Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитойдаги эпидемия ҳақида хабар берган журналист COVID-19 вирусининг халқаро текшируви олдидан қамоққа ҳукм қилинди

Карвонсарой ва AFP

Полиция Шанхай Пудонг янги тумани халқ суди олдида тўпланган журналистларнинг суратга олишига қаршилик қилмоқда. Бу ерда Ухандаги COVID-19 эпидемияси ҳақида хабар берган ва май ойидан бери ҳибсда ушлаб турилган хитойлик журналист Чжан Чжань 28 декабр куни тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. [Лео Рамирез/AFP]

Полиция Шанхай Пудонг янги тумани халқ суди олдида тўпланган журналистларнинг суратга олишига қаршилик қилмоқда. Бу ерда Ухандаги COVID-19 эпидемияси ҳақида хабар берган ва май ойидан бери ҳибсда ушлаб турилган хитойлик журналист Чжан Чжань 28 декабр куни тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. [Лео Рамирез/AFP]

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вируснинг келиб чиқиши бўйича тергов бошлашидан бир неча ҳафта аввал – душанба (28 декабр) куни Хитойда COVID-19 пандемияси бошлангани ҳақида хабар берган хитойлик журналистга нисбатан тўрт йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Эпидемиянинг илк босқичи ҳақида хабар тарқатган собиқ ҳуқуқшунос Чжан Чжанга нисбатан «ихтилоф чиқариш ва муаммо қўзғаш» айби билан Шанхай судидаги қисқа жараён ортидан ҳукм ўқилган.

Унинг феврал ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган жонли репортаж ва очерклари ҳукуматнинг эпидемияга қарши чораларини танқид қилган саккиз мухбирни жазолашга улгурган куч тузилмаларининг диққатини тортди.

Уханда бошланган пандемияга бир йил тўлар экан, дунё давлатларининг аксарияти карантин ва касалланишлар кўламидан азият чекиб турган бир пайтда, иқтисодиёти қайта тикланаётган Пекин мамлакат ичида вирусни жиловлаганига оид «мислсиз» муваффақият билан ўз-ўзини табриклаган.

Бутун дунё Хитойда пайдо бўлган COVID-19 пандемиясидан азият чекаётган бир вақтда, Пекин инқирозни ортда қолдирганини кўрсатишга зўр бериб уринди. 24 декабрда олинган бу суратда Хитой шимоли-шарқидаги Харбин муз ва қор фестивали меҳмонлари муздан ясалган ҳайкалларни томоша қилишмоқда. [STR/AFP]

Бутун дунё Хитойда пайдо бўлган COVID-19 пандемиясидан азият чекаётган бир вақтда, Пекин инқирозни ортда қолдирганини кўрсатишга зўр бериб уринди. 24 декабрда олинган бу суратда Хитой шимоли-шарқидаги Харбин муз ва қор фестивали меҳмонлари муздан ясалган ҳайкалларни томоша қилишмоқда. [STR/AFP]

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мисли кўрилмаган глобал инқироз даврида ахборот оқимини назорат қилиш – Хитойнинг коммунистик ҳукуматига вазиятни ўз фойдасига буриш ва Президент Си Цзинпиннинг етакчилиги учун мамлакат ҳукмрон партияси томонидан тақдирланишида муҳим роль ўйнади.

Аммо бу расмий хабарлардаги номутаносибликларни кўрсатганлар учун жуда қимматга тушган.

Адвокатлардан бири Чжан Кекенинг айтишича, суд Чжан Чжанга интернетда «сохта маълумотлар» тарқатгани айтган, аммо айбловчи томон суд жараёнида бунга далил келтира олмаган.

«Биз Чжан Чжан айнан нимада айбланганини умуман тушунмадик», деб қўшимча қилди у «суд жуда тез ва шошилинч» ўтганини таъкидлар экан.

Ўз навбатида судланувчи «саволларга жавоб бермаган. Судья ундан ўз шахсини тасдиқлашини сўраганида ҳам жавоб бермаган.»

Чжанни ҳимоя қилган яна бир адвокат Жэнь Цюаньюнинг судга киритилмаган журналистларга айтишича, ҳукм ўқилган пайт айбланувчининг онаси ўкириб йиғлаб юборган.

Июн ойида очлик эълон қилган ва бурнига ўрнатилган найча орқали мажбуран озиқлантирилаётган 37 яшар Чжаннинг саломатлиги юзасидан хавотирлар кучайган.

Адвокатлар жамоаси унинг соғлиғи ёмонлашаётгани, бош айланиши, бош ва қорин оғриғидан азият чекаётгани ва судга ногиронлар аравачасида олиб келингани ҳақида хабар берган.

«Ўтган ҳафта олдига борганимда: менга оғир жазо беришса, очликни тўхтатмайман, деб айтди. У қамоқда ўламан деб ўйлаяпти», деб айтган Жэнь суд бошланишидан аввал.

«Бу жамият ва муҳитга қарши норозилик билдиришнинг ўта кескин йўлидир.»

Тарихда Хитой коммунистик ҳукумати Ғарбнинг диққатини чалғитиш мақсадида диссидентларни Рождество ва янги йил байрами оралиғида суд қилган.

Мисоллар

Суд ҳукми Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро жамоаси Covid-19 вируси келиб чиқишини ўрганиш учун Хитойга келишидан бир неча ҳафта аввал эълон қилинган.

Чжан Уханда ҳукуматнинг эпидемияга қарши дастлабки чораларини танқид остига олган эди. Ҳукумат «одамларга етарлича маълумот бермай, шунчаки шаҳарни ёпиб қўйди» деган эди у феврал ойидаги очеркида.

«Бу инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши», деб ёзган эди у.

Ҳуқуқбон гуруҳлар ва элчихоналар ҳам унинг ишига эътибор қаратган бўлса-да, қатор мамлакатлар вакилларига унинг суд жараёнида иштирок этишга рухсат берилмаган.

«Чжан Чжаннинг иши Хитойдаги матбуот эркинлиги борасида хавотир уйғотмоқда», деб баёнот берган Пекиндаги Британия элчихонаси ва «Хитойни шу сабаб билан қамалган барча мухбирларни озод қилишга чақирган».

Ҳукумат «унинг ишини йил бошида Ухандаги пандемия ҳолати ҳақида турли саволларни кўтариб чиқувчи диссидентларни қўрқитиш учун қўлламоқчи», дейди «Хитой инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари» нодавлат ташкилотининг тадқиқотчи ва ҳуқуқбони Лео Лан.

Чжан Ухандан туриб мухбирлик қилган тўрт нафар судланувчининг биринчисидир.

AFP қолган уч киши – Чэнь Цюши, Фан Бинь ва Ли Цзехуа билан алоқага чиқа олмаган.

Ҳақиқатни шубҳа остига олиш

Пекин эпидемия тарқаганидан бери вирус келиб чиққан жойни шубҳа остига олишга уринди.

Масалан, «People's Daily» ҳукумат нашри ноябр ойи бошларида Facebook тармоғида «барча мавжуд далиллар коронавирус Хитой марказидаги Ухань шаҳрида чиқмаганини кўрсатмоқда», деб ёзган.

Шунингдек, ноябр ойида ҳам Пекин COVID-19 коронавируси Италияда 2019 йил сентябрдаёқ мавжуд бўлгани ҳақида Италия журналида чиққан тадқиқотни чоп этишга шошилган ва тадқиқот хулосасидаги муҳим далилларни олиб ташлаб, эпидемия келиб чиқишини гумон остига қўювчи юзаки илмий манбаларни қўллаган эди.

Аслида эса ҳамма далиллар инқирознинг келиб чиқиши манбаи сифатида Хитойнинг Ухань шаҳрига ишора қилади.

2020 бошларида Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар ва Ухандаги вируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйиб, эпидемияга оид далилларни қасддан яшириш ёки йўқотишга уриндилар.

Инқироз бошланганидан бери ва Пекин фитна назарияларини тарғиб қилиш орқали коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини вирус ҳақидаги дезинформация билан тўлдиришга ҳаракат қилди..

Хитой режими Касалликнинг тарқалиши ва инқироздаги айбини яшираётганига қарамай, COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг уриб келмоқда.

Хитой миллий музейида «Куч бирдамлиги» деб номланган янги кўргазманинг очилиши бўлди. Унда инқирозга қарши курашда эришилган муваффақиятларни мадҳ этувчи расмлар, ҳайкаллар ва хаттотлик намуналари намойиш этилган.

Бошқа мамлакатлар Хитойдан чиқиб, бутун дунёга тарқаган COVID-19 карантини билан боғлиқ чекловлардан азият чекаётган бир вақтда, Пекин мамлакатда коронавирус хавфи енгилганини кўрсатишга уринмоқда. Мамлакатлар бу каби ахборот кампанияларини ҳайрат билан кузатмоқдалар.

Шу билан бирга, Хитой пандемия даврида ўзининг юмшоқ куч сиёсатини кучайтиришга уриниб, «вакцина дипломатиясини» қўллаган ҳолда ўз вакцинасини ривожланаётган давлатлар билан бўлишишга ваъда берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500