ПЕКИН – Дунё кўплаб иқтисодиётлари бизнесларни йўқ қилиб, саноқсиз одамларни ишсиз қолдирган COVID-19 пандемиясига қарши курашиб турган бир пайтда, янги коронавирус манбаи бўлган Хитой рекорд даражадаги иқтисодий ўсиш ҳақида хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, ноябр ойида Хитойнинг ишлаб чиқариш фаоллиги сўнгги уч йил ичидаги энг тез суръатларда ўсган.
Хитойда ишлаб чиқариш фаоллигининг асосий кўрсаткичи бўлган Харидлар бўйича менежерлар индекси (PMI) йил бошида вируснинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар ортидан сезиларли даражада барқарорлашиб, ўтган ойда 52,1га етган.
Бу кўрсаткич дунё глобал пандемия билан тўқнаш келган феврал ойида 35,7га тушиб кетган эди.
Март ойида PMI 52,0 гача кўтарилди, чунки Хитой корхоналари шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқариш ва сотишни жадаллаштирди – уларнинг катта қисми яроқсиз ва самарасиз бўлиб чиққан.
Кейинги ойларда PMI ўсишни пасайишдан ажратиб турувчи 50 баллик кўрсаткичдан юқори – 50 ва 51 орасида бўлди ва октябр ойида 51,4 га етди.
Шу тариқа Хитой бу йил ижобий ўсишни қайд этган ягона йирик иқтисодиётга айланиши кутилмоқда.
Пандемия ортидан даромад
Пандемиядан фойда кўришни мақсад қилган Хитой касаллик авж олиши ортидан юзага келган тақчиллик ўрнини тўлдириш учун ниқоб каби шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга зўр берди. Йилнинг биринчи ярмида нархлар ва талабнинг ортиши туфайли 73 мингдан ортиқ, жумладан, апрель ойида 36 мингта компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.
Март-май ойлари оралиғида Хитой 50 миллиард донадан ортиқ ниқоб экспорт қилган, бу ўтган йилги ҳажмдан 10 марта кўп, дейди таҳлилчилар.
Бу каби чоралар доирасида Хитой расмийлари Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликни ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурлаганлар. Бу ҳақда New York Times нашри видеолавҳа тайёрлаган бўлиб, унда юзлаб видеотасвирлар, фотосуратлар ва расмий ҳужжатлар далил ўлароқ келтирилган.
Бу Пекин томонидан олиб борилаётган дастурнинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида охирги бир неча йил ичида миллиондан ортиқ мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизлар мафкуравий лагерларга юборилган.
Пекин ниқобларни халқаро миқёсда сотмоқда ёки ташвиқот қуроли ўлароқ ҳадя қилмоқда. Таҳлилчилар буни вирус билан боғлиқ айбни соқит қилиш йўлидаги «ниқоблар дипломатияси», деб атаганлар. Шунга бўлса-да, паст сифат сабабли бундай юриш ҳам кўнгилсиз оқибатларга олиб келган.
Шундай ҳолатларнинг бирида хитойлик компания шифокорларни ҳимоялашга мўлжалланган ярим миллион дона қалбаки COVID-19 ниқобларни сотган. Компания ниқобларнинг коронавирус беморлари билан ишловчи тиббий ходимлар учун N95 стандартларига жавоб беришини ва расман сертификат олганини ёлғондан даъво қилган.
Сўнгги ҳафталарда Хитой режими «вакцина дипломатиясини» қўллай бошлаган– бу самарали деб ваъда қилинган COVID-19 вакцинасини ўз манфаатлари доирасига кирувчи минтақаларга дипломатик бартер сифатида тақдим этишдир.
«Қаҳрамон» Хитой
Хитой режими касалликнинг тарқалиши ва инқироздаги айбини яшираётганига қарамай, COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг уриб келмоқда.
Бу каби чоралардан бири – август ойида Хитой миллий музейида очилган «Куч бирлиги» деб номланган янги кўргазма бўлиб, унда «инқирозга қарши курашда эришилган муваффақиятларни» мадҳ этувчи расмлар, ҳайкаллар ва хаттотлик намуналари намойиш этилган.
Бошқа мамлакатлар Хитойдан чиқиб, бутун дунёга тарқаган COVID-19 билан боғлиқ карантин чекловларидан азият чекаётган бир вақтда, Пекин мамлакатдаги ҳаёт одатдагидек давом этаётганини кўрсатишга уринмоқда. Дунё давлатлари бу каби кампанияларни таажжуб билан кузатмоқдалар.
2020 бошларида Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар ва Ухандаги вируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйиб, эпидемияга оид далилларни қасддан яшириш ёки йўқотишга уриндилар.
Инқироз бошланганидан бери Пекин фитна назарияларини тарғиб қилиш орқали коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини вирус ҳақидаги дезинформация билан тўлдиришга ҳаракат қилди.
Хитой хитойда ҳамма нарсадан пул қилади.
Жавоб беришФикрлар 2
СССР қулаганидан кейин Хитой ЯИМ ҳажми Россияникидан икки баравар кичикроқ эди. Энди Хитой Россиядан 8-10 марта илгарилаб кетди. Бироқ, Россия бу вақт ичида табиий бойликлар сотиш ортидан триллионлаб пул ишлади. Аммо оқ кетли чукчалар ҳаммасини ўмаришди.
Жавоб беришФикрлар 2