Карвонсарой
Терроризм

Cурия жамлоқларидаги тожикистонлик аёллар ва болалар ватанига қайтарилади

Неъматулло Мирсаидов

Тожикистон Суриядаги Ал-Ҳол и Рож қочқинлар лагерларида бўлиб турган фуқароларини ватанига қайтаришни режаламоқда. 2020 йилнинг декабр ойида Ал-Ҳол жамлоғига ташриф чоғида Қувайтдаги Тожикистон элчихонаси ходимлари томонидан олинган сурат.

Тожикистон Суриядаги Ал-Ҳол и Рож қочқинлар лагерларида бўлиб турган фуқароларини ватанига қайтаришни режаламоқда. 2020 йилнинг декабр ойида Ал-Ҳол жамлоғига ташриф чоғида Қувайтдаги Тожикистон элчихонаси ходимлари томонидан олинган сурат.

ДУШАНБЕ – Тожикистон дипломатлари ва расмийлари «Ислом давлати»га (ИД) мансуб хорижлик жангариларнинг 800га яқин оила аъзоларини Суриянинг ал-Ҳасака вилоятида жойлашган курдлар назоратидаги икки жамлоқдан ватанига қайтариш устида ишламоқда.

Тожикистон ҳукуматига кўра, саҳродаги улкан «Ал-Ҳол» ва «Рож» жамлоқларида 800 нафарга тожикистонлик бўлиб, уларнинг аксарияти аёллар ва ёш болалардир.

Тожикистон ТИВ вакилининг айтишича, уларни ватанига қайтариш билан Тожикистоннинг Қувайтдаги элчихонаси шуғулланмоқда.

Декабр ойи бошида Тожикистоннинг Кувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода Сурия режими расмийлари ва бу икки жамлоқда фаолият олиб бораётган Сурия Араб Қизил ярим ой жамияти вакиллари билан музокара ўтказиш учун Дамашққа борди, деб хабар беради вазирлик.

Тожикистоннинг Спитамен туманидаги Тағояк қишлоғи, 20 декабр кунги сурат. 2012 йилда Афғонистон ҳукуматига қарши жанг қилиш учун бу қишлоқни бир нечта оила тарк этган. Айрим жангарилар ҳалок бўлишган, айримлари ҳали ҳам Афғонистон қамоқхоналарида, бедарак кетганлар ҳам бор. [Неъматулло Мирсаидов]

Тожикистоннинг Спитамен туманидаги Тағояк қишлоғи, 20 декабр кунги сурат. 2012 йилда Афғонистон ҳукуматига қарши жанг қилиш учун бу қишлоқни бир нечта оила тарк этган. Айрим жангарилар ҳалок бўлишган, айримлари ҳали ҳам Афғонистон қамоқхоналарида, бедарак кетганлар ҳам бор. [Неъматулло Мирсаидов]

22 декабр кунги сурат: Оқила Ўроқова, қизи Ҳалима (ўнгда) ва жиянларидан бири билан, Спитамен тумани Тағояк қишлоғидаги қайнонасининг уйида. [Неъматулло Мирсаидов]

22 декабр кунги сурат: Оқила Ўроқова, қизи Ҳалима (ўнгда) ва жиянларидан бири билан, Спитамен тумани Тағояк қишлоғидаги қайнонасининг уйида. [Неъматулло Мирсаидов]

Бу жамлоқлар Курд мухторияти раҳбарияти томонидан назорат қилинади.

Халқаро коалиция қўлловидаги Сурия демократик кучлари (СДК) – маъмуриятнинг ҳарбий қаноти – 2019 йил март ойида ИДни Суриядаги сўнгги истеҳкомидан қувиб чиқарган.

«Биз Ал-Ҳол ва Рож жамлоқларида бўлдик ва Курд кучлари вакиллари билан бевосита музокаралар ўтказдик», деди Зубайдзода Карвонсарой билан онлайн суҳбатда.

«Давомли музокаралардан сўнг, биз фарзандлари билан ватанига қайтишга тайёр бўлган 200 дан ортиқ тожикистонлик фуқаронинг рўйхатини тузишга муваффақ бўлдик», деди у.

«Гуманитар инқироз»

Тожикистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) маълумотларига кўра, биргина Ал-Ҳол жамлоғининг ўзида 600 га яқин тожикистонлик аёллар ва болалар бор, бошқа жамлоқларда эса 200 нафар тожик фуқароси бўлиши мумкин.

Зубайдзоданинг айтишича, «Ал-Ҳол»даги шароитларни гуманитар инқирозга яқин дейиш мумкин. Жамлоқдагилар озиқ-овқат, сув, дори-дармонлар танқислиги ҳамда болалар ўлимининг кўплигидан шикоят қилмоқда.

«Ёмғир ёғса, ҳаммаёқ лой ва кўлмакка тўлади, атрофда эса антисанитар шароитлар», дейди у. «Биз ўз фуқароларимизни бу офатдан қутқариш учун барча воситаларни ишга соламиз. Бу ишни уддалай олишимизга аминмиз.»

Вазирликдаги манбанинг хабар беришича, делегациянинг Сурияга сафари олдидан ИИВ фақат «Ал-Ҳол»даги вазият тўғрисида аниқ маълумотга эга эди, ҳозир эса «бошқа жамлоқлардаги вазият ҳам ойдинлашмоқда».

«Сурия жамлоқларидаги тожикистонлик аёллар ва болалар сони ҳали аниқ эмас», дейди мавзуга оид кўплаб мақолалар чоп этган Озод Европа/Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбири Мўмин Аҳмадий.

«Тожикистон расмийлари фақат курдлар назорати остидаги жамлоқлар ҳақида маълумотга эга», дейди у. «Туркия билан чегарадош Идлиб вилоятидаги қочқинлар лагерларида тожикистонликларнинг бор-йўқлиги номаълум». Ҳалаб вилоятидаги турк қўшинлари ва Сурия озодлик армияси томонидан назорат қилинадиган Африн ҳудудида тожикларнинг бор-йўқлиги тўғрисида ҳам ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

Сурия режими назоратидан чиқиб кетган Идлибда «Таҳрир аш-Шом» иттифоқи ва бошқа мухолифат гуруҳлар ҳукмронлик қилмоқда. Бу ҳудудда Сурия режими ва Россия кучлари жанговар ҳаракатлар олиб бормоқда.

ИД тарафдорлари кетишни истамаяти

Репатриация ишлари бошланар экан, Сурия жамлоқларидаги аёллар уйига қайтишни истаётган бўлса-да, улар орасида гуруҳнинг ҳалокатини тан олишдан ва ватанига қайтишдан бош тортаётган ИДнинг қатъий тарафдорлари ҳам бор.

Бу аёллардан баъзилари ўзбошимчалик билан «ҳисба» («исломий полиция») номли огоҳлик гуруҳларини тузиб, улар орқали жамлоқлардаги бошқа аёлларнинг ИД ва унинг экстремистик мафкурасига содиқ қолиши учун уларга босим ўтказган.

Айтишларича, ИД тарафдорлари сафини бузмоқчи бўлган аёллар ҳужумга учраган – айрим ҳолларда улар ҳатто ўлдирилган, чодирлари эса ёқиб юборилган.

Мўмин Аҳмадийнинг айтишича, Ал-Ҳол ва Рождаги аёллар бамисоли икки гуруҳга бўлинган, бири ҳали-ҳамон ИДни қўллаб-қувватлайди, иккинчиси эса бунинг акси. Бу икки гуруҳ тез-тез низолашиб туради.

«Айрим тожик аёллари тунисликман деса, ўзбекистонлик аёллар ўзини уйғур деб кўрсатади», деди Аҳмадий.

«Шахсан ўзим ўнлаб тожик аёллари билан суҳбатлашдим, улар ИДнинг парчалангани вақтинча деб ўйлайдилар», деди у.

«Эҳтимол, бу ИДнинг Идлибда ҳамон фаол бўлиб тургани билан боғлиқдир», деб қўшимча қилди у. «Уларнинг аксари жамлоқдан қочиб, Идлибдаги иттифоқдошлари сафига қўшилишдан умидвор.»

Давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбурияти

Марказий Осиё давлатларидаги сиёсатчилар, дипломатлар, таҳлилчилар ва диний уламолар фуқароларнинг ўз ватанига қайтарилиши тарафдори. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон айни муаммо устида иш олиб бормоқда.

Репатриация жараёни янги коронавирус (COVID-19) пандемияси сабабли секинлашган эди, аммо вазиятнинг барқарорлашуви билан минтақадаги барча мамлакатлар бу йўналишдаги чора-тадбирларни жадаллаштирди.

«Ислом мусулмонларни яхшилик, раҳм-шафқат, ҳамдардлик, раҳмдилликка чорлайди», дейди Хўжанддаги «Нури Ислом» масжиди имом-хатиби Азизулло Саломов Сурия жамлоқларидан қайтарилганлар ҳақида гапирар экан.

Сурияга кетганлар орасида «алданганлар, йўлдан адашганлар ва тавба қилганлар кўп», деди у. «Кечиримли ва меҳрибон бўлиш Қуръон ва пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (у кишига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин) ҳадисларида ҳам айтиб ўтилган.»

Тожикистон конституцияси давлатнинг фуқаролар олдида бурчини белгилаб қўйган, дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги исломшунослик маркази раҳбари ўринбосари Рустам Азизий.

Бундан ташқари, улар Тожикистон фуқаролари, деди у репатриация чораларини назарда тутиб. «Улар жиноят содир этганми-йўқми, давлат ўз бурчини бажармоқда.»

Афғонистондан қайтарилганлар

Тожикистон ҳукумати Суриядаги чоралар билан бир қаторда, Афғонистонда қолиб кетган аёллар ва ёш болаларни ҳам ватанига қайтарган.

2019 йилда Оқила Ўроқова, Нодира Усмонова, Шафоатхон Ҳомидова ва уларнинг фарзандлари Афғонистон шимолида аранг кун кечираётган эдилар.

Турмуш ўртоқлари экстремистлар таъсирига тушиб, афғон жангарилари сафига қўшилгач, бу аёллар уларнинг ортидан уруш исканжасидаги мамлакатга жўнаб кетган эди.

Афғонистон хавфсизлик кучлари уларнинг эрларини қўлга олган ва кейинчалик қамаган, аёллар эса ўзи ҳам қийин аҳволдаги маҳаллий аҳолининг қўлига қараб қолган.

Тожикистон ҳукумати аёлларнинг ота-оналарига Афғонистонга бориб қизлари ва уларнинг фарзандларини олиб келиш учун маблағ ажратган.

Ўроқова ва Ҳомидова 2019 йил январ ойида, Усмонова эса 2019 йил июн ойида Тожикистонга қайтиб келишган.

Уларнинг турмуш ўртоқлари ҳали ҳам қамоқда. Эсон-омон Тожикистонга қайтиб келган аёллар ва болалар чет давлатларда, қашшоқлик, очлик, бомба ва снарядлар портлаши остида кечирган йилларини қўрқинчли туш каби хотирлайдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500