Карвонсарой
Саломатлик

АҚШнинг Қирғизистонга ёрдами билан ойлик COVID-19 тестлари сони 80 мингга оширилади

Карвонсарой

Бишкекдаги Республика (Миллий) қон қуйиш маркази лаборанти Жилдиз Турдалиева 14 август куни зардоб олувчи мослама ёрдамида бемор қонида бруцеллёз инфекцияси бор-йўқлигини текширмоқда. Донорлардан олинган қон марказда тўлиқ лаборатория текширувидан ўтказилади. [Файл]

Бишкекдаги Республика (Миллий) қон қуйиш маркази лаборанти Жилдиз Турдалиева 14 август куни зардоб олувчи мослама ёрдамида бемор қонида бруцеллёз инфекцияси бор-йўқлигини текширмоқда. Донорлардан олинган қон марказда тўлиқ лаборатория текширувидан ўтказилади. [Файл]

БИШКЕК – АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) Қирғизистоннинг Бишкек, Норин, Ўш шаҳарлари ва Отбоши туманига умумий қиймати 652 минг доллар (53,9 миллион қирғиз сўми) бўлган лаборатория ускуналари ва ашёларини етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда душанба (28 декабр) куни Бишкекдаги АҚШ элчихонаси баёнот берган.

Ушбу ёрдам туфайли Қирғизистоннинг кунлик COVID-19 тест олиш имконияти 2700 тага ошиши кутилмоқда.

«Бу узоқ муддатни кўзловчи инвестициядир», дейди CDCнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари доктор Даниел Сингер. «Ҳадя қилинган ускуналар мамлакатга нафақат бугунги пандемияга, балки келажакда бошқа юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашишда ҳам ёрдам беради».

Қирғизистонга етказиб бериладиган жиҳозлар 10 дона ПЦР ускунасини ўз ичига олган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 300 минг доллардан (24,8 миллион қирғиз сўми) ошади. Бу ускуналар мамлакатнинг COVID-19 тести олиш имкониятларини сезиларли даражада ошириб, турли ишлаб чиқарувчиларнинг кенг турдаги синов тизимларини қўллай олади.

Хайрия ёрдами Қирғизистонга COVID-19га қарши курашишда ёрдам бериш учун CDC томонидан ваъда қилинган 1,38 миллион долларлик (114,1 миллион қирғиз сўми) ёрдамнинг бир қисми ҳисобланади.

Миллионлаб ёрдам

Қўшма Штатлар ўзининг турли идоралари, жумладан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, CDC ва АҚШ Давлат департаменти орқали умумий ҳисобда Қирғизистонга 5 миллион доллардан (413,6 миллион қирғиз сўми) ортиқ ёрдам ажратган.

Бу ёрдамлар кислород концентраторларидан тортиб, эпидемиологик таҳлилга оид дастурий таъминотни ўз ичига олади.

Минтақавий миқёсда АҚШ пандемия бошланганидан бери Марказий Осиё мамлакатлари соғлиқни сақлаш вазирликларига миллионлаб долларлик беғараз ёрдам тақдим этди. Тренинглар ташкил этиш ва техник ёрдам кўрсатиш шулар жумласидандир.

«Шошилинч жарроҳлик амалиётлари, лаборатория операциялари, юқумли касалликлар профилактикаси ва назорати, кириш жойларидаги скрининг, хавф-хатар ҳақида хабар бериш ва жамоатчиликни жалб қилиш, шунингдек касалликлар устидан эпидемиологик назорат» каби соҳалар қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳисобланади, дейилади элчихона хабарида.

Бу йил CDCнинг Марказий Осиё бўлими ўзининг 25 йиллигини нишонламоқда. Марказий Осиёдаги илк CDC идораси 1995 йилда Олмаотада очилган эди.

Бугунги кунда CDC ходимлари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда фаолият олиб бормоқда. Улар бу мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликларига ходимларни тайёрлаш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва COVID-19, инсон иммунитети танқислиги вируси (ОИВ), сил ва бошқа юқумли касалликлар эпидемияларига қарши курашишда кўмаклашиб келмоқда.

CDC, шунингдек техник ҳужжатларни тарқатиш учун уларни рус тилига таржима қилмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Катта раҳмат, Америка! Жуда керакли ёрдам бўлди.

Жавоб бериш