ўртоқлашмаяпти. Терма ҳажми кичик ва кўнгиллилар cони етарли эмас – биз фақат лойиҳани молиялаштирган ташкилотнинг пресс-релизларини биламиз, холос.»

«Россия ўз вакцинаси самарадорлигини қай тарзда баҳолагани тушунарсиз», деб қўшимча қилди у.

Фармацевтика компаниялари халқаро рақобат шароитида жадал тарзда вакциналар ишлаб чиқмоқда, дейди Нур-Султондаги COVID беморлари учун мўлжалланган касалхона шифокори Асел Салиева.

«Россия бошқа қудратли давлатлар олдида ўз етакчилигини намойиш қилмоқчи эди, шунинг учун «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқишда самарадорлик каби мезон иккинчи ўринга қўйилган бўлиши мумкин», деди Салиева.

Биринчилардан бўлиб «Спутник V» билан кўнгилли равишда эмланган россиялик шифокорлар орасида бир неча бор ножўя таъсирлар ҳақида хабарлар олинган, деди у.

«Спутник V»дан, ҳатто россияликларнинг ўзи ҳам хавотирда.

Москвадаги «Левада» маркази томонидан октябр ойи охирида ўтказилган сўровлардан русларнинг атиги 27 фоизи коронавирус ҳақидаги расмий маълумотларга ишониши маълум бўлган.

Сўровда қатнашганларнинг 61 фоизи Кремл маълумотларига ишонмаслигини айтган, уларнинг 28 фоизи рақамларни ўта юқори, 33 фоизи эса ўта паст деб ҳисоблайди.

Бундай ишончсизликни кўп йиллик иқтисодий турғунликдан сўнг русларнинг президент Владимир Путиндан ҳафсаласи пир бўлгани билан изоҳлаш мумкин, деган эди «Левада маркази» директорининг ўринбосари Денис Волков декабр ойида New York Times нашрига.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Унда ўлиб кет... Қолганлар учун гапирма; агар вакцина олишни истамас экансан, шундай бўла қолсин

Жавоб бериш

Бу сохта вакцинанинг бизга нима кераги бор? Путиннинг ўзига қилишсин.

Жавоб бериш