Карвонсарой
Сиёсат

Қозоғистон ҳудудлари «Россиянинг совғаси» деган даъволар ҳудудий хавотирларни келтириб чиқарди

Айдар Ашимов

10 декабр куни Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини «Россиянинг улкан совғаси» деб атаган «Большая Игра» рус телекўрсатувидан олинган кадр.

10 декабр куни Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини «Россиянинг улкан совғаси» деб атаган «Большая Игра» рус телекўрсатувидан олинган кадр.

НУР-СУЛТОН – Яқинда кремлпараст сиёсатчилар ва журналистларнинг бир қатор ҳудудий даъволари Қозоғистонда хавотир ва норозиликка сабаб бўлди.

Масалан, 10 декабр куни Россия давлат думасининг таълим ва фан бўйича қўмитаси раиси Вячеслав Никонов «Биринчи» давлат телеканали эфирида Қозоғистоннинг суверенитетига бевосита дахл қилувчи сўзларни айтган.

«Қозоғистон мавжуд эмас эди. Шимолий Қозоғистонда (руслар келгунига қадар) одамлар яшамаган. Қозоғистон ҳудуди – Россия ва Совет Иттифоқининг улкан совғасидир», деб айтган «Большая Игра» (Катта ўйин) телешоусида меҳмон бўлган Никонов.

«Украинанинг ярми ҳам Россиянинг совғаси», деди шоу меҳмони бўлган россиялик сенатор ва телебошловчи Алексей Пушков.

12 декабр куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Марат Сиздиков Россиянинг муваққат ишончли вакили Александр Комаров (чапда) билан учрашди. [Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги]

12 декабр куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Марат Сиздиков Россиянинг муваққат ишончли вакили Александр Комаров (чапда) билан учрашди. [Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги]

«Совет Иттифоқи забт этилган ва босиб олинган турли ҳудудлардан ташкил топган Россия империяси эди», деб айтган меҳмонлардан бири, телебошловчи Владимир Познер.

Бу россиялик арбобларнинг табиий ресурсларга бой ва Марказий Осиёдаги энг кўп этник руслар яшайдиган мамлакат – Қозоғистон ҳақида бундай баёнотлар бериши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

13 декабр куни Россия давлат думасининг яна бир депутати Евгений Фёдоров «Belrusinfo» YouTube каналида мамлакат ҳудудини назарда тутиб, Қозоғистон «совға учун миннатдор бўлиши кераклигини» айтган эди.

«Совға деб тан олмас экансиз, уни қайтариб беринг, чунки сиз уни ноқонуний олгансиз – Россия шундай дейишга ҳақли», деди Фёдоров.

Россиянинг «совғалари»

Россия расмийларининг сўнгги баёнотлари Россия президенти Владимир Путиннинг постсовет республикалар Совет Иттифоқи таркибидан чиққани учун Россиядан «қарздор» деган аввалги баёнотига мос келади.

Постсовет давлатлар «рус халқининг совғалари», яъни ерларни қайтариб бериши керак, деган эди Путин 21 июнь куни «Россия-1» давлат телеканалида эфирга узатилган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Совет Иттифоқини таъсис этишга оид 1922 йилги келишувда иттифоқдан чиқиш ҳуқуқи эътироф этилган бўлса-да, бу жараён тартиби белгиланмаган.

«Демак, савол туғилади: агар у ёки бу республика Совет Иттифоқига қўшилган бўлса-ю, тарихан, азалдан Россияга тегишли ерларни қўлга киритган бўлса, кейинроқ Совет Иттифоқи таркибидан чиқишга қарор қилган бўлса-чи? У ҳолда, нима билан келган бўлса, шу билан кетиши, рус халқининг ҳадяларини қайтариши керак эди», деб айтган Путин.

«Биринчи канал» кўрсатуви ортидан Россия Федерациясининг муваққат ишончли вакили Александр Комаров 12 декабр куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Учрашув давомида Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Марат Сиздиков «вазирликнинг Никонов баёноти юзасидан таажжубда эканини» билдирган.

Сиздиков ушбу баёнот муносабати билан Комаровга Қозоғистон ҳукуматининг позицияси билдирилган нотани топширган.

Вазирлик баёнотида айрим рус сиёсатчиларининг Қозоғистонга нисбатан тез-тез провокацион ҳужумлари давлатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар етказаётгани қайд этилган.

«Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги бундай иддаоларга Россия томонидан муносиб баҳо берилишини кутади ва бундан буён Россия Федерацияси давлат арбобларининг бундай баёнотлар беришига йўл қўймасликка чақиради», дейилади баёнотда.

«Шоҳ» нима фикрда

«Бундай баёнотлар Россиялик сиёсатчилар тарафидан тез-тез янграмоқда. Бундан хавотирланмай илож йўқ. Қозоғистонликларнинг реакцияси ўринли, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг позицияси ҳам тўғри», дейди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Ернар Бейсалиев.

«Эҳтимол, бу атайин қилинган провокация эмас, балки Россия ва унинг минтақада ҳукмронлик қилишини истайдиган сиёсатчиларининг империалистик қилиқларидир», деди у.

«Қозоғистонда бундай провокацион баёнотларнинг бари сиёсий масхарабозларнинг шовқини сифатида талқин қилинди. Бу Қозоғистон раҳбариятини катта хатоси бўлган. Аслида масхарабозлар кўпинча подшоҳ ва унинг издошлари ўйлаётган гапларни гапиради», деб ёзади олмаоталик сиёсий таҳлилчи Досим Сатпаев ўзининг Facebook саҳифасида.

Россия раҳбарияти дипломатик ноталарга Кремлнинг баланд минорасидан туриб тупурмоқда, деди у.

«Қозоғистонга, унинг ҳудудий яхлитлиги, тарихига ва тилига нисбатан провокацион ва ҳақоратли ҳамлалар қилувчи барча шахслар учун республикамизга кириш тақиқланиши керак», деди Сатпаев.

«Энди Қозоғистон ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) таркибидан чиқиши, сўнгра Ўзбекистон каби КХШТга (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзоликдан воз кечиши керак», деб ёзган Сатпаев Кремл бошчилигидаги иқтисодий ва ҳарбий блокларни назарда тутиб. Ўзбекистон ЕОИИга қўшилмаган ва 2012 йилда КХШТни тарк этган.

Қозоғистонликлар интернетда бу борада ўз эътирозларини билдирганлар.

«Қозоғистон мавжуд бўлмаган, дейдими? Давлат думаси раисининг ўринбосари шундай бемаъни гапни гапириб турсая. Яна булар Қозоғистонда Евросиёга қарши кайфият кучайиб бораётганидан ҳайрон бўлишади». «Узр сўрашларини талаб қиламиз», «Совет Иттифоқи қулаган, бўлар иш бўлган», деб ёзган Никонов иштирокидаги YouTube видеолавҳаси остида фикр-мулоҳаза қолдирган қозоғистонликлар.

«Россиялик сиёсатчилар ақлдан озибди. Наҳотки, улар бу гапларидан кейин Қозоғистонда аксилроссия кайфияти кучайишини билишмаса? Биз шу ерда яшаймиз, Қозоғистонни ўз ватанимиз деб биламиз ва бундай баёнотларни эшитишни истамаймиз», дейди чимкентлик Елена Шепелева Карвонсарой билан суҳбатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 17

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Умуман олганда, рус одамининг портретини чизса бўлади: бу рус одами ўзи ёки рус жамияти учун қандай қилиб, нимани ва қаердан ўғирлаш ёки ўзлаштириш мумкинлигини, қаерда нимани қўлга киритса бўлади ёки ўзиники қилиб олиш учун шароит бор ёки йўқлигини қидиради. Бировларнинг ерини босиб олиш ёки эгаллашни назарда тутяпман. Айтмоқчиманки, асрлар давомида шундай бўлган ва афсуски, абадий шундай бўлиб қолади. Бировнинг ерларини эгаллаб олиш билан боғлиқ ишлар, буларнинг бари рус халқининг томирлари ва генларида мустаҳкам ўрнашган. Бу жирканч хислатни йўқ қилиб, ўчириб ташлаш имконсиз. Шу тариқа руслар туфайли янги уруш яқинлашмоқда; улар барча муаммоларнинг сабабидир. Барчангиз эсласангиз керак, руслар асрлар давомида қандай қилиб бугунги кунгача БУТУН УМР ТУРЛИ УРУШЛАРНИ олиб боришган. Улар туфайли кўп одамлар ҳалок бўлди. Барча халқлар руслар туфайли жуда кўп азиятларни бошдан кечирдилар. Ҳатто рус ёзувчиларининг ўзлари ҳам тан олишган, биз руслар бошқа одамларга азалдан турли азиятлар, машаққат ва азоб-уқубатларни келтирамиз ва буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Буларнинг бари ёрқин келажак ваъдаси билан, доимо бировларнинг ерларини тортиб олиш учун қилинган. 6-7 асрлардаёқ Ладога кўли бўйида рус славянларининг илк қабилалари пайдо бўлгач, бегона ерларни эгаллаб олиш бошланди. Ўша пайтдан бери Московия чегаралари Аляскагача етиб борди ва уларга қулоқ соладиган бўлсангиз, дунёнинг ярми бизники дейишади. Яқинда Путин Ладога кўли бўйида рус замини пайдо бўлган жойини хотирлаш учун

Жавоб бериш

Россиянинг ўзи бошқа мамлакатларнинг ерида жойлашган. Кавказдан Якутияга қадар ҳеч бир ҳудуд Россияники эмас.

Жавоб бериш

Бу Россия империясининг тахти; ҳеч ким уни қимирлата олмайди. Кўпчилик уриниб кўрди, натижаси эса аянли бўлди. Ҳа, замонавий Россияда туркий халқлар ҳам яшайди, аммо улар сиз каби эмас... Сиз баъзида мўғул-татарларга, баъзида эса туркларга илакишасиз. Бир тўхтамга келиб олмасангиз, тез орада хитойлик бўлиб қоласиз. Биз ўз ерларимизни баъзан қуроллар ёрдамида қўлга киритдик, ҳаёт шунақа. Нима қилсангиз ҳам ўз бошингизга бало орттириб олманг. Россияликларга чоҳ қазиманг (Россияликлар фақат руслар эмас), акс ҳолда биз уни хандақ сифатида ишлатамиз. Туркий номлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унга сизнинг қандай алоқангиз бор? Сиз ўз юртингизни асранг, Россияни ўзимиз ҳал қилиб оламиз. Хонларингизнинг ўзи қўшиб олишимизни сўраган; россияликлар эса сизнинг ерингиз учун ўз жонларини бердилар. «...филга ҳуряптими, демак у кучли».

Жавоб бериш

Биз турклар вақтинча Россия томонидан ишғол қилинганмиз ва ким билан бўлишни хоҳлаётганимизни биламиз.

Жавоб бериш

Россия ҳудудлари – Москва атрофидаги ботқоқликлар ва торфли ерлардир. Қолган жойлар бошқаларга тегишли.

Жавоб бериш

Ҳа, тарихни ўрганиш керак. Туркча номларга келсак... Уст-Каменогорск, Акмолинск, Серебрянка, Павлодар, Семипалатинск ва бошқаларга нима дейсиз? Оренбург эса умуман немисча ном, қанақасига туркча бўлсин? Россиянинг ўзида ҳам аҳмоқлар етиб ортади. Биз эса кўп асрлардан бери бирга яшаяпмиз; СССР парчаланганидан кейин чегаралар тан олинган... Россия ўз ерларининг бир қисмини республикаларга топширгани эса ҳақиқат. Бунинг қўрқинчли жойи йўқ – шунчаки тан олиш ва яшашда давом этиш керак. Низо қўзғамаслик керак. Тарихни, айниқса ўз мамлакатинг тарихини билишинг керак, аксил-Россия шиорларни ҳайқириб юргандан кўра. Бу яхшиликка олиб келмаслигини кўриб турибмиз (Украина, Арманистон, Туркманистон, Грузия мисолида). Шундай экан, келинг аҳил яшайлик ва чегаралар ўзгармайди.

Жавоб бериш

Россиянинг кўп ерлари туркларга тегишли

Жавоб бериш

Нима учун қандайдир жириклар [Жириновский тарафдорлари] шимолий Қозоғистонни Россияники деб бақираётганига тушунмаяпман. Шимолий Қозоғистон шундоқ ҳам Россия ичида – булар Омск, Оренбург, Тюмен, Барнаул, Кемерово. Ҳатто бу шаҳарларнинг номлари ҳам туркча. Шундай экан, ортиқча чираниш керак эмас.

Жавоб бериш

Қрим воқеасининг қайтарилишини истаяптилар чоғи, лекин бу луқма ебтўймас халқумга тиқилиб қолиши мумкин.

Жавоб бериш

Аслида Путин СССРни қайта тикламоқчи. 1865 йилда Тошкентни босиб олишда ўлдирилган аскарлар учун Самарқанд Дарвозада қўйилган ёдгорликнинг қайта тикланиши, 9 май кунини Хотира кунидан Ғалаба кунига ўзгартириш, Ғалаба парки очилиши, Мария Захарованинг қонунчиликда расмий тилнинг қўлланилишига аралашуви, Дума депутатларининг бақир-чақири, русий забонлар ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳақидаги Россия тарғиботчиларининг жазаваси ва ҳоказо ҳаммаси бир занжирнинг бўғимлари. Россия иқтисоди тушяпти, уларнинг рақобатбардош бўлмаган маҳсулотлари учун янги бозор керак. Худди Дон Кихот Ламанческийга ўхшаб шамол тегирмонига қарши қилич кўтарган Путиннинг геосиёсий амбициялари осмонга кўтарилиб кетган. ҲАММА ИМПЕРИЯЛАР ҚУЛАШИНИ одамлар қачон тушуниб етар экан?! Эртами кечми шундай бўлади, бу ортга қайтмас тарихий жараён.

Жавоб бериш

Путиннинг тахти қимирлаб қолган. Россиянинг ўзи ҳам деярли парчаланишга тайёр.

Жавоб бериш

Тарихан Россиянинг маҳаллий ерлари Олтин халқа ҳудудларига киради. Қолган ҳамма ерлар турклардан, кавказлардан, финно-угорлардан, сибирлардан бошқа миллатлардан тортиб олинган.

Жавоб бериш

Бундан буёғига КАЛИНИНГРАД Польшадан Россияга учун совға. Польшага раҳмат айтиши керак. Акс ҳолда Россия бу ҳудудни қайтариб бериши керак!!!

Жавоб бериш

Россия бу провокаторларни жавобгарликка тортиб, Қозоғистон тарихини ўргатиб қўйсин.

Жавоб бериш

Тарих борми ўзи? Ҳар йили қайта ёзилаётганга ўхшайди.

Жавоб бериш

Россия Қозоғистонни йўқотмоқда, шунинг учун ҳам қўрқитиб қўймоқчи.

Жавоб бериш

Жин ургур Путин

Жавоб бериш