Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) Теҳроннинг Имом Хумайний халқаро аэропортидан Киевга йўл олган Украина йўловчи самолётини уриб туширганидан сўнг бир йил ўтиб ҳам, Эрон раҳбарияти бу фожиа учун ҳеч кимни жавобгарликка тортгани йўқ.
2020 йилнинг 8 январ куни Теҳрондан Киев томон йўл олган 752-рейс билан учаётган «Украина халқаро авиалиниялари»га қарашли самолёт ИИПК томонидан учирилган «ер-ҳаво» ракетаси билан уриб туширилган эди. Оқибатда самолётда бўлган 176 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Ҳалокат қурбонлари орасида 82 нафар эронлик, 50 дан ортиқ Эрон-канадаликлар ва 11 нафар украинaлик, шунингдек, Швеция, Буюк Британия, Афғонистон ва Германия фуқаролари бор эди.
Теҳрон ИИПК «Ал-Қудс» кучлари қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун Ироқдаги АҚШ қўшинларига қарата ракеталар учирганидан бир неча соат ўтиб, Украина самолёти ҳалокатга учраган.
Авиалайнер «ер-ҳаво» ракетаси билан уриб туширилганига ишора қилувчи видео ва билвосита далилларга қарамай, Теҳрон 752-рейс билан учаётган самолёт ҳалокатига ракета ҳужуми сабаб бўлганини бир неча кун давомида рад этиб келди.
Ниҳоят, 11 январ куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳақиқатни – самолётни ИИПК уриб туширганини тан олди.
Бу иқрор ва ҳақиқатни яширишга уриниш Эронда бир неча кунлик аксилҳукумат намойишларини келтириб чиқарган.
Ўн минглаб эронликликлар мамлакат олий руҳонийси Ҳоманаийга қарата «Диктаторга ўлим», «ёлғончиларга ўлим» деган ҳайқириқлар ва ҳукуматга қарши бошқа шиорлар билан намойишга чиқишган.
Талабалардан иборат айрим намойишчилар ИИПКни «лаёқатсиз» ва «халқ учун шармандали» деб атаганлар.
Бу воқеадан сўнг ўтган бир неча ой ичида Эрон расмийлари халқаро терговчилар билан ҳамкорликни тўхтатди ва энди яқинларини йўқотиб, ҳукуматдан жавоб талаб қилаётган эронлик-канадалик оилаларни танқид остига олмоқда.
Жавобсиз қолаётган саволлар
«Бу мудҳиш ҳодисанинг кўпгина муҳим тафсилотлари номаълумлигича қолмоқда», дейилади 15 декабр куни Канадада эълон қилинган мустақил ҳисоботда. Унда фожиа юз берган кечада нима учун Эрон ҳаво ҳудуди очиқ қолгани сўроққа тутилган.
«Эрон бунинг учун жавобгар, чунки у энг камида (хавфсизлик, жиноий ёки бошқа томондан) чинакам мустақил, холис ва шаффоф тергов ўтказмаган», дейилади бош вазир Жастин Трюдо ҳукуматининг собиқ вазирларидан бири, фожеа бўйича ҳукумат махсус маслаҳатчиси Ральф Гудейл ўз ҳисоботида.
«Бу ишни ҳолат учун жавобгар томоннинг ўзи тергов қилмоқда, бу жараён асосан яширин тарзда олиб бориляпти. Бу ишончни оширмайди», дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботга кўра, «ҳарбийлар томонидан уриб тушириш ҳолатида, фожеага сабабчи ҳукумат (яъни Эрон) манфаатлар зиддияти мавжуд эканига қарамай, мустақиллик, холислик ёки қонунийлик тарафдан жуда кам кафолатлар билан хавфсизликка оид терговни тўлиқ назорат қилади, деганидир».
Ноябрь ойи бошида Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ICAO) Эронни «фожеани тергов қилишни тезлаштиришга» ва ҳалокат бўйича сўнгги хулосаларни эълон қилишга чақирди.
Ҳодиса кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда, дейди АҚШдаги эронлик журналист Шаҳин Муҳаммадий.
Яқинда Теҳрондаги ҳарбий суд Эрондаги фалокат қурбонларининг яқинларини компенсация олишга кўндириш ва ҳалокат сабабларини чуқурроқ ўрганишдан қайтариш учун мазкур иш бўйича эшитувлар ўтказган.
Рисоладаги тергов ИИПК расмийларини судга келишини ва нима сабабдан ҳалокат юз берганини, қўмондонлик занжиридаги хатоликларни, нима сабабдан ҳақиқатни кечикиб ошкор қилинганини тушунтириб беришни талаб қилар эди. Гуруҳ бунга тайёр эмас, деди Муҳаммадий.
Юқори лавозими мансабдорларни ҳимоя қилиш
ИИПКга алоқадор «Фарс» ахборот агентлиги ўшанда барча қуролли кучлар бош қўмондони бўлган Ҳоманаий фалокат ҳақида уч кундан сўнг хабардор қилинганини айтган.
«Бундан биргина мақсад кўзланган: ИИПК ва бошқа расмийларни танқиддан ҳимоя қилиш», деб айтган шахсини очиқлашни истамаган эронлик собиқ ҳарбий денгиз кучлари таҳлилчиси.
Режим ҳалокат тафсилотларини яшириш билан ўз малакаси ва профессионаллигини кўрсатишга уринмоқда.
«Акс ҳолда улар қўмондонлик занжирининг қаерида узилиш бўлган ёки қайси фуқаровий мутасаддига ахборот берилган, деган ноқулай саволларга жавоб бериши керак бўлади.»
Ракета батареяси операторлари қандай тайёргарликдан ўтгани ҳам жавобсиз қолаётган саволлардан биридир.
Эрон ҳукуматининг терговига кўра, ракета учирилишидан аввал ракета батареяси операторлари қўмондонлар билан алоқада бўлишмаган.
«Хатолик юз берган ва бунинг учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммамга оламан. Хабар етиб келганида ўлишни орзу қилган эдим. Жазо сифатида қандай қарор қабул қилинса, розиман», деди ИИПКнинг аэрофазовий кучларини бошқарган бригада генерали Амир Али Ҳожизода 11 январ куни.
Ҳалигача ўз лавозимида қолаётган Ҳожизода ўзи тан олган хато учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган кўринади.
ИИПК кучлари ўша тунда жанговар шай ҳолатда бўлишган, «ҳаво ҳудудини йўловчи самолётларидан тозалаш ҳақида такрор-такрор билдирилган талаблар айрим сабабларга кўра қабул қилинмаган», деди у сабабларга аниқлик киритмай.
Жараённи чўзиш
Эрон расмийлари жавобгарликни тан олганига қарамай, Украина, Канада ва Франция мутахассислари иштирокида ўтказилган ва самолётнинг ёзув қурилмаси дешифровка қилинган ва ўқилган тергов жараёнини чўзиб юборишган.
Канадалик расмийларга кўра, ҳозирга қадар Эрон расмийлари самолётга ракета келиб урилишидан аввалги 25 сониялик ёзувдан фақат 19 сониясини тақдим этган.
Худди шунингдек, украиналик расмийлар ҳам Эрон билан олиб борилган музокаралар 24 декабрдан бери Теҳрон Киев билан октябрда ўтказилган икки томонлама музокараларда ваъда қилинган ҳужжатлар ва далилларни тақдим этмагани сабабли тўхтаб қолганини айтганлар.
22 декабр куни Эроннинг «Тасним» ахборот агентлигининг хабар қилишича, Эрон терговчилари фуқаролари ҳалокатга учраган бошқа давлатлар вакилларига уриб туширилган самолёт ҳақида техник ҳисобот беришган.
Аммо Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба буни рад этиб, Киев ҳали ҳисоботни олмаганини айтди.
Репарацияларни тўлашга рози бўлган Эрон, шунингдек, авиаҳалокат қурбонларининг яқинларига товон пули тўлаш учун келаси йилги бюджетга 200 миллион евро киритиш тўғрисидаги таклифини ҳам қайтариб олди, деди 9 декабр куни Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евген Енин.
Унга кўра, Эрон томони билан компенсация бўйича музокаралар ҳали бошланмаган.