Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой технологик гиганти Пекинга Шинжондаги мусулмонларни кузатишда ёрдам бергани маълум бўлди

Карвонсарой ва AFP

Alibaba томонидан ишлаб чиқилган юзни таниш дастурий таъминоти компанияни Пекиннинг уйғурларга қарши тазйиқи билан боғлиқ можарога аралашган навбатдаги Хитой корпорациясига айлантирган. [IPVM]

Alibaba томонидан ишлаб чиқилган юзни таниш дастурий таъминоти компанияни Пекиннинг уйғурларга қарши тазйиқи билан боғлиқ можарога аралашган навбатдаги Хитой корпорациясига айлантирган. [IPVM]

ШАНХАЙ – Пекиннинг уйғурларга қарши қатағонлари маҳаллий технологик гигант – Alibaba қўлловида янада кучайган. Халқаро ҳамжамият бу ҳолатни қоралашда давом этар экан, жаҳон брендлари Шинжон минтақасида бизнес юритишдан бош тортмоқда.

Сўнгги ҳафталар давомида тарқалган қатор хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари Хитойнинг Шинжон вилоятидаги аксар мусулмонлар озчиликларни кузатиш, мониторинг қилиш ва ҳибсга олишда технологиялардан қандай фойдаланаётгани маълум бўлган.

Alibaba томонидан ишлаб чиқилган юзни таниш дастурий таъминоти компанияни Пекиннинг уйғурларга қарши тазйиқи билан боғлиқ можарога аралашган навбатдаги Хитой корпорациясига айлантирган.

Alibaba корпорациясининг булутли технологиялар бизнесига оид сайти мижозлар унинг дастуридан сурат ва видеолар ичидан уйғурлар ва бошқа этник озчиликларнинг юзларини аниқлашда қандай қилиб фойдаланиши мумкинлигини кўрсатган. Бу ҳақда 16 декабр куни IPVM кузатув саноати нашри ва The New York Times хабар берди.

2019 йил 22 декабр куни Гонконгда Хитойдаги уйғурларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган намойиш чоғида иштирокчилардан бирини ҳибсга олишга уринаётган полиция ходими. Гонконгнинг тартибсизликларга қарши кураш полицияси бирдамлик митингини тарқатиб юборди. Шаҳарнинг демократпараст ҳаракати унинг мушкул ҳолатини зулмга учраган мусулмон озчиликнинг аҳволига ўхшатган. [Anthony WALLACE / AFP]

2019 йил 22 декабр куни Гонконгда Хитойдаги уйғурларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган намойиш чоғида иштирокчилардан бирини ҳибсга олишга уринаётган полиция ходими. Гонконгнинг тартибсизликларга қарши кураш полицияси бирдамлик митингини тарқатиб юборди. Шаҳарнинг демократпараст ҳаракати унинг мушкул ҳолатини зулмга учраган мусулмон озчиликнинг аҳволига ўхшатган. [Anthony WALLACE / AFP]

Журналистлар компаниядан бу борада изоҳ сўрагач, Alibaba Cloud «уйғурлар» ва «озчиликларни аниқлаш»га оид сўзларни дарҳол сайтидан ўчириб ташлаган.

Alibaba Cloud далиллар ва қўшимча изоҳлар бермай, бу технология фақат «синов режимида» ишлатилганини айтган, деб ёзади IPVM.

Йиллик савдоси ҳажми 78 миллиард долларни ташкил этувчи Хитойнинг энг йирик электрон тижорат веб-сайти бўлган Alibaba 17 декабр куни Интернетда эълон қилинган баёнотда Alibaba Cloud бу функцияни ишлаб чиққанини «билгач, хавотирга тушганини» айтган.

Ушбу технология фақат имкониятларни синовдан ўтказиш учун ишлатилган ва ҳеч бир мижоз томонидан қўлланилмаган, деди Alibaba ўз маҳсулотларида «ҳар қандай этник белгиларни йўқ қилганини» айтиб.

«Биз ўз технологиямиздан муайян этник гуруҳларни аниқлаш ёки идентификация қилишда қўлланишига изн бермаганмиз ва бундай қилмаймиз», дейилади баёнотда.

Хитойнинг бошқа бир булутли провайдери Kingsoft Cloud ҳам ўз сайтида дастурий таъминот одамнинг юз тасвиридан фойдаланиб, унинг «уйғур» ёки «уйғур эмаслигини» аниқлаши мумкинлигини баён қилган, деб ёзади The New York Times.

Журналистлар компаниядан бу технология ҳақида сўрагач, Kingsoft Cloud бу саҳифаларни веб-сайтидан ўчириб ташлаб, дастур мижозларга сотилмагани ва уйғурларнинг юзини таний олмаслигини айтган.

«Уйғурлардан огоҳлантириш»

Бутун дунёда Пекиннинг Шинжондаги сиёсатига нисбатан танқидлар кучаяр экан, уйғурлар масаласи Хитой компаниялари учун муаммога айланган.

Хитойнинг бошқа икки технологик гиганти – Huawei ва Megvii биргаликда «уйғур тревогаси» тизимини синаш ва текшириш ишларини олиб борганлар, деб хабар беради 8 декабр куни IPVM ва Washington Post нашрлари.

Huawei – Хитойнинг энг йирик технологик компанияси, Megvii эса мамлакатда юзни таниш технологиялари бўйича энг йирик таъминотчилардан бири ҳисобланади.

IPVM Huawei компаниясининг махфий «мувофиқлик ҳисоботи»ни қўлга киритган бўлиб, унда икки компания 2018 йилда оломон ичида юзларни сканерлаш ва ҳар бир одамнинг ёши, жинси ва қайси этник гуруҳга мансублигини баҳолайдиган сунъий интеллектли камера тизимини синаш учун биргаликда ишлагани қайд этилган.

«Синовларга оид ҳисоботда айтишилишича, агар тизим асосан мусулмон озчиликка мансуб одамнинг юзини аниқласа, «уйғур тревогаси» билан улар ҳақида Хитой полициясига хабар бериши мумкин», деб ёзади Washington Post.

Иккала компания ҳам ҳисоботни тасдиқлаган бўлса-да, бу технология этник гуруҳларни нишонга олиш ёки белги қўйишда ишлатилганини инкор этган.

«Хитойнинг кузатувга интилиши озчиликларни таъқиб қилишдангина иборат эмас», дейди Human Rights Watch ташкилотининг Хитой бўйича катта илмий ходими Мая Ван.

Кузатув харажатлари ўсиб бормоқда

Пекин кенг жамоатчиликни кузатиб бориш ҳамда озчиликлар, намойишчилар ва давлатга таҳдид деб ҳисобланганларни таъқиб қилиш учун сунъий идрокка таянувчи кузатув тизимидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда, деди у.

Шинжонда уйғурларнинг «шубҳали» хатти-ҳаракатларни аниқлайдиган дастур ишга тушгач, маҳаллий полиция уларни ҳибсга ола бошлаган, дейди Human Rights Watch.

Сўнгги йилларда Шинжонда кузатув сарф-харажатлари кескин ошган, зеро терроризмга қарши кураш баҳонасида бутун вилоят бўйлаб юзни таниш технологиялари, кўз тўрпардаси сканерлари, ДНК маълумотларини йиғиш ва сунъий интеллект тизимлари ўрнатилган.

Хитой режими Шинжонда олиб борган сиёсати туфайли халқаро ҳамжамиятнинг жиддий танқидига учради. Ҳуқуқбон ташкилотларга кўра, бу минтақада миллионга яқин уйғур ва аксари мусулмон бўлган бошқа озчиликлар вакиллари қайта тарбиялаш лагерларида сақланмоқда.

Пекин бу лагерларни терроризмга қарши кураш ва иш билан таъминлаш имкониятларини яхшилашга қаратилган касб-ҳунарга ўргатиш марказлари сифатида ҳимоя қилади.

Cешанба (27 октябрь) куни АҚШ сенаторлари Хитой режимининг уйғурлар, этник қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон озчиликларга қарши геноцид сиёсатини қўллаётгани ҳақидаги резолюцияни тақдим этдилар.

6 ноябр куни АҚШ Шарқий Туркистон исломий ҳаракатини (ШТИҲ) «террорчилик ташкилотлари» рўйхатидан чиқаргани ҳақида эълон қилган.

Хитой режими Шинжондаги мусулмон озчиликларга қарши репрессив сиёсатини оқлаш учун ШТИҲни мунтазам равишда айблаб келади.

Пекин узоқ йиллар давомида ислом маданиятини йўқотиш, масжидларни бузиш, мусулмонларга коммунистик мафкурани сингдириш ва аёлларни мажбуран бичиш бўйича тизимли сиёсат олиб бормоқда, дейди кузатувчи ва тадқиқотчилар.

Бу каби чоралар доирасида, асосан охирги уч йилда Хитой ҳукумати 16 мингга яқин масжидни бузган ёки уларга зарар етказган, дейилади Австралия стратегик сиёсат институтининг (ASPI) сентябр ойидаги ҳисоботида.

Ҳисоботда айтилишича, Шинжондаги масжидлар, қабристонлар ва зиёратгоҳлар каби исломга оид йирик объектларнинг деярли учдан бири ер билан яксон қилинган.

Қуллик меҳнати

Хитой ҳукумати коронавирус пандемияси шароитида Шинжондаги мусулмон озчиликларни шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқариш корхоналарида ишлашга мажбурлаган, деб ёзади «New York Times» юзлаб видео, фото ва расмий ҳужжатларидан далил келтириб.

Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмонлар пахта теримига ва уни қайта ишлаш корхоналарига ишлашга мажбурланганлар, дейди ҳуқуқбон гуруҳлар.

АҚШ Божхона-чегара хизмати 2 декабрь куни Шинжон минтақасидан «қуллик меҳнати» билан етиштирилган пахта импортини тақиқлагани ҳақида эълон қилган.

Шинжоннинг «қайта тарбиялаш марказларидаги» 570 мингдан ортиқ уйғур давлатнинг мажбурий меҳнат дастури доирасида пахта теримига жалб қилинмоқда, деб хабар берган 14 декабрь куни Вашингтондаги Глобал сиёсат маркази.

Пекиннинг иддаосича, ушлаб турилганларнинг бари марказларни «тамомлаган», аммо ҳисоботларга кўра, собиқ маҳкумлар кўп ҳолларда лагерлар билан боғлиқ паст малакали иш ўринларига жалб этилган.

Глобал сиёсат марказининг ҳукумат ҳужжатларига таяниб маълум қилишича, ишчи кучини тақсимлаш дастури иштирокчилари полиция томонидан қаттиқ назорат қилинган – манзилдан манзилга кузатиб қўйиш, «ҳарбий усулдаги бошқарув» ва мафкуравий тайёрлов шулар жумласидандир.

«Ишчи кучини пахта теримига жалб қилиш мажбурий меҳнат хавфи билан боғлиқлиги аниқ», деб ёзади ҳужжатларни ўрганган Адриан Зенц ўз баёнотда.

«Айрим озчиликлар вакиллари бу жараёнга нисбатан маълум даражада розилик билдириши ва бундан молиявий манфаат олиши мумкин. Аммо қаерда мажбурлаш тугаб, қаерда маҳаллий розилик бошланишини аниқлаш имконсиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Уларни уйғотманг!», деб Наполеон тўғри айтган. Уйғурлар, қозоқлар ва бошқа миллатларга қарши ёвузлик қаердан пайдо бўлган?

Жавоб бериш

Ифлос хитой ОЛЛОХ жазонгни берсин.

Жавоб бериш

Тезроқ Турон бирлигини тузиш керак.

Жавоб бериш