Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Африкадаги экспансияси хавотирга сабаб бўлмоқда

Карвонсарой ва AFP

Марказий Африка Республикаси президенти Фостен Арканж Туадернинг шахсий тансоқчиларидан бири, Беренго, 2018 йил 4 август. (Қўриқчилар жамоаси Россиянинг хусусий қўриқлаш компанияси ходимларидан ташкил топган.) Россиялик ҳарбий маслаҳатчилар МАР ҳарбийлари ва ички хавфсизлик кучлари учун машғулотлар ўтиб, у ерга қурол-яроғ етказиб берганлар. [FLORENT VERGNES / AFP]

Марказий Африка Республикаси президенти Фостен Арканж Туадернинг шахсий тансоқчиларидан бири, Беренго, 2018 йил 4 август. (Қўриқчилар жамоаси Россиянинг хусусий қўриқлаш компанияси ходимларидан ташкил топган.) Россиялик ҳарбий маслаҳатчилар МАР ҳарбийлари ва ички хавфсизлик кучлари учун машғулотлар ўтиб, у ерга қурол-яроғ етказиб берганлар. [FLORENT VERGNES / AFP]

Сўнгги бир неча йил ичида Россия қўшинлари ва ёлланма аскарлари Африкага кириб келмоқда, ўнлаб мамлакатлар билан стратегик ҳарбий ҳамкорлик шартномаларини имзолаётган Кремл эса ўз геосиёсий таъсирини кенгайтириш учун можароларга аралашиб, минтақавий таҳлилчиларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Россиянинг беқарор Марказий Африка Республикасида кучайиб бораётган таъсири ўтган ҳафта эътибор марказига тушган. Исёнчиларнинг якшанба (27декабр) кунги парламент ва президент сайловларини барбод қилиш таҳдидидан сўнг, Москва у ерга 300 нафар ҳарбий инструкторларини юборган.

Кремл, шунингдек, мамлакатга қурол-яроғ жўнатиб, легитимлик билан боғлиқ муаммоли сайловларда иккинчи муддатга ғалаба қозонишни кўзлаётган амалдаги президент Фостин Арканж Туадеруни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватламоқда.

Сайлов арафасида, октябр ойи ўрталарида пойтахт Банги кўчаларида Россия ва МАР байроғи илинган зирҳли машиналар патрул назоратини олиб борган.

Россия президенти Владимир Путин (ўртада) 2019 йил 24 октябр куни Сочидаги «Сириус» фан ва санъат паркида Россия-Африка саммитида иштирок этаётган давлатлар раҳбарлари билан суратга тушишга ҳозирланмоқда. [Сергей Чириков / POOL / AFP]

Россия президенти Владимир Путин (ўртада) 2019 йил 24 октябр куни Сочидаги «Сириус» фан ва санъат паркида Россия-Африка саммитида иштирок этаётган давлатлар раҳбарлари билан суратга тушишга ҳозирланмоқда. [Сергей Чириков / POOL / AFP]

2019 йил 24 октябр куни Сочидаги Қора денгиз курортида Россия-Африка саммити ва иқтисодий форуми доирасида ўтказилган «Россия-Африка иқтисодий форуми» кўргазмаси чоғида Калашников автоматини кўздан кечираётган ташрифчи. [Сергей Чириков / POOL / AFP]

2019 йил 24 октябр куни Сочидаги Қора денгиз курортида Россия-Африка саммити ва иқтисодий форуми доирасида ўтказилган «Россия-Африка иқтисодий форуми» кўргазмаси чоғида Калашников автоматини кўздан кечираётган ташрифчи. [Сергей Чириков / POOL / AFP]

Яқинда Туадера ҳукумати Россия билан ҳарбий ҳамкорликка оид битимни имзолаган, ўтган йили эса Москва мамлакатда ўз ҳарбий идорасини очиб, уни бошқариш учун тўрт генералини юборган эди.

Аввалги сафларда – Вагнер ёлланма аскарлари

Москва ўз компанияларига мамлакатнинг фойдали қазилмалари, хусусан, олтин ва олмос конларини тадқиқ қилиш учун берилган имтиёзлар эвазига 2018 йилдан бери МАРда дипломатик ва молиявий юришни амалга оширмоқда.

Фойдали қазилмаларни қазиб олишга оид концессиялар Россия президенти Владимир Путинга яқин одамлардан бири, «Вагнер» гуруҳи ХҲКнинг бош молиячиси Евгений Пригожин билан боғлиқ компанияларга тақдим этилган.

Вагнер гуруҳи Россия президенти Владимир Путиннинг геосиёсий режаларини, Кремлнинг манфаатларини илгари сурувчи ва ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида гибрид урушларини олиб борувчи хусусий ҳарбий компаниядир.

Таҳлилчилар, дипломатлар ва нодавлат ташкилотларга кўра, Вагнер ёлланма аскарлари бутун МАР бўйлаб жойлаштирилган.

Вагнернинг МАРдаги иштирокини ўрганаётган уч нафар россиялик журналист 2018 йил июл ойида ўлдирилган. Уларнинг ўлими бўйича тергов деярли тўхтаб қолган.

Камида 175 нафар россиялик «ҳарбий инструктор» мамлакат ҳарбийларини ўқитиш ва Туадеранинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2018 йилдан бери МАРда бўлиб турибди.

Аммо бир ҳафта олдин, учта асосий исёнчи гуруҳ пойтахти Бангига ҳужум билан таҳдид қилиши ва ҳукуматнинг буни давлат тўнтаришига уриниш деб баҳолаши ортидан, Москва мунтазам армияга дастак ўлароқ мамлакатга камида 300 нафар ҳарбий инструктор билан улкан «Антонов» кемасини юборди.

Москва аввалига бу хабарларни рад этган бўлса-да, кейинроқ қўшин жўнатганини тан олди.

Гувоҳлар ва нодавлат ташкилотларнинг хабар беришича, бу «йўриқчилар» исёнчиларга қарши жангларда бевосита иштирок этган.

Диктатураларни дастаклаш

Сўнгги олти йил ичида Кремл Африканинг камида 21 давлати билан ҳарбий ҳамкорликка доир шартномалар имзолаган, деб ёзади Германиянинг Bild нашри 2 август куни Германия Федерал ташқи ишлар вазирлигининг махфий ҳисоботига таяниб.

2015 йилгача қитъада Москванинг фақат тўртта шу каби шартномаси бўлган.

Бу келишувларга биноан Кремлга «олти мамлакатда: МАР, Миср, Эритрея, Мадагаскар, Мозамбик ва Суданда ҳарбий базалар қуришга изн берилади», дейилади хабарда.

Ҳисоботга кўра, қитъанинг айрим диктаторлик режимлари билан ҳамкорлик қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш Россиянинг Африкадаги ҳарбий юришининг муҳим йўналиши ҳисобланади – Африкадаги диктатураларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун Кремлнинг ёлланма қўшинлари ҳам жалб қилиниши мумкин.

«Россия қуролли кучлари ва ёлланма аскарларининг имкониятлари уларни ўз халқига қарши қўллаши мумкин бўлган автократик режимлар учун жуда манфаатли», деб қўшимча қилинади ҳисоботда.

Тинчлик муаммоларини ўрганиш бўйича Стокголм халқаро институти маълумотларига кўра, Россия режими 2000 йилдан бери Африкага қурол-яроғ экспортини тўхтовсиз ошириб бормоқда ва ҳозирда қитъага йўналтирилган қурол экспортининг 49 фоизи Россия улушига тўғри келмоқда.

Жазоир, Миср, Судан ва Ангола асосий харидорлар ҳисобланади.

Стратегик имкониятлар

Шу ой бошида Россия режими Судан билан Қизил денгиз соҳилида денгиз базасини қуришга оид битим имзолади.

8 декабр куни Россия ҳукумати сайтида эълон қилинган битимга кўра, Порт-Суданда Москванинг «таъмирлаш ва таъминот операциялари» ўтказиладиган «моддий-техник кўмак марказини» ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

1 декабр куни имзоланган битим 25 йил давомида амал қилади ва томонлар эътироз билдирмаса, автоматик равишда яна 10 йил муддатга узайтирилади.

Ҳужжатда базанинг «минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш» мақсадига хизмат қилиши таъкидланган.

Келишув Кремлга Судан аэропортлари ва бандаргоҳлари орқали ҳарбий денгиз базаси фаолияти учун зарур бўлган «қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва ускуналар» ташиш имконини беради.

Ўтган йилнинг январ ойида Москва Суданда юзага келган сиёсий инқироз сабабли унинг ҳарбий маслаҳатчилари ҳукуматга содиқ кучлар сафида бўлганини тан олганди.

База жойлашган манзил тасодифий эмас – Порт-Суданни Саудия Арабистонидан Қизил денгиз ажратиб туради, Судан эса бошқа стратегик аҳамиятга эга давлатлар, жумладан МАР, Миср ва Ливия билан чегарадош.

Европа орқали Африкага

Шу йили аввалроқ мамлакат сиёсий инқироз билан юзма-юз келганида Россиянинг Суриядаги урушга аралашуви яхши ҳужжатлаштирилган эди.

Суриянинг оккупацияси натижасида Россия режими Яқин Шарқдаги қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлгач, Кремл улкан геосиёсий ва иқтисодий афзалликларга эга Ливияга эътибор қаратди, деган эди июн ойида Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг ходими бўлган олмаоталик сиёсий таҳлилчи Талгат Исмагамбетов.

Россия режими Ливиянинг нефт саноатида ўз улушига эга бўлишни истайди, бу билан у мўмай даромаддан ташқари, геосиёсий таъсир воситаларига ҳам эга бўлади, деди у.

«Ливияни назорат қилиш билан Путин Европадаги вазиятга таъсир ўтказиши – Италиянинг қарорларига таъсир қилиши ёки Германиянинг позициясини ўзгартириши мумкин – бошқача қилиб айтганда, у Ливия нефтидан фойдаланувчи мамлакатлардаги ҳолатга таъсир қила олади».

«Ливия Ўртаер денгизи марказида жойлашгани билан ҳам қулай, у ерда Россия ҳарбий-денгиз кучларини жойлаштириш мумкин», деди у.

«Агар Россия Ливия соҳилидаги мавқеларни қўлга киритса, кейинги мантиқий қадам – ушбу ҳудудга киришни доимий тўсиб туриш учун узоқ масофага ҳужум қила оладиган воситаларни жойлаштириш бўлади», деб айтган АҚШнинг Европа ва Африкадаги ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони, генерал Жефф Харригян.

«Бу воқеа юз берган тақдирда, Европанинг жанубий қанотида хавфсизлик билан боғлиқ реал муаммолар пайдо бўлади.»

Ёлланма жангчилардан фойдаланиш кўлами кенгайган

Сўнгги йилларда Ливия, МАР, Судан ва Суриядаги жанговар операциялардан ташқари, Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари бошқа турли жабҳалар ва сиёсий инқирозларда, жумладан Беларус, Мадагаскар, Украина ва Венесуэлада ҳам пайдо бўлган.

Ҳозирда «Вега» Россия-Украина хусусий ҳарбий компанияси борган сари кўпроқ эътиборга тушмоқда.

2019 йил март ойида очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда қуролли низоларни ўрганувчи россиялик мустақил блогерлар гуруҳи – Conflict Intelligence Team (CIT) «Вега» ёлланма аскарлари Вагнер гуруҳидаги ҳамкасблари қатори президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун Сурияда 2018 йилдан бери фаолият юритаётганини кўрсатувчи маълумотларни эълон қилди.

«Вега» аввалига хавфли ҳудудларда хусусий шахслар, шунингдек, турли компаниялар, банклар ва кемаларни қўриқлаш билан шуғулланган.

Аммо у сўнгги йилларда хавфсизлик соҳасидаги фаолиятини кенгайтириб, Россия режими номидан жангарилар тайёрлашни бошлаган.

«Вега» Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлайдиган Ҳалабдаги энг йирик жанговар тузилма – асосан фаластинлик жангарилардан таркиб топган «Лива ал-Қудс» (Қуддус бригадаси) номи билан машҳур кўнгилли аскарларни тайёрлаш билан машғул.

Вагнер гуруҳи каби ХҲКлар Москва расман шуғуллана олмайдиган разведка ва ҳарбий топшириқларни бажаради, дейди бишкеклик сиёсатшунос ва халқаро алоқалар бўйича мутахассис Эдил Осмонбетов.

«Булар халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган мунтазам қуролли кучлар эмас, уларни мувофиқлаштирувчи давлатлар эса ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб бермайди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия каби мамлакат манфаатлари – фуқароларининг шахсий иши. Россиядек буюк давлатнинг ички ишлари ва Россия фуқароларининг даромадлари билан Қозоғистон фуқаросининг нима иши бор? Нима ҳақда гапираётганингизни яхши англашингиз керак.

Жавоб бериш

Қизиқ, америкослар бутун дунёда бузғунчилик қилса, бу нормал ҳолат экан

Жавоб бериш

Россия халқи ой сайин қашшоқлашиб бормоқда, улар эса Африкага пул сарфлашяпти.

Жавоб бериш