КОБУЛ – Эронлик қўмондон Қосим Сулаймоний ўлимига бир йил тўлар экан, у қолдирган мерос Эрондаги афғон мигрантларини ҳамон таъқиб қилиб келмоқда.
Эрон ислом инқилоби посбонлари корпусининг «Ал-Қудс» кучлари (ИИПК-ҚК) қўмондони 3 январ куни Боғдодда АҚШ дрони ёрдамида ўлдирилган, аммо у асос солган эронпараст Фотимиюн жангари бўлинмаси Сурия ва бошқа билвосита урушлар жабҳаларига малакасиз, яхши қуролланмаган афғон жангариларини юбориш билан ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Фотимиюн Эронда ишлаётган ночор афғонларни нишонга олиши далиллар билан исботланган. Улар ўз оиласини боқиш ғамида юрган афғонистонликлардир. Кузатувчиларнинг айтишича, жангарилар гуруҳи Афғонистон ва минтақа учун жиддий таҳдидга айланган.
ИИПК Фотимиюнда ўлганлар сонини эълон қилмаса-да, Теҳрон олиб борган билвосита урушларда минглаб афғон мигрантлари ҳалок бўлган, деб тахмин қилинади.
2012 йил январдан 2019 йил сентябрга қадар Сурияда 917 нафар афғонистонлик ўлган. Бу ҳақда феврал ойида Вашингтондаги ИИПК кузатувчиси Али Алфонеҳ ўз маълумотларига таянган ҳолда Озод Европа/Озодлик радиосига хабар берган.
Аксар афғонлар Фотимиюн бўлинмасига Эрон фуқаролиги, имтиёзлар, оиласи учун ойлик маош ва жангари сифатида фаолият олиб боргани учун қўшимча ҳақ олиш ваъдаларига ишониб ёлланган.
Аммо Фотимиюн фахрийлари ва ўлган аскарларнинг қариндошларига кўра, бу катта ваъдалар камдан кам ҳолларда бажарилган.
«Эрон ҳукумати афғон ёшларини Фотимиюнга ёллашда давом этмоқда, умидсизликка тушган бу ёшлар Теҳрон учун керакли куч эканлигини исботлади», дейди Ҳиротдаги сиёсий таҳлилчи Абдул Қодир Камол.
«Эрон ҳукумати Фотимиюнни жанговар куч сифатида сақлаб қолиб, уруш қилиш ниятида бўлган мамлакатларда қўлламоқчи», деб қўшимча қилди у. «Шу сабабли Фотимиюн сафига янги аъзолар ёллаш ва уларни тайёргарликдан ўтказиш тўхтагани йўқ.»
Яқинда Фотимиюн нафақат Сурияда, балки аскарларнинг ўз ватанида ҳам жанг олиб бориши мумкин.
Эрон режими АҚШ Афғонистондаги манфаатларига путур етказиш ва у ерда ўз сиёсий ҳамда разведкавий таъсирини кенгайтириш учун Фотимиюн бўлинмасини ишга солиш ниятида, дейди Камол.
19 декабр куни афғон телеканалига интервью берган Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Фотимиюнни «Афғонистон агар истаса қўллаши мумкин бўлган энг яхши куч», деб атаган.
«Афғонистонликлар халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этадиган бўлса, Эрон у ерда яна тартибсизлик келтириб чиқаришидан хавотирда», деган эди март ойида Кобулдаги ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчи Юсуф Амин Зазаий Фотимиюннинг келажакдаги эҳтимолий миссиясига ишора қилиб.
Ёш болаларни аскарликка ёллаш
Эрондан ўз ватанига қайтган афғонистонликлар Фотимиюн сафига қўшилаётган мигрантлар ҳақида сўзлаб берганлар.
Эроннинг Язд вилоятидаги Фотимиюн ёллаш маркази афғон ёшларини жангари гуруҳ сафига қўшилишга тарғиб қилади, деди яқинда Эрондан депортация қилинган Ҳелман вилоятилик Муҳаммад Идрис.
«Эрон кучлари афғон ёшларига Эронда яшаш рухсатномаси ва тураржой ваъда қилишган», деди у. «Шунингдек, Сурияга урушга кетадиган бўлишса, уларнинг оилаларини доимий равишда қўллаб-қувватлашларини ҳам айтганлар.»
Яшаш учун рухсатнома Фотимиюн фахрийларига Сурияда уч ой хизмат қилганларидан кейингина берилиши керак бўлган, деди Идрис.
ИИПК Суриядаги урушда ҳалок бўлган жангариларни ўша ерда дафн қилишга ваъда беради, дея қўшимча қилган у.
«Мен билан ишлаган йигит Сурияга кетиб, қайтиб келмаган», деди у. «Улар (Эрон расмийлари) Сурияга боришимни сўраган эдилар, аммо мен бош тортдим.»
15 яшар Муҳаммад Сардор Бомиён вилоятидан. У Эрондан яқиндагина депортация қилинганидан бери Ҳиротдаги БМТ қочқинлар лагерида яшаб келмоқда.
Унинг акаси Фотимиюн билан иккита юришда тирик қолган, аммо ИИПК ўз ваъдасида турмаган.
Ўтган йили ҳали 16 ёш бўлган акаси Суриядаги урушга борган ва уч ойдан кейин Эронга қайтган, деб айтган Муҳаммад 16 декабрда.
«Акам Ҳусайн бир неча ой олдин яна Сурияга юборилган ва икки ой ўтиб қайтиб келган эди», деб қўшимча қилди Сардор. «Ҳозир у Эроннинг Қум шаҳрида яшаяпти.»
«Эрон ҳукумати акамга Суриядаги хизмати эвазига Эронда уй, барча оила аъзолари учун яшаш рухсатномаси ва йирик пул ваъда қилган бўлса-да, унга вақтинча яшаш рухсатномасидан бошқа ҳеч нарса бермаган», деб қўшимча қилди у. «Эрон ҳукумати оила аъзоларини депортация қилмаслигини айтган бўлса ҳам, мени депортация қилишди.»
Фотимиюнда хизмат қилишни истаганлар аввал ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун 45 кунга Теҳронга кўчиб ўтишлари, сўнг Сурияга кетишлари керак бўлади, деди Сардор.
Эрон ҳукумати Фотимиюн сафини тўлдириш учун вақти-вақти билан ҳужжатсиз афғон мигрантларини турли айбловлар, жумладан иммиграция қонунларини бузганликда айблаб қўлга олади. Улардан 1 миллиард Эрон риёли (қора бозорда 4281 АҚШ доллари) тўлаш талаб қилинади, бу пулни ҳеч қайси афғонистонлик тўлай олмайди, деди яқинда депортация қилинган ҳиротлик Абдуллатиф.
Ҳукумат эса бунча пулни тўлай олмайдиган афғонларга (деярли ҳаммаси) 25 йиллик қамоқ жазосини ўташ ёки Сурияда жанг қилишни таклиф қилади, деди Латиф.
Инсониятга қарши жиноят
Болаларни урушга юбориш БМТнинг болалар ҳуқуқи конвенцияси ва бошқа халқаро қонунларига зиддир, дейди Ҳирот вилоятидаги Афғонистон инсон ҳуқуқлари мустақил комиссияси раҳбари Мирваис Аминий.
«Урушларда болалардан фойдалаётган мамлакатлар ва ҳукуматлар жавобгарликка тортилиши ва халқаро қонунларга кўра жазоланиши лозим», деб қўшимча қилди у.
Болаларни урушда қатнашишга мажбурловчилар ҳарбий жиноят, шунингдек инсониятга қарши жиноят содир этган бўлади, деди Аминий.
Унинг айтишича, болалар мажбуран жанговар ҳаракатларга жалб этилса ёки соддалиги туфайли ўзи шу ишга рози бўлса, уларнинг ҳарбий хизматлари халқаро қонунбузарлик ҳисобланади ва қонунбузарлар жазоланиши керак.
Сурияда афғон ёшлари ва болаларидан фойдаланиш ғайриинсоний амал ва жиноятдир, деб таъкидлади Ҳиротдаги инсон ҳуқуқлари фаоли Муҳаммад Идрис Ваҳидий.
«Фотимиюнга қўшилган афғонистонликларнинг кўпчилиги вояга етмаганлардан иборат», деди у. «Улар уруш нималигини билмайди ва осонгина қурбон бўлиши мумкин.»
Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ИИПКдан Эронда ёш, жумладан вояга етмаган афғонлардан фойдаланишга чек қўйишни талаб қилмоғи керак, деди у.
«Вояга етмаган афғонлар Эронда ўз оилаларидан ажратиб олинади ва Эрон ҳукумати уларнинг ота-оналарига ҳеч нима демасдан уларни урушга юборади», деб қўшимча қилди у. «Бу олий даражадаги зўравонлик ва жиноятдир.»
«Афғонлар бошқаларнинг мақсади йўлида қурбон бўлмаслиги учун Афғонистон ҳукумати ва халқаро ташкилотлар Фотимиюн томонидан болаларнинг ёлланишига барҳам бериши лозим», дейди Ҳиротдаги жамоатчилик фаоли Муҳаммад Аюб.
Мусулмон бегуноҳ одамни ўлдириши мумкин эмас, жумладан мусулмонларни.
Жавоб беришФикрлар 1