Карвонсарой
Иқтисодиёт

COVID-19дан даромад орттирган Хитой иқтисодиёти 2028 йилга бориб дунёнинг энг йирик иқтисодига айланиши кутилмоқда

Карвонсарой

Рождество арафасида Шанхайдаги савдо мажмуаси мажмуаси яқинида байрамга атаб ўрнатилган инсталляция олдида ниқобсиз селфига тушаётган одамлар, 2020 йилнинг 24 декабр куни олинган сурат. [STR / AFP]

Рождество арафасида Шанхайдаги савдо мажмуаси мажмуаси яқинида байрамга атаб ўрнатилган инсталляция олдида ниқобсиз селфига тушаётган одамлар, 2020 йилнинг 24 декабр куни олинган сурат. [STR / AFP]

Буюк Британиядаги иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази (CEBR) маълумотларига кўра, дунёнинг аксар иқтисодиётлари коронавирус пандемияси туфайли катта талафотлар кўрган бир пайтда, Хитой 2028 йилга бориб – аввал тахмин қилинганидан беш йил аввал – дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланиши кутилмоқда.

Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 2000 йилдаги 3,6 фоиздан жорий йил 17,8 фоизга кўтарилди. 2023 йилга бориб, мамлакат «юқори даромадли иқтисодиёт»га айланади, дейилади хабарда.

Бутун дунё пандемиянинг иқтисодий оқибатлари билан курашар экан, Хитойнинг жаҳон бозоридаги улуши технологик саноат ва шахсий ҳимоя воситалари савдоси ортидан тобора ўсиб бормоқда.

АҚШдаги Петерсон халқаро иқтисодиёт институти маълумотларига кўра, Хитой коронавирус пандемияси бошланишидан олдин ҳам шахсий ҳимоя воситалари экспорти бўйича етакчи эди, дунёдаги юз ниқоблари, халатлар ва ҳимоя кўзойнакларининг қарийб ярми Хитойда ишлаб чиқарилган.

Лянюнгандаги ниқоб ишлаб чиқарувчи корхона, 29 октябр, Хитой, Цзянсу вилояти. Хитой иқтисодиётининг ўсишига шахсий ҳимоя воситалари экспорти ҳам қисман таъсир қилган. [STR / AFP]

Лянюнгандаги ниқоб ишлаб чиқарувчи корхона, 29 октябр, Хитой, Цзянсу вилояти. Хитой иқтисодиётининг ўсишига шахсий ҳимоя воситалари экспорти ҳам қисман таъсир қилган. [STR / AFP]

Октябр ойи охирида шахсий ҳимоя воситаларининг энг йирик глобал дистрибютори бўлган Пекиндаги LyncMed компанияси асосчиси ва бош директори Пол Ванг АҚШ жамоат телерадиоэшиттириш хизматига компаниянинг савдо ҳажми бир йил олдинги кўрсаткичдан 10 баравар кўп эканлигини айтган.

«Ёзда кўп жойларда вируз бироз сусайгани сабабли савдо ҳажми пасайди, энди эса буюртмалар шиддат билан келмоқда», деди у.

Хитой шахсий ҳимоя воситалари савдосидан фойда кўрмоқда, бунинг ортидан мамлакат иқтисодиёти мисли кўрилмаган тезликда мустаҳкамланмоқда. Ноябр ойида унинг экспорт ҳажми охирги уч йил ичидаги энг тез суръатларда ўсиб, савдо балансида рекорд даражадага ижобий сальдога эришди.

Ноябр ойида Хитойнинг ялпи экспорт ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 21,1 фоизга ўсган ва бу 2018 йил февралидан бери энг тез ўсиш бўлган. Таҳлилчилар ўсиш 12 фоиз атрофида бўлишини башорат қилган эдилар, октябр ойидаги рақамлар бу тахминлардан 11,4 фоизга илгарилаб кетган, деб хабар беради 6 декабр куни Рейтер агентлиги Хитой божхона хизмати маълумотларига таяниб.

Фойдани деб инсон ҳуқуқларини бузиш

2028 йилга келиб, Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланади, лекин ниманинг эвазига?

Пандемиядан фойда кўришни мақсад қилган Хитой тақчиллик ўрнини тўлдириш учун шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга зўр берди. Йилнинг биринчи ярмида 73 мингдан ортиқ, жумладан, апрель ойининг ўзида нархлар ва талабнинг ортиши туфайли 36 мингта компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Бу каби чоралар доирасида Хитой ҳукумати Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликни ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурлаган. Бу ҳақда New York Times нашри видеолавҳа тайёрлаган бўлиб, унда юзлаб видеотасвирлар, фотосуратлар ва расмий ҳужжатлар далил ўлароқ келтирилган.

Мақолада ёзилишича, пандемиядан олдин Шинжонда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи 4 та корхона бўлган, 30 июнь ҳолатига уларнинг сони 51 тага етган ва шулардан камида 17 таси асосан мусулмон озчиликка мансуб ишчилар меҳнатидан фойдаланган.

«Таймс» нашрининг видеолавҳасида уйғурлар учун ажратилган заводдаги тураржой биноларининг сунъий йўлдошдан олинган суратлари акс этган. Нашрга кўра, уйғур ишчилари муассаса ичида ҳар ҳафта мафкуравий дарслар, шунингдек, хитой тили курсларига қатнашга мажбур.

Мухбирлардан бирининг айтишича, бу заводлар ишчилари «ўз ихтиёри билан меҳнат қилаётгани йўқ». Пекин уларга нисбатан мажбурий чоралар қўлламоқда – халқаро қонунчиликка кўра, бу мажбурий меҳнатнинг бир тури ҳисобланади.

Июл ойида Хитой корхоналарида мусулмонларга нисбатан ноқонуний муносабат ҳақидаги хабарлар ортидан Буюк Британия ҳукумати Шинжон минтақасидаги этник ва диний озчиликлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларга нисбатан «ўта хавотирли» муносабати учун Хитой режимини «инсон ҳуқуқларини номақбул ва қўпол тарзда бузишда» айблаб чиққан.

20 июл куни АҚШ Савдо вазирлиги уйғурларининг инсон ҳуқуқларини поймол қилишга алоқадор 11 Хитой корхонасини қора рўйхатга киритиб, уларга Америка маҳсулотларидан фойдаланишни тақиқлади.

Хитой расмийларининг иддаосича, Шинжонда ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ бандлик дастури «маҳаллий аҳолига камбағалликни енгиб, тўкис ҳаёт кечиришига» ёрдам берадиган «ишчилар алмашинуви дастури» доирасида амалга оширилмоқда.

Аслида эса бу Пекиннинг сўнгги бир неча йил ичида бир миллиондан ортиқ мусулмон, жумладан этник қозоқ ва қирғизларни қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштириш ва сўнгра уларни озодликка чиқаришга оид саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.

«Ишчилар алмашинуви дастури» Пекиннинг бошқа бир дастурига ўхшаш.

Вирус қаердан келиб чиққанини яширишга уринишлар

Пекин эпидемия тарқаганидан бери вирус келиб чиққан жойни шубҳа остига олишга уриниб келди.

Масалан, «People's Daily» ҳукумат нашри ноябр ойи бошларида Facebook тармоғида «барча мавжуд далиллар коронавирус Хитой марказидаги Ухан шаҳридан чиқмаганини кўрсатмоқда», деб ёзган.

Шунингдек, ноябр ойида ҳам Пекин COVID-19 коронавируси Италияда 2019 йил сентябрдаёқ мавжуд бўлгани ҳақида Италия журналида чиққан тадқиқотни чоп этишга шошилган ва тадқиқот хулосасидаги муҳим далилларни олиб ташлаб, эпидемия келиб чиқишини гумон остига қўювчи юзаки илмий манбаларни қўллаган эди.

Аслида эса барча далиллар Хитойнинг Ухан шаҳри халқаро инқироз манбаи эканлигини кўрсатмоқда.

2020 йил бошларида Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар ва Ухандаги вируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйиб, эпидемияга оид далилларни қасддан яшириш ёки йўқотишга уриндилар.

Инқироз бошланганидан бери Пекин фитна назарияларини тарғиб қилиш орқали коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини вирус ҳақидаги дезинформация билан тўлдиришга ҳаракат қилди.

Хитой режими касалликнинг тарқалиши ва инқироздаги айбини яшираётганига қарамай, COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг уриб келмоқда.

Август ойида Хитой миллий музейида «Куч бирдамлиги» деб номланган янги кўргазма очилган бўлиб, унда режимнинг «инқирозга қарши курашда эришган муваффақиятларини» мадҳ этувчи расмлар, ҳайкаллар ва хаттотлик ишлари намойиш этилган.

Хитой ОАВ мамлакатда коронавирус хавфи ортда қолганини кўрсатишга уринмоқда дунё мамлакатлари эса Хитойдан чиқиб, бутун дунёга тарқаган COVID-19 карантини билан боғлиқ чекловлардан азият чекаётган бир вақтда, бу каби ахборот кампанияларини ҳайрат билан кузатмоқдалар.

Хитой шунингдек, пандемия даврида юмшоқ куч сиёсатини кенгайтиришга уринди «вакцина дипломатиясини» қўллаб, ривожланаётган давлатлар билан ўз вакцинасини бўлишишга ваъда берди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла! Хитойликлар буюк халқ

Жавоб бериш